Умар розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориши ва мусулмонлигини эълон қилиши

0

Умар розияллоҳу анҳунинг бу сўзларини эшитган Хаббоб розияллоҳу анҳу чидаб тура олмади ва беркиниб турган жойидан чиқиб: “Эй Умар, хурсанд бўл, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сенинг ҳаққингга қилган дуолари ижобат бўлди, деб ўйлайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба куни: “Аллоҳим! Бу икки киши: Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Умар ибн Хаттобларнинг ўзинга энг суюклиси билан исломни азиз қил!” – деб дуо қилган эдилар” – деди. Умар розияллоҳу анҳу: “Мени Муҳаммаднинг ҳузурига олиб боринглар” – деди. Улар Умар розияллоҳу анҳунинг ҳақиқатдан ҳам исломга мойил эканини кўришгач, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қаерда эканларини айтишди. Умар розияллоҳу анҳу қиличини таққанча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сари йўл олди. У ерга бориб, эшикни тақиллатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Саҳобалар эшик ортидаги овоздан Умар розияллоҳу анҳу келганини билдилар. Бироқ ҳеч ким эшикни очишга журъат қила олмасди. Чунки улар Умарнинг қанчалар баджаҳл ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қанчалар душман эканини яхши билишарди. Саҳобаларнинг қўрқиб кетишганини кўрган Ҳамза розияллоҳу анҳу шундай деди:

– Нима бўлди?

– Умар экан, Умар экан, – дейишди саҳобалар.

– Умар ибн Хаттобми? Эшикни очинглар. Агар Аллоҳ таоло унга яхшиликни насиб қилган бўлса, исломни қабул қилади. Агар бошқа ниятда келган бўлса, уни гумдон қилиш қийин эмас!

Улар эшикни очишди. Ҳамза розияллоҳу анҳу ва яна бошқа бир саҳобий Умар розияллоҳу анҳуни икки билагидан ушлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига олиб киришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўйиб юборинглар” – дедилар ва унинг қаршисига келиб, белидан ридосини қисиб ушладилар-да: “Ибн Хаттоб, нима сабабдан келдинг? Аллоҳнинг бирон балосига гирифдор бўлмагунингча тинчимайсан шекилли?!” – дедилар. – Эй Расулуллоҳ, мен Аллоҳ ва Расулига, сиз келтирган динга иймон келтириш учун келдим, дея жавоб берди Умар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапни эшитиб, такбир айтдилар. Шунда саҳобалар Умар розияллоҳу анҳу исломни қабул қилганини билдилар ва хурсанд бўлиб тарқалдилар. Чунки улар билишар эди: Ҳамза ва Умарлар исломни қабул қилишганидан кейин ҳеч кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши чиқа олмасди.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг