Катта ёшдаги одамга ақиқа қилинадими?

0

Савол:

Фарзандга вақтида ақиқа қилинмаган бўлса, катта бўлганидан кейин қилса ҳам бўладими? Ўғил бола учун иккита қўй сўйиш керакми ёки битта сўйса ҳам бўладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат!

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар бўлсин!

Фарзандга ақиқа қилиш жумҳур уламоларнинг наздида суннатдир. Ҳасан Басрий, Лайс ибн Саъд ҳамда зоҳирийларнинг фикрига кўра, ақиқа қилиш вожиб саналади. Ақиқа фарзанд етти кунлигида қилингани афзал. Чунки Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Болага баъзи яхшиликларнинг етиши унга ақиқа қилинишига боғлиқ. Бола етти кунлигида ақиқа қилинади, сочи олинади ва унга исм қўйилади” – деганлар (Ибн Можа ривояти, 3165-ҳадис). Баъзи ривоятларда: “ва сочининг вазнича кумуш ёки кумуш қийматига тенг маблағ садақа қилинади” – деган қўшимча бор.

Агар еттинчи кунида ақиқа қила олмаса, балки кейинроқ, ҳатто орадан бир қанча йиллар ўтиб кетгач қилса ҳам бўлаверади. Ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Агар менга ақиқа қилинмаган бўлганида, ўзимга атаб ақиқа қилган бўлардим” (Ибн Абу Шайба ривояти, 24718-ҳадис).

Ақиқа учун ўғил фарзандга иккита қўй, қиз фарзандга эса битта қўй сўйиш афзал. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Курз розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Ўғил бола учун ёши бир-бирига яқин иккита қўй, қиз бола учун битта қўй сўйилади” (Ибн Можа ривояти, 3162-ҳадис). Ўғил боланинг ақиқаси учун битта қўй сўйса ҳам бўлаверади. Чунки Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам набиралари Ҳасан ва Ҳусайнга (розияллоҳу анҳумо) биттадан қўй сўйиб, ақиқа қилганлари ривоят қилинган (Абу Довуд ривояти, 2841-ҳадис), валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг