Қуръонда Нуҳ алайҳиссаломга айтилган мақтовлар (3)

0

Қуръонда Нуҳ алайҳиссаломга айтилган мақтовлар

Қуръони Каримнинг турли жойларида Нуҳ алайҳиссалом зикр қилинган. Бу ўринларда унга мақтов айтилиб, унга қарши чиққанлар эса қораланган. Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай дейди: “(Эй Муҳаммад),  албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик. Яна Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг уруғ-авлоди, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймон пайғамбарларга ҳам ваҳий юборганмиз. Шунингдек, Довудга Забурни ато этдик. Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ. Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди. Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик.  Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир”  [Нисо: 163-165].

Анъом сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “У осмонлар ва ерни (беҳуда яратмаган, балки) ҳақ ила яратган зотдир. У: “Бўл”, деган куни (барча нарса пайдо) бўлур. Унинг сўзи ҳақдир. Сур чалинадиган (яъни қиёмат қойим бўладиган) кунда подшоҳлик ёлғиз Уникидир. У ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билгувчидир. У ҳикмат соҳиби ва (барча нарсадан) хабардор бўлган зотдир. Эсланг, (эй Муҳаммад), Иброҳим отаси Озарга: “Бутларни худо қилиб оляпсанми? Мен сени ва қавмингни очиқ залолатда деб биламан”, деган эди. Шундай қилиб Иброҳимга (ўзи учун ҳужжат қилиб олиши) ва аниқ ишонувчилардан бўлиб қолиши учун осмонлар ва ер мулк-салтанатини кўрсатурмиз. Бас, қачонки уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: “Мана шу Парвардигорим”,  деди. У ботиб кетгач: “Ботиб кетгувчиларни суймайман”,  деди. Бас, қачонки чиқаётган ойни кўргач: “Мана шу Парвардигорим”,  деди.  У ҳам ботиб кетгач: “Қасамки, агар Парвардигоримнинг ўзи мени ҳидоят қилмаса, йўлдан озган қавмдан бўлиб қолурман”, деди. Бас, қачонки чиқаётган қуёшни кўргач:  “Мана шу Парвардигорим.  Мана шу каттароқ-ку!” — деди. У ҳам ботиб кетгач: “Эй қавмим, мен сизларнинг ширкингиздан покман. Мен ҳақ йўлга мойил бўлган ҳолимда, юзимни осмонлар ва ерни яратган зотга қаратдим ва мен мушриклардан эмасман”, деди. Қавми у билан тортишган эди: “Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир (Унинг Ўзи) мени ҳидоят қилди-ку?! Мен сизлар Аллоҳга шерик қилган бутларингиздан қўрқмайман. (Чунки у бутлар ҳеч қандай зиён етказа олмас),  магар Парвардигорим хоҳлаган нарсагина (бўлур). Парвардигорим барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир. Эслатма-ибрат олмайсизларми?!” – деди. Сизлар (Аллоҳ) бирон ҳужжат туширмаган бутларни Аллоҳга ширк қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Аллоҳга шерик қилиб олган бутларингиздан қандай қўрқай?! Агар билсангиз (айтинг-чи), қайси гуруҳ (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқ?” Иймон келтирган, иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар — ана ўшалар хотиржам бўлгувчи ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар. Мана шулар Иброҳимга қавми устида берган ҳужжатларимиздир. Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни (мана шундай баланд) даражаларга кўтарурмиз. Албатта, Парвардигорингиз хикмат эгаси ва билгувчидир. Унга (Иброҳимга фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Буларнинг барчаларини ҳидоят қилдик. Илгари Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни (ҳам ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ бандалардандир. Исмоил, ал-Ясаъ (Юшаъ пайғамбар), Юнус ва Лутни (ҳам ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик. Уларнинг ота-боболаридан, зурриётларидан ва биродарларидан (кўпларини ҳам афзал қилдик). Ҳамда уларни сайлаб, тўғри йўлга ҳидоят қилдик” [Анъом: 73-87].

Нуҳ алайҳиссаломнинг Аъроф сурасидаги қиссаси юқорида ўтди.

Бароат сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Уларга ўзларидан   илгари ўтган кишилар бўлмиш Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва Иброҳим қавмининг, Мадян аҳолисининг (яъни, Шуайб қавмининг) ҳамда тор-мор қилинган қишлоқларнинг (яъни, Лут қавми қишлоқларининг) ҳоли – хабари келмадими?! Уларга пайғамбарлари очиқ далил-ҳужжатлар келтирган эдилар (шунда улар пайғамбарларини ёлғончи қилишгач, бу қавмлар устига Аллоҳнинг балолари ёғилган эди). Бас,  Аллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади,  балки ўзлари ўзларига зулм қилган  эдилар” [Тавба: 70].

Юнус ва Ҳуд сураларидаги Нуҳ алайҳиссалом ҳикоялари юқорида зикр қилинди.

Иброҳим сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сизларга илгари ўтган кишиларнинг — Нуҳ қавмининг, Од, Самуд (қабилаларининг) ва улардан кейин ўтган, (сону саноқларини) фақат Аллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими? Уларга пайғамбарлари (ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликларини билдирувчи) ҳужжатлар келтирганларида, улар қўллари билан (пайғамбарларнинг) оғизларини тўсиб, дедилар: “Биз сизлар элчи қилиб юборилган динга кофир бўлдик. Чунки биз сизлар бизни даъват қилаётган динингиздан шак-шубҳададирмиз”  [Иброҳим: 9].

Субҳон сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй) Биз (ғарқ бўлишдан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб нажот берган кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у доимо шукр қилгувчи банда эди” [Исро: 3], “Нуҳ (қавмидан) кейин ҳам қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилдик. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг Ўзи бандаларининг гуноҳларидан етарли хабардор –  огоҳдир” [Исро: 17].

Анбиё, Мўъминун, Шуаро ва Анкабут сураларидаги Нуҳ алайҳиссалом ҳақидаги қиссалар юқорида зикр қилинди.

Аҳзоб сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар:  “Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар”, дея бошладилар. Ўшанда улардан бир тоифа одам деди: “Эй Ясриб (яъни Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир,  бас (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар”.  Улардан яна бир гуруҳ эса “Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)”, деб пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар. Агар уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли) томонларидан (бостириб) кирилса-да,  сўнгра улардан фитна (яъни мусулмонларга хиёнат қилиш) талаб қилинса, шак-шубҳасиз улар кўп (иккиланиб) турмасдан (хиёнатга розилик) берган бўлур эдилар” [Аҳзоб: 12-14].

Сод сурасида Оллоҳ таоло шундай дейди: “Улардан илгари ҳам Нуҳ қавми (Нуҳни), Од (қабиласи Ҳудни) ва қозиқлар (яъни ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавн (ва унинг одамлари Мусони ёлғончи қилгандирлар. Шунингдек, Самуд (қабиласи Солиҳни), Лут қавми (Лутни) ва дарахтзор эгалари (Шуайбни ёлғончи қилгандирлар). Ана ўшалар (ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларга қарши чиққан) фирқалардир. Барчаларига фақат пайғамбарларни ёлғончи қилганлари сабабли Менинг азобим ҳақ бўлгандир. (Бас, Макка мушрикларига ҳам Муҳаммад алайҳис-саломни ёлғончи қилганлари учун шак-шубҳасиз азоб-уқубат бўлур)” [Сод: 12-14].

Ғофир сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улардан (яъни Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми ва у (қавмдан) кейинги (Од, Самуд қабилалари каби турли) фирқалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганлар. (Ўша миллатлардан) ҳар бир миллат ўзларининг пайғамбарларини тутишга – ўлдиришга қасд қилган ва ботил (ҳужжатлар) билан талашиб-тортишиб, унинг ёрдамида Ҳақни енгмоқчи бўлган эдилар. Шунда мен уларни (Ўз азобим билан) ушладим. Бас Менинг азобим қандай бўлди?! (Эй Муҳаммад, сизнинг қавмингиз орасидаги) кофир бўлган кимсаларнинг устига ҳам Парвардигорингизнинг сўзи – азоби мана шундай ҳақ бўлгандир,  албатта улар дўзах эгаларидир” [Ғофир: 5-6].

Шўро сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани шариат – (қонун) қилди: “Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!” [Шўро: 13].

Қоф сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улардан (Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми,  қудуқ эгалари (яъни Шуайб пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли қудуққа қулаб ҳалок бўлган бир қавм),  Самуд ва Од (қабилалари), Фиръавн (ва унинг қавми), Лутнинг оға-инилари,  дарахтзор эгалари (яъни Шуайб пайғамбарнинг қавми ва Туббаъ қавми ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган эдилар. (Уларнинг) барчалари пайғамбарларни ёлғончи қилишгач, Менинг ваъдам (яъни азобим уларнинг устига) ҳақ – вожиб бўлди” [Қоф: 12-14].

Зориёт сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Мазкур қавмлардан) илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандирмиз). Чунки улар фосиқ – итоатсиз қавм эдилар” [Зориёт: 46].

Нажм сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Яна У зот илгари Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок қилгандир). Чунки уларнинг ўзлари жуда золим ва туғёнга тушган кимсалар эдилар” [Нажм: 52].

Ҳадид сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қасамки, Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда пайғамбарлик ва Китобни (яъни, Таврот, Инжил, Забур ва Қуръонни) ҳам икковининг зурриётларига (ато) қилдик. Бас, уларнинг (яъни Нуҳ ва Иброҳим зурриётларининг) орасида ҳидоят топгувчи (кишилар) ҳам бор, (аммо) уларнинг орасида кўплари фосиқ-итоатсиздирлар” [Ҳадид: 26].

Таҳрим сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ кофир бўлган кимсалар (ва уларни мўминлар билан бирга ҳаёт кечиришлари ҳам Аллоҳнинг азобидан қутқара олмаслиги) ҳақида Нуҳнинг аёли ва Лутнинг аёлини мисол келтирди. У иккиси Бизнинг бандаларимиздан икки солиҳ банда қўл остида эдилар. Бас,  у (аёл)лар (Нуҳ ва Лутга) хиёнат қилган эдилар,  (Нуҳ ва Лут) Аллоҳ(нинг азоби)дан бирон нарсани у иккисидан даф қила олмадилар  ва (уларга) “Киргувчилар билан бирга дўзахга киринглар!”  дейилди” [Таҳрим: 10].

Изоҳ қолдиринг