Муржиаларнинг пайдо бўлиши

0

Муржиаликнинг негизи

Муржиа фирқасининг асл негизи иймоннинг моҳиятини қандай тушунишга бориб тақалади: иймон фақат қалбдаги ишончми ёки фақат тил билан иқрор бўлишми ёки улар иккиси билан бир қаторда аъзолар билан амал қилиш ҳам шартми?

Аксар муржиаларнинг фикрича, иймон фақат қалбдаги ишончдан иборат бўлиб, куфр ва зиндиқлик (мунофиқлик) каби ҳар қандай ёмон амал қилса ҳам, зарари йўқдир. Жаҳм ибн Сафвоннинг фикри ҳам айнан шундай бўлган. Унинг наздида тил билан иқрор бўлиш шарт эмас. Чунки унинг эътиқодида тил билан иқрор бўлиш иймоннинг бир бўлаги ҳисобланмайди. Бошқачароқ қилиб айтганда, қалбинг тоза бўлса бўлди, қолгани муҳим эмас.

Карромийлар эса иймон фақат тил билан иқрор бўлиш, дилида қандай эътиқод қилиши муҳим эмас, деган фикрни олға суришган.

Муржиаликнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши

Муржиаликнинг асл келиб чиқиши диний ва сиёсий соҳадаги низо ва тортишувларга аралашишни истамаган, шунингдек, иймон ва куфр, жаннат ва дўзах каби охиратга оид ишлардан узоқ туришни маъқул кўрган, ўз тинчи ва хотиржамлигини ўйлаган бир гуруҳ одамларга бориб тақалади.

Али ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувлардан сўнг муржиалик тобора авж ола бошлади. Чунки худди шу вақтда хаворижлар ва шиалар пайдо бўла бошлаган эди.

Хаворижларнинг чиқиши муржиаликнинг ривожланишига катта ҳисса қўшди. Чунки хаворижлар гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган ҳар қандай кишини кофир деб эътиқод қилар эдилар. Бу фикрга қарши курашиш ниятида муржиалар ҳақдан янада узоқлашишди ва мусулмонликни даъво қилган инсон ҳар қандай гуноҳ ишларни қилса ҳам, зарари йўқ, иймони комил мусулмон ҳисобланади, кофирларга солиҳ амал фойда бермаганидек, мусулмонга гуноҳ ишларни қилишнинг зарари йўқ, гарчи куфр ва кишини диндан чиқарадиган сўзларни айтса ҳам у мусулмон бўлиб қолаверади, деган фикрга боришди.

Мусулмонлар ўртасида иймон масаласида ҳар хил тортишувлар пайдо бўла бошлади. Бир тарафдан хаворижлар чиқиб, гуноҳи кабира қилган кишини кофир санашса, иккинчи тарафдан мўътазилийлар чиқиб, гуноҳи кабира қилган киши бу дунёда на мусулмон ва на кофир, охиратда эса кофирлар қаторида дўзахда мангу қолгай, деб, янги бир ботил эътиқод ўйлаб топишди. Айни дамда муржиалар ҳар қандай гуноҳ ва куфр ишларни қилган кишини ҳам иймони комил, деб даъво қилишди. Уларнинг фикрича, хаворижлар, мўътазилийлар, шиалар – буларнинг барчаси иймони комил мусулмон саналади.

Бироқ аҳли суннат ўзининг ҳақ йўли – салафи солиҳлар йўлидан чиқмади. Аҳли суннатнинг эътиқодига кўра, иймон қалб билан ишониб, тил билан иқрор бўлиш ва аъзолар билан амал қилишдан иборат бўлиб, амалларга қараб зиёда ва ноқис бўлиб бораверади. Баъзи гуноҳи кабиралар кишини диндан чиқаради, баъзилари эса чиқармайди. Диндан чиқармайдиган гуноҳи кабираларни қилган киши иймони ноқислашиб бораверади, охиратда эса азобга ҳақли бўлса-да, Аллоҳ таолонинг хоҳиши остида қолади: хоҳласа кечиради, хоҳласа азоблайди. Аллоҳ таоло барчамизнинг гуноҳларини кечирсин!

 (Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг