Савдо-сотиқ одоблари

0

Савдо-сотиқ одоблари

Сотувчи ва харидор шаръий одоблар ва исломий хулқларга риоя қилиши лозим. Қуйида ана шундай одоб-ахлоқлар хусусида тўхталиб ўтамиз:

1) Ниятни холис қилиш.

Савдо-сотиқ билан шуғулланган одам даставвал ризқ талаб қилишда ниятини холис қилмоғи керак. У савдо-сотиқ ортидан ўзини бировлар қўлига қараб қолиш хорлигидан сақлаш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ўзи ва қарамоғидаги инсонларнинг моддий эҳтиёжларини қондириш ва мол-мулк орттириш орқали мусулмонлар иззат-шарафининг кучайишига ҳисса қўшиш каби банда ажр-савоб оладиган эзгу ниятлар қилиши лозим.  Савдо-сотиқ қилишдан мақсади, фақат имкон қадар кўпроқ мол-давлат орттириш, дунёда еб-ичиб, маишат қилиш, топган мол-дунёси билан одамлар ичида мақтаниш, кеккайиш ва фахрланиш бўлиб қолмаслиги зарур.

2) Мақсадга элтувчи сабаб ва воситаларни қўллаш.

Бунинг учун амалга оширмоқчи бўлган ишини атрофлича ўрганиши, унинг ижобий ва салбий томонларидан воқиф бўлиши, соҳа мутахассисларидан маслаҳат сўраши ва кўзланган яхши натижаларга эришиш учун имкон борича энг яхши йўл ва услубларни ишга солиши лозим. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “(Иймони ёки жисмонан) кучли мўмин (иймони ёки жисмонан) заиф мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга суюклироқдир. Улардан ҳар иккисида яхшилик бор. Сен учун (дунё ва охиратингда) манфаат келтирадиган ишларга жон-жаҳдинг ила интил. Аллоҳдан ёрдам сўра ва (асло) ожизлик қилма. Агар сенга бирон мусибат етса: “Эҳ, мана бундоқ қилганимда, бундоқ ва бундоқ бўлар эди-я”, дема. Балки: “(Бу ишни) Аллоҳ тақдир қилди. Аллоҳ хоҳлаганини қилади” , деб айт. Зеро, (ўтган ишга ҳасрат чекиб) “Эҳ, бундоқ қилганимда эди…” деган сўз шайтоннинг ишига йўл очади[1].

3) Аллоҳга таваккул қилиш.

Дарҳақиқат, юқоридаги ҳадисда “Аллоҳдан ёрдам сўра”, дейилди. Кимда ким мақсадга элтувчи сабаб ва воситаларни қўллар экан, ҳаргиз бу сабаб ва воситаларга суянмаслиги керак. Балки Аллоҳга таваккул қилиши – суяниши, Ундан ёрдам сўраши, ризқ-рўз ҳосил қилишда қалбини Раббига боғлаши вожибдир. “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир” [Талоқ: 3].

4) Тоат-ибодатдан машғул бўлиб қолмаслик.

Савдо-сотиқ ва тижорат билан шуғулланган одам тоат-ибодатдан чалғимаслиги, балки доим тақвога интилиши лозим. Зеро, тақво ризқ келишининг энг кучли сабабларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳдан тақво қилса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур” [Талоқ: 2-3]

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло чинакам мўминларни мақтаб: “У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар борки,  уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган (қиёмат) кунидан қўрқурлар” [Нур: 37] – дейди. Яна бир оятда эса, бошқа бир тоифаларни қоралаб шундай дейди: “(Эй Муҳаммад),  қачон улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар,  ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар” [Жумъа: 11].

Салмон Форисий розияллоҳу анҳу айтади: “Имконини топсанг, ҳаргиз бозорга биринчи кирувчилардан, шунингдек, ундан энг охирги чиқувчилардан бўлмагин. Зеро, бозор шайтоннинг жанггоҳи бўлиб, у ўша ерда байроғини тикади[2].

5) Ҳалол ризқ топиш.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад),  айтинг:  “Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам,  нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас.  Бас,  эй оқиллар,  нажот топишингиз учун Аллоҳдан тақво қилингиз!” [Моида: 100], “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар” [Бақара: 168].

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Руҳул-Қудус (яъни Жаброил алайҳиссалом) қалбимга ваҳий солди: бирон бир жон то (тақдири азалда битилган) ризқи ва умрини битирмагунча ўлмайди. Шундай экан, Аллоҳдан тақво қилингиз ва ризқни (ҳалол-покиза йўл билан, мол-дунё топишга шўнғиб кетмасдан, Аллоҳ сизга битган ризқнинг келишига тўла ишонч ва хотиржамлик билан ва ризқ топаман деб Раззоқ Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан чалғиб қолмасдан) чиройли ва яхши йўллар билан талаб қилингизлар[3].

6) Шубҳалардан узоқ туриш.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим:Дарҳақиқат, ҳалол очиқ-ойдин ва ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Улар иккиси ўртасида кўпчилик одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Кимда ким бу шубҳалардан сақланса, дини ва обрўсини асраган бўлади. Кимда ким бу шубҳали ишларга қўл урса, (бора-бора) ҳаром ишларга қўл ура бошлайди. Бундай кимса гуёки подшоҳга тегишли чорва моллари боқиладиган қўриқхона атрофида пода боққан чўпонга ўхшайди. Қўриқхона атрофида ўтлаган пода бора-бора унга кириб кетиши эҳтимолдан йироқ эмас. Албатта ҳар бир подшоҳнинг махсус қўриқхонаси бўлади. Аллоҳнинг қўриқхонаси эса У ҳаром қилган ишлардир. Билингизким, инсон танасида бир парча гўшт мавжуд бўлиб, агар у ўнгланса, бутун тана ўнгланади, агар у бузилса, бутун тана бузилади. Билингизким, бу парча гўшт қалбдир[4].

Шунингдек, мол-дунё орттирар экан, уни ҳалолдан топаяптими ёки ҳаромданми эканига эътибор бермайдиган кимсалар ҳадисларда қораланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Шундай замонлар келадики, одамлар топган мол-мулкини ҳалолдан топаяптими ёки ҳаромданми, эътибор бермай қўйишади[5].

7) Савдо-сотиққа оид ҳукмларни ўрганиш.

Савдо-сотиқ билан шуғулланган киши бу хусусдаги аҳкомларни таълим олиши вожибдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздир[6]. Шунга кўра, ҳаром ва шубҳали савдо-сотиқлардан узоқ туриш учун қайси муомалалар шариатда жоиз ва дуруст экани-ю, қайси олди-берди муомалалар ножоиз муомалалар эканини билиш зарур. Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб вақти-вақти билан бозорларни айланиб юрар, баъзи тижоратчиларни қўлидаги дарра билан уриб: “Бозорларимизда фақат савдо-сотиқ аҳкомларини билганлар савдо қилсин. Акс ҳолда, хоҳлайдими, хоҳламайдими рибога қўл уради[7].

8) Савдо-сотиқда сахий ва бағрикенг бўлиш.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “(Бирон нарса) сотганида, харид қилганида ёки (бировдан) ҳаққини ундириб олишда (ёки бировни ҳаққини ўташда) сахий ва бағри кенг бўлган инсонни Аллоҳ раҳм қилсин[8].

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис шарҳида шундай дейди: “Ҳадисда одамлар ўртасидаги кундалик олди-берди муомалаларда саховатли бўлиш, гўзал ахлоқларга риоя қилиш, очкўзлик иллатидан воз кечиш, одамлардан ҳаққини ундириб олиш асносида уларга қийинчилик туғдирмаслик, оёқ тираб туриб олмаслик ва кечиримли ва бағри кенг бўлишга тарғиб бор[9].

9) Бозорларда бақир-чақир қилишдан четланиш.

Савдо-сотиқ асносида бақир-чақир қилиш мўмин кишига хос виқор ва салобатга зиддир. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Тавротдаги сифатлари ҳақида сўралганида шундай дейди: “Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Тавротда ҳам Қуръондаги баъзи сифатлари билан сифатланганлар: “Эй Пайғамбар, албатта Биз сизни (одамлар устидан ёки сиздан олдинги пайғамбарларнинг рисолатни еткизганлигига) гувоҳ қилиб, мўминларга жаннат хушхабарини берувчи ва кофирларни дўзах азобидан огоҳлантируви ҳамда (аксари) ўқиш ва ёзишни билмайдиган (араб)лар учун мустаҳкам қўрғон бўлишингиз учун пайғамбар қилдик. Сиз Менинг бандам ва Расулимсиз. Сизни Мутаваккил (таваккул қилувчи) деб номладим. Сиз қўпол ҳам, бағритош ҳам ва бозорларда шовқин-сурон кўтарувчи ҳам эмассиз. Бу пайғамбар ёмонликни ёмонлик билан кеткизмай, балки афв қилиб, кечириб юборади. Аллоҳ таоло бу пайғамбар сабабли эгри (куфр, ширк ва жоҳилиятга ботган) халойиқни тўғри ва ҳақ динга солмагунча, улар “Ла илаҳа иллаллоҳ” демагунларича, оқибатда унинг сабабидан сўқир кўзлар, кар қулоқлар ва қулф урилган қалбларни очмагунча  уни вафот эттирмайди[10].

10) Бойга фурсат бериш ва камбағалдан кечиб юбориш.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг!” [Бақара: 280].

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Фаришталар сизлардан олдинги умматлардан бир кишининг (ажали етган чоғда унинг) руҳини қарши олдилар. Фаришталар унга: “Бирон бир яхши амал қилганмисан?” – дедилар. Шунда у деди: “Мен хизматкорларимни бой (қарздор) кишига фурсат бериш ва (қарзидан) ўтиб юборишга буюрар эдим”. Шунда Аллоҳ унинг гуноҳларидан ҳам ўтиб юборди”.[11] Бошқа бир ривоятда: “бой қарздорга фурсат бериш ва камбағалдан (қарзини) ўтиб юборишга буюрар эдим” – дейилади.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар қарздор қийналиб қолса, у ҳолда унга фурсат бериш вожибдир. Уни уриш ёки қамаш жоиз эмас[12].

Танбеҳ:

Уламолар бой ва камбағални аниқлаш борасида ихтилофлашганлар. Бу борадаги фикрларнинг энг рожиҳ ва устуни шундан иборатки, бу тушунчалар ҳар бир жой ва замоннинг урф-одатига кўра белгиланади. Кишининг ҳолати ўзига ўхшаш кишилар билан солиштирилганда фаровон бўлса, демак у бой, аксинча, ночор бўлса, демак у камбағалдир. Ҳофиз Ибн Ҳажар ёқлаган фикр ҳам шу. Шунингдек, Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрга мойил бўлган: “Баъзан кишининг бир дирҳами бўлса ҳам, касб-кори бўлса – бой, танаси нимжон ва бола-чақаси кўп бўлса, камбағал ҳисобланади”.

11) Ростгўй ва омонатдор бўлиш.

Тижоратчи ростгўй ва омонатдор бўлиши, бирга тижорат қиладиган шерик ва мижозларига ёлғон сўзлаш ва ҳақиқатни яширишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши лозим. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сотувчи ва харидор модомики бир-биридан ажрамас эканлар (савдони қабул қилиш ёки рад қилишда) ихтиёрлидирлар. Агар ҳар иккови рост гапириб, (маҳсулотнинг айбини) баён қилсалар, уларнинг савдо-сотиқларига барака берилади. Агар ёлғон сўзлаб, (маҳсулотнинг айбини) яширсалар, савдо-сотиқларининг баракаси учади[13].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир уюм доннинг олдидан ўтдилар. Қўлларини уюм ичига ботирган эдилар, бармоқлари намга тегди. Шунда: “Бу нимаси, дон эгаси?” – дедилар. “Ёмғирда намланиб қолибди, эй Расулуллоҳ” – деди дон эгаси. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Шундай экан, одамлар кўриши учун устки томонга қилиб қўймайсанми?! Ким бизга қаллоблик қилса, биздан эмас[14].

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу айтади: “Киши маҳсулотни айби борлигини била туриб, айбини айтмасдан сотиши ҳалол эмас[15].

12) Ёлғон қасам билан маҳсулотни ўткизмаслик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Қасам маҳсулотни ўтиши – ривож топишига, хайр-бараканинг эса учиши – йўқолишига сабаб бўлувчидир[16]. Ҳадиснинг баъзи ривоятларида: “Ёлғон қасам…”, дейилган.

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Уч тоифа одамлар борки, қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга гапирмайди, уларни (гуноҳлардан) покламайди ва уларга аламли азоб бор”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзларни уч бор такрорладилар. Абу Зар айтди: “Уларнинг умиди пучга чиқиб, зиён кўришибди. Улар кимлар, эй Расулуллоҳ?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “(Улар) кийимини тўпиқдан тушуриб кийувчилар, (қилган яхшилигини) миннат қилувчилар ва ёлғон қасам билан маҳсулотини ўтказувчилардир[17].

13) Кўп садақа улашиш.

Кўп садақа қилиш билан мол-мулк унга аралашиши мумкин бўлган гуноҳ ва нопокликлардан тозаланади.

Қайс ибн Абу Ғаразадан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида “самосира” (даллоллар) деб номланар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бизларни олдимиздан ўтар эканлар, бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар. У зот айтдилар: “Эй тижоратчилар жамоати, албатта шайтон ва (беҳуда гап-сўз, ёлғон қасам каби) гуноҳ ишлар савдо-сотиққа аралашади. Шундай экан, савдойингизга садақа аралаштиринг (ва шу тариқа уни поклангиз)[18].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Симсор” (даллол) сўзи ажамлардан кириб келган сўз. Араблар ичида савдо-сотиқ ишларини кўпинча ажамлар бажаришар эди. Шу сабаб араблар бу сўзни улардан олишганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу номни арабча сўзлардан бўлган тижорат сўзига ўзгартирдилар. Қайс ибн Абу Ғараза “бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар” деган гапидан шуни назарда тутган эди[19].

[1] Муслим (2664) ва ибн Можа (79) ривоят қилишган.

[2] Муслим (2451) ва Табароний (6/248) ривоят қилишган.

[3] Саҳиҳ. Ибн Можа (2144), Ҳоким (402) ва Байҳақий (5/264) Жобир розияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилишган. Табароний (7694) ва Абу Нуайм (10/26) Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва Албоний “Саҳиҳул-жомеъ”да (2085) саҳиҳ деган ҳадисда ушбу ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи “шоҳид” бор. Шунингдек, Ҳоким (2/4) Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ва Баззор (1253) Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларда ҳам юқоридаги ҳадис мазмунини қувватлайдиган шоҳид мавжуд. Бироқ бу икки ҳадис заиф ҳадислардир.

[4] Бухорий (52, 2051), Муслим (1599), Абу Довуд (3330), Термизий (1205), Насоий (7/241) ва Ибн Можа (3984) ривоят қилишган.

[5] Бухорий (2059), Насоий (7/243) ва Аҳмад (2/435) ривоят қилишган.

[6] Саҳиҳ: ҳадиснинг бир қанча ривоят йўллари ва шавоҳидлар – унинг мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар мавжуд. Бу ривоят йўллари ва шавоҳидларни шайх Абул-Ашбол ҳафизаҳуллоҳ “Жомеу баёнил илми ва фазлиҳ” (15-38-бетлар) китобига ёзган таҳқиқида атрофлича ўрганиб, бу ҳадисларнинг тахрижини келтирган.

[7] Термизий (487) ривоят қилиб, “ҳасан ғариб” ҳадис деган. Шунингдек, Ибн Касир санади саҳиҳ, Албоний эса санади ҳасан деган.

[8] Бухорий (2076), Термизий (1320) ва Ибн Можа (2203) ривоят қилишган.

[9] “Фатҳул-Борий” (4/307).

[10] Бухорий (2125, 4838) ва Аҳмад (2/174) ривоят қилишган.

[11] Бухорий (2077) ва Муслим (1560) ривоят қилишган. Шунингдек, ушбу ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайдиган “шоҳид” мавжуд бўлиб, уни Бухорий (2078) ва Муслим (1562) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

[12] “Фатҳул-Борий” (4/309).

[13] Бухорий (2079, 2108, 2114), Муслим (1532), Абу Довуд (3459), Насоий (7\ 244) ва Термизий (1245) ривоят қилганлар.

[14] Муслим (102), Абу Довуд (3452), Термизий (1315) ва Ибн Можа (2224) ривоят қилишган.

[15] Бухорий “муаллақ” ҳолатда (4/309) ривоят қилган. Имом Аҳмад (4/158), Ибн Можа (2246) ва Ҳоким (2/10) мавсул ҳолатда ривоят қилишган. Ҳадисни Ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳул-Борий”да (4/ 311) ҳасан деган.

[16] Бухорий (2087), Муслим (1606), Абу Довуд (3335) ва Насоий (7/246) ривоят қилишган.

[17] Муслим (106), Абу Довуд (4087), Термизий (1211) ва Насоий (7/245) ривоят қилишган.

[18] Абу Довуд (3326), Термизий (1208), Насоий (7/14), Ибн Можа (2145) ва Табароний “Кабир”да (18/357) ривоят қилишган. Юқоридаги ҳадис матни Термизийга оид бўлиб, у ҳадис ҳақида ҳасан саҳиҳ деган.

[19] “Маолимус-сунан” (3/620), “Сунани Абу Довуд” ҳошияси).

Изоҳ қолдиринг