Қуръони Каримда Нуҳ алайҳиссалом қиссаси (2)

0

Қуръони Каримда Нуҳ алайҳиссалом қиссаси

Аллоҳ таоло ўзининг азиз китоби – Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида Нуҳ алайҳиссалом қиссаси, қавмининг қилмишлари, Нуҳ алайҳиссаломга кофир бўлган кимсаларга туширган азоби – тўфонни ва қандай қилиб Нуҳ ва кема асҳобларига нажот берганини зикр қилган.  Аллоҳ таоло бу ҳақда Аъроф, Юнус, Ҳуд, Анбиё, Мўъминун, Шуаро, Анкабут, Соффат ва Иқтарабат (Қамар) сураларида баён қилди ва Нуҳ алайҳиссалом тўғрисида комил бир сура нозил қилди.

Аъроф сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қасамки,  Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас, у: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон Илоҳ йўқдир. Албатта, мен сизларнинг буюк кун (қиёмат кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман”, деди. (Шунда) унинг қавмидан (зодагон) одамлар: “Биз сенинг очиқ залолатда эканингни кўрмоқдамиз”, дейишди. У айтди: “Эй қавмим, мен мутлақо залолатда эмасман,  балки мен барча оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман!  Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва сизларга насиҳат қилурман ҳамда Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман. Сизларни (охират азобидан) огоҳлантириш учун ва тақводор бўлишингиз ҳамда (Аллоҳнинг) раҳматига эришишингиз учун сизларга Парвардигорингиздан бўлган эслатма (огоҳлантириш) ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида (яъни менинг зиммамда) келганидан ажабландингизми?” Бас, уни ёлғончи қилдилар.  Шунда Биз уни ва у билан бирга бўлган (унга иймон келтирган) зотларни кемада қутқардик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни ғарқ қилиб юбордик.  Чунки улар (кўнгиллари) кўр бўлган қавм эдилар”  [Аъроф: 59-64].

Юнус сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), уларга Нуҳ ҳақидаги хабарни тиловат қилинг. У қавмига (бундай) деган эди: “Эй қавмим, агар сизларга (орангизда узоқ йиллар яшаб) турганлигим ва Аллоҳ оятларини эслатишим оғирлик қилган бўлса, бас, мен Аллоҳнинг Ўзига суяндим — таваккул қилдим. Энди бутларингиз билан бирга билган ишларингизни қилаверинглар. Кейин қилаёттан ишларингиз ўзларингизга махфий бўлиб қолмасин (яъни бемалол, ошкор иш тутаверинглар, мен парво қилмайман). Сўнгра менга нисбатан (хоҳлаган) ҳукмингизни ижро этаверинглар ва менга муҳлат ҳам берманглар. Бас, агар (менинг қилган панд-насиҳатимдан) юз ўгирар экансизлар, мен сизлардан (унинг учун) бирор ажр-ҳақ сўраганим йўқ (яъни, менга ҳақ беришни истамаганликдан эмас, балки бадбахтликларинг туфайли юз ўгирмоқдасизлар). Мен ажр-савобни фақат Аллоҳдан (сўрайман). Ва мен Унга бўйинсунувчи – мусулмонлардан бўлишга амр этилганман”. Сўнгра уни (Нуҳни) ёлғончи қилишгач, Биз унга ва у билан кемада бирга бўлган кишиларга нажот бердик ва уларни (ғарқ бўлиб кетганларнинг ўрнига ерда) халифа килдик. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилдик. (Эй Муҳаммад), мана, (кофирликлари учун дўзах азоби билан) қўрқитилган кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!” [Юнус: 71-73].

Ҳуд сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Дарҳақиқат, Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. (У деди): “Албатта, мен сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз учун (келган) холис огоҳлантиргувчиман.  (Агар ёлғиз Аллоҳдан ўзгага сиғинсангизлар), сизларнинг устингизга аламли азоб куни (тушиши)дан қўрқаман”. Шунда унинг қавми орасидаги кофир бўлган кимсалар: “Бизлар сени худди ўзимизга ўхшаган одам, деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш (ялангоёқ) кимсалар ўйламасдан эргашганини кўрмоқдамиз. Бизнингча, сизларнинг биздан бирон ортиқчалик жойингиз йўқ,  балки биз сизларни ёлғончи деб ўйламоқдамиз”, дедилар. У деди: “Эй қавмим, айтинглар-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот менга ўз даргоҳидан раҳмат — пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, аммо бу сизларга махфий бўлса, биз сизларни ўзингиз истамаган ҳолда (иймон келтиришга) мажбур қиламизми?! (Йўқ,  ундай қилмаймиз, чунки фақат ўз ихтиёрларингиз билан келтирган иймонларингизгина мақбулдир). Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун мол-дунё сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. Ва мен (сизнинг сўзингизга кириб) иймон келтирган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам. Чунки улар Парвардигорга рўбарў бўлгувчидирлар (бас, агар камбағал бўлганлари учун уларни ҳузуримдан ҳайдасам, албатта, қиёмат кунида Парвардигорга устимдан шикоят қилурлар). Лекин мен сизларнинг нодон қавм эканингизни кўрмоқдаман”. 

“Эй қавмим, агар мен уларни ҳайдасам, ким менга Аллоҳдан (яъни,  Аллоҳнинг азобидан) ёрдам-нажот берур? Ўйлаб кўрмайсизларми?! Мен сизларга: “Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор”,  демайман.  Ғайбни (кўздан пинҳон нарса ва ҳодисаларни) ҳам билмайман. “Мен фариштаман”, ҳам демайман. Шунингдек, сизлар ўзингизча ҳақорат қилаётган кишилар ҳақида: “Аллоҳ уларга ҳеч қандай яхшилик бермайди”, деб айтмайман. Уларнинг дилларидаги нарсани (ихлос-иймонни) Аллоҳ жуда яхши билур. Акс ҳолда (яъни, агар улар тўғрисида юқоридаги сўзларни айтадиган бўлсам),  мен албатта золимлардан бўлиб қолурман”. 

Улар (кофирлар) дедилар: “Эй Нуҳ, мана биз билан кўп баҳсу мужодала қилдинг. Энди агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни, азобни) келтир-чи”. (Нуҳ) деди: “Уни сизларга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи хоҳлаган пайтида келтирур ва сизлар (ўшанда) ҳеч қаёққа қочиб қутула олмассиз. Агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса,  мен насиҳат қилишга уринганим билан насиҳатим сизларга фойда бермайди.  Парвардигорингиз Унинг ўзидир ва фақат Унинг ўзига қайтарилурсизлар”. 

Ёки улар (яъни Қурайш кофирлари): “Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммаднинг) ўзи тўқиб чиқарган”, дейдиларми? Айтинг, (эй Муҳаммад): “Агар уни мен тўқиб чиқарган бўлсам, гуноҳим ўз бўйнимда. Аммо мен сизларнинг қилаётган жиноятингиз — кофирлигингиздан покман”. 

Нуҳга ваҳий қилиндики: “Қавмингдан фақат аввалда иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди. Бас,  уларнинг (яъни, ҳануз иймон келтирмаган кимсаларнинг) қилмишларидан қайғурмагин ва Бизнинг ҳифзи-ҳимоямизда ва Бизнинг ваҳий таълимимиз билан бир кема ясагин ҳамда золим кимсалар ҳақида (яъни,  уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин.  Улар шак-шубҳасиз,  ғарқ қилингувчидирлар”.

У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар,  уни масхара қилиб кулдилар. У деди: “Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар, бас, худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар(нинг устингиз)дан кулурмиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилгувчи азоб келишини ва кимнинг устига мангу азоб тушишини билиб олажаксиз”. 

То Бизнинг фармонимиз келиб, ердан фавворалар отилган вақтда, (Нуҳга) дедик: “У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида Бизнинг сўзимиз (яъни,  ғарқ бўлиш ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса,  (уларни терс қилгин. Булар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!”.  Унга иймон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар. У деди:  “Кемага мининглар! Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим мағфиратли,  меҳрибондир”. 

Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан,  Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: “Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, у кофирлар билан бирга қолмагин!”. У (ўғли) деди: “Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман”.  (Нуҳ) айтди: “Бугун Аллоҳнинг амридан сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)”. (Шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да,  (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб қолди. (Сўнгра): “Эй ер, сувингни ютгил,  эй само, ўзингни тутгин (яъни, “ёғишни бас қил”), дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда: “Золим қавмга халокат бўлғай”, дейилди. Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб, деди: “Парвардигорим, албатта, ўғлим менинг аҳли оиламдандир ва шубҳасиз, Сенинг (аҳли оиламга нажот бериш хусусидаги) ваъданг ҳақ ваъдадир. Сен энг адолатли ҳукм қилгувчисан”.

 (Аллоҳ) айтди: “Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта у(нинг қилган амали куфр йўлини тутгани) ёмон амалдир. Бас, ўзинг яхши билмаган нарса ҳақида асло Мендан сўрамагин! Албатта, Мен сенга жоҳил-нодонлардан бўлмасликни буюраман”. У (Нуҳ) деди:  “Парвардигорим, мен Сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман! Энди агар мени мағфират қилиб, Ўз раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурман”. (Шунда) айтилди: “Эй Нуҳ, Бизнинг тинч, саломат сақлашимиз билан ва ўзингга ҳамда сен билан бирга бўлган кишиларнинг зурриётларига бўладиган баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин. (Яъни,  сен ва сенга иймон келтирган кишиларга Биз томондан тинчлик-омонлик ва файзу баракотлар етар). Яна бошқа (яъни, кофир) жамоатлар ҳам келурки, Биз уларни ҳам озгина фойдалантирурмиз, сўнгра эса уларни Биз томондан бўлган аламли азоб тутар”. 

  (Эй Муҳаммад), булар Биз сизга ваҳий қилган ғайб хабарларидандир.  Илгари буларни на сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас (ҳақ динга даъват қилишда кофирларнинг етказаётган озорларига) сабр қилинг. Албатта, оқибат — натижа Аллоҳдан қўрқувчи кишиларникидир” [Ҳуд:  25-49].

Анбиё сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Нуҳни (эсланг); Ўшанда, (мазкур пайғамбарларнинг давридан) илгари нидо қилганида Биз унинг (нидосини) мустажоб қилиб, ўзини ва аҳли-издошларини улуғ ғамдан қутқардик. Ва унга Бизнинг оятларимизни ёлғон деган қавмдан мадад –нажот бердик. Дарҳақиқат, улар ёмон қавм эдилар. Бас, Биз уларнинг барчасини ғарқ қилиб юбордик” [Анбиё:  76-77].

Мўъминун сурасида Аллоҳ таоло  шундай дейди: “(Қасамки), Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас у: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар!  Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми”,  деди. (Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: “Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. (Фақат) сизлардан устун бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ (пайғамбар юборишни) хоҳласа эди, фаришталарни туширган бўлур эди. Бизлар бу (Нуҳ айтаётган “Аллоҳ якка-ягонадир”,  деган сўз)ни аввалги ота-боболаримиздан эшитган эмасмиз. У (яъни Нуҳ) фақат бир ақлдан озган одамдир. Бас, унга бир (оз) вақтгача кўз тутинглар, (агар шу сўзидан қайтмас экан ўлдириб юборурсизлар)”,  дедилар. (Нуҳ) айтди: “Парвардигорим, улар мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин (ва уларни ҳалок қилгин)”. 

Бас, Биз унга ваҳий қилдик: “Бизнинг ҳифзу ҳимоямизда ва Бизнинг ваҳий – таълимимиз билан бир кема ясагин. Бас, қачон Бизнинг фармонимиз келиб, тандирдан (олов ўрнига) фавворалар отилган вақтида у кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли-оилангни солгин. Лекин (кофирлардан) қайси кимсалар устида Бизнинг сўзимиз (яъни сувга ғарқ бўлиши ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса (уларни тарк қилгин) ҳамда у золим кимсалар ҳақида (яъни, уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар. Энди қачон ўзинг ва сен билан бирга бўлган кишилар кема устида жойлашиб олгач, айтгин: “Бизларни золим қавмдан қутқарган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин”. Яна айт:  “Парвардигорим,  мени бир муборак манзилга туширгин. Сен ўзинг энг яхши (манзилларга) туширгувчисан”. 

Албатта бунда (яъни, Нуҳ ва унинг қавми можаросида) оят-ибратлар бордир.  Биз имтиҳон қилгувчидирмиз” [Мўъминун: 23-30].

Шуаро сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончи қилди (яъни Нуҳни ҳам, бошқа пайғамбарларни ҳам инкор қилдилар). Ўшанда уларга биродарлари Нуҳ айтган эди: “(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас,  Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳнинг зиммасидадир. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!”

Улар дедилар:  “Сенга пасткаш (ялангоёқ) кимсалар эргашган бўлса,  (бизлар сенга (қандай қилиб иймон келтирурмиз?”. (Нуҳ) айтди:  “Мен уларнинг иш-амал қилгувчи эканликларини билмасман. Агар пайқай олсангизлар уларнинг ҳисоб-китоби ёлғиз Парвардигоримнинг зиммасидадир. Ва мен (сизнинг сўзингизга кириб) мўмин бўлган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам. Мен фақат очиқ огоҳлантиргувчидирман”. 

 Улар дедилар: “Қасамки, агар (бу даъватингдан) тўхтамасанг, эй Нуҳ,  албатта тошбўрон қилингувчилардан бўлурсан!”. (Шунда Нуҳ) айтди:  “Парвардигорим,  қавмим мени ёлғончи қилдилар. Энди Сен Ўзинг мен билан уларнинг орасини очиб қўйгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўмин кишиларга нажот бергин”. 

Бас, Биз унга ва у билан бирга бўлган кишиларга (одамлар,  ҳайвонлар ва паррандалар билан) лиқ тўла бўлган кемада нажот бердик. Сўнгра,  (уларга нажот берганимиздан кейин) қолганларни ғарқ қилдик.  Албатта бунда (яъни Нуҳ ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар. Шак-шубҳасиз, Парвардигорингизнинг Ўзи (кофирлар устидан) ғолиб, (мўминларга) меҳрибондир” [Шуаро: 105-122].

Анкабут сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аниқки, Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди (аммо улар иймон келтирмадилар), бас, уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди. Сўнг Биз (Нуҳ)га ва кема(даги) ҳамроҳларига нажот бердик ва (у тўфон балосини) барча оламларга оят-ибрат қилиб қўйдик”  [Анкабут: 14-15].

Соффат сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қасамки, Нуҳ (қавми уни ёлғончи қилган вақтда) Бизга илтижо қилди. Бас, (Биз) нақадар яхши ижобат қилгувчидирмиз. Биз унга ва унинг аҳли-издошларига улуғ ғамдан (яъни ғарқ бўлишдан) нажот бердик. Ва унинг зурриётини (то қиёмат) боқий қолгувчи кишилар қилиб қўйдик. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Нуҳ) ҳақида (гўзал мақтовлар – олқишлар) қолдирдик.  Барча оламларда Нуҳга салом бўлгай. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир. Сўнгра бошқаларни (яъни Нуҳни ёлғончи қилган кимсаларни) ғарқ қилиб юбордик” [Соффат: 75-82].

Қамар сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улардан (Макка кофирларидан) илгари Нуҳнинг қавми ҳам (уни) ёлғончи қилган эди. Улар Бизнинг бандамиз (Нуҳ)ни ёлғончи қилишиб:  “(У) бир мажнун”,  дедилар ва у (ўз пайғамбарлик вазифасини адо этишдан) тўсиб қўйилди. Шунда у Парвардигорига: “Мен (у кофир қавмимдан) мағлубдирман. Ўзинг ёрдам қилгин”, деб дуо-илтижо қилган эди. Биз осмон дарвозаларини (тинимсиз) қуйилгувчи сув — сел билан очиб юбордик. Ва барча ердан чашмалар чиқариб юбордик.  Бас,  (осмон ва ернинг) суви тақдир қилиб қўйилган бир иш (яъни кофирларни ғарқ қилиб юбориш) устида учрашдилар! Уни (Нуҳни) эса тахтаю михлар эгасида (яъни тахталар ва михлардан ясалган бир кемада) кўтардик. У (кема) Бизнинг кўз ўнгимизда (ҳифзу-ҳимоямизда) сузар. (Бу ўз қавми томонидан пайғамбарлиги) инкор қилинган киши (яъни Нуҳ пайғамбар) учун мукофотдир. 

Дарҳақиқат,  Биз у (тўфон балоси)ни бир оят-ибрат қилиб қолдирдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?! Бас, Менинг (пайғамбарларимни ёлғончи қилган кимсаларга кўрсатган) азобим ва огоҳлантириш қандоқ бўлди?! Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?”  [Қамар: 9-17].

Нуҳ сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Мен дедимки:  “Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар ва оқар дарёлар (ато) қилур. Нега сизлар Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?! Ҳолбуки, У зот сизларни босқичма-босқич яратди-ку! Аллоҳ етти осмонни қандай устма-уст қилиб яратганини ва ойни улардаги нур-ёруғлик қилиб, қуёшни эса (нур сочгувчи) чироқ қилиб қўйганини кўрмадингларми?! Аллоҳ сизларнинг (отангиз Одамни) ердан ундириб-ўстирди (яъни пайдо қилди).  Сўнгра (вафот қилганларингизда) У зот сизларни яна (ерга) қайтарур ва (қиёмат қойим бўлганида) сизларни чиқариб олур! Аллоҳ ерни сизлар учун — сизлар ундаги кенг йўлларда юришларингиз учун ёйиқ – текис қилиб қўйди”.

Нуҳ айтди: “Парвардигорим,  дарҳақиқат, улар менга итоатсизлик қилдилар ҳамда (топган) мол-дунёси ва бола-чақаси ўзига фақат зиённи (яъни куфр ва туғённи) зиёда қилган кимсаларга (ўзларининг бой-бадавлат бошлиқларига) эргашиб кетдилар”. 

 У (бошлиқлари Нуҳга қарши) жуда катта макр-ҳийлалар қилдилар. Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): “Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! Вадни ҳам,  Сувоъни ҳам,  Яғусни ҳам,  Яуқни ва Насрни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!” дедилар. 

“Дарҳақиқат, улар (яъни Нуҳ қавмининг бой-бадавлат бошлиқлари) кўп (кишилар)ни йўлдан оздирдилар. (Парвардигорим),  бу золим кимсаларга фақат гумроҳликни зиёда қилгин”,  (деди Нуҳ). 

 Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Аллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни сиғинган бут-санамлари уларни Аллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар). Нуҳ айтди: “Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен агар уларни (ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар. Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни,  менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилгин, золим кимсаларга эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин!”  [Нуҳ: 10-28].

Дарҳақиқат, Қуръони Каримдаги бу оятлар ҳақида “Тафсир” китобимизда батафсил гапириб ўтганмиз. Энди эса ушбу турли оятлардан хулоса қилиб олинган, ҳадис ва осорлар далолат қилган қисса мазмунини зикр қиламиз.

Изоҳ қолдиринг