Пайғамбар уйида бир кеча: еттинчи аёлнинг ҳикояси

1

Еттинчи аёл эри ҳақида шундай деди: “Эрим силласи қуриган, йўлини топа олмайдиган. Эсипаст бироз гўё, ҳар қандай айб унда муҳайё. Ёргайдир ё бошингни, ё синдиргай бир жойингни, ё қилар ҳар иккисини”.

Афсуски, мусулмонликни даъво қиладиган эркаклар ичида хотинига шундай муомалада бўладиган эркаклар йўқ эмас. Аллоҳ таоло бизга аёллар итоатсизлик қилса қандай йўл тутишимиз кераклиги ҳақида шундай деган: “Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (агар насиҳат кор қилмаса) уларни ётоқда тарк қилинглар – бир тўшакда ётманглар, сўнг (агар бу ҳам фойда бермаса) уринглар…” (Нисо: 34). Биз аёлларни уришда юқоридаги оятни ўзимизга далил қиламиз-у, лекин бу оятга тўлалигича амал қилмаймиз. Тўғри, Аллоҳ таоло аёлларга одоб бериш учун уларни уришга рухсат берган. Бироқ уриш – аёлга одоб беришдаги учинчи босқич саналади. Агар аёл эрига итоат қилмаса, аввало унга тушунтирилади, насиҳат қилинади. Бу биринчи босқич. Биринчи босқич ўз натижасини кўрсатмаса, яъни насиҳат кор қилмаса, унда иккинчи босқичга ўтилади. Иккинчи босқичда аёл тўшакда ёлғиз қолдирилади, яъни у билан бир тўшакка ётилмайди. Агар бу босқич ҳам ўз натижасини кўрсатмаса, унда учинчи босқичга ўтилади. Учинчи босқич аёлни оғритмасдан, асорат қолдирмайдиган даража уришдан иборат. Бу дегани, аёлни дўппослаш дегани эмас. Бироқ аксар мусулмонлар хотинга муомала қилишда ва унинг камчиликларини тузатишда қалтис хатоларга йўл қўйишади. Шулардан бири юқоридаги босқичларга риоя қилмаслик. Бугунги кунимиздаги эр-хотин ўртасида содир бўлаётган муаммоларнинг аксари ҳам шунга тақалади. Масалан, хотинига тушунтириш ўрнига, иккинчи босқичдан иш бошлаймиз, яъни у билан гаплашмай, бир тўшакда ётмай қўямиз. Баъзиларимиз эса учинчи босқичдан бошлаймиз, ожиза аёлга қўл кўтарамиз. Босичма-босқичликка риоя қилганлар ҳам учинчи босқичда чегарадан чиқиб кетишади: аёлига шикаст етказишади, ҳаттоки, ҳолат унинг баъзи аъзоларини синдиришга бориб етади. Келинг, оятнинг охирига ҳам бир назар солайлик! Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар улар сизларга итоат қилсалар, унда уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар! Шак-шубҳасиз, Аллоҳ энг юксак ва энг буюк зотдир” (Нисо: 4). Нима деб ўйлайсиз, нега бу оятлар Аллоҳ таолонинг энг юксак ва энг буюк эканини зикр қилиш билан якунланди? Бунга сабаб нима? Бунинг сабаби қуйидагича: агар сиз аёлингизнинг ота-онаси ёки ака-укаси ёки бирон бир қариндоши каттароқ мансабда ишлашини билсангиз унга қандай муомала қилган бўлар эдингиз? Шунда ҳам уни дўппослаб, бирон ерини синдиришга журъат қилармидингиз? Унда билиб олинг, сизнинг кўзингизда бечора во ожиза кўринган бу аёлнинг орқасида Аллоҳ бор. Уни барчадан юксак ва ҳамма нарсадан буюк зот Ўз ҳимоясига олган. Агар сиз унга заррача зулм қилсангиз, ҳақиқий ҳисоб-китоб кунида ана шундай Улуғ ва Юксак зот олдида жавоб берасиз.

 (Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 dona sharh

  1. Pingback: Пайғамбар уйида бир кеча: бешинчи ва олтинчи аёлнинг ҳикояси

Изоҳ қолдиринг