Туклардан тозаланишни қирқ кундан кечиктиришнинг ҳукми

0

Қўлтиқ ва авратдаги тукларни ҳамда мўйловни қисқартиришни қирқ кундан кечиктиришнинг ҳукми

 Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, мазкур ишларни бу муддатдан кечиктириш ҳаромдир.

Ибн Обидийн шундай дейди: “Мужтабо” китобида зикр қилинган “қирқ кундан кейин узр қолмайди ва гуноҳкор бўлади” деган сўзга биноан (қўлтиқ ва авратдаги тукларни ҳамда мўйловни қисқартиришни қирқ кундан ортиқ) кечиктириш макруҳи таҳримийдир” (“Ҳошияту Ибн Обидийн”, 6/407).

Шофеий ва Ҳанбалий мазбаҳабидаги машҳур фикрга кўра кучли макруҳдир.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мазкур ишларни уларни олишга эҳтиёж туғилган вақтдан кечиктириши жоиз эмас, қирқ кундан кечиктириши эса ўта макруҳ ҳисобланади” (“Равзотут-толибийн”, 3/234).

 Ҳайтамий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур ишларни уларни олишга эҳтиёж туғилган вақтдан кечиктириши жоиз эмас, қирқ кундан кечиктириши эса ўта макруҳ ҳисобланади” (“Минҳожул қавийм”, 2/25).

Мансур Баҳутий шундай дейди: “Қирқ кундан кечиктириш макруҳ ҳисобланади” (“Кашшофул Қаноъ”, 1/77).

 Абу Авн Сафароиний шундай дейди: “Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга биноан қирқ кундан кечиктириш макруҳдир” (“Ғизоул албоб”, 1/440).

Қирқ кун деб тайин қилган уламоларнинг далили

Имом Муслим (258) ривоят қилган ҳадисда Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Бизга мўйловни қисқартириш, тирноқни олиш, авратдаги тукларни қириш ва қўлтиқ тукларини юлишни қирқ кундан кечиктирмаслигимиз белгиланди”.

Саҳобийнинг “белгиланди” деган сўзи, унинг “бир ишни қилишга буюрилдик” ёки “қилишдан қайтарилдик” деган сўзи каби марфуъ, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан содир бўлган сўз  ҳукмидадир.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “(Мўйловни қисқартириш, тирноқни олиш, авратдаги тукларни қириш ва қўлтиқ тукларини юлишда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган муддатга риоя қилиш лозим ва бу муддатдан кечиктириш жоиз эмас” (“Найлул-Автор”, 1/169).

 Бу ишларни бажаришда муайян вақт йўқ, деган уламолар юқоридаги Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга қуйидагича жавоб беришган:

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис “саҳобалар бу ишларни ўз вақтида кечиктирмасдан бажаришар, борди-ю, кечиктиришса ҳам қирқ кундан ўтказмас эдилар”, деган маънода айтилган бўлиб, қирқ кунда олиш лозим деган маънони англатмайди. Имом Шофеъий ва издошлари ҳар жума тирноқларни ва тукларни олиш мустаҳаб дейишган” (“Ал-мажмуъ”, 1/339).

Имом Қуртубий Моликий айтади: “Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис энг узоқ муддатни белгилаб келган. Бироқ ҳар жума тозаланиш мустаҳабдир. Уламолар бу борада маълум муддатни белгилашмаган. Агар тук ва тирноқлар ўсиб кетса, гарчи бир ҳафтадан оз муддатда бўлса ҳам уларни  олиш лозим бўлади” (“Муфҳим”, 1/515).

Мўйловни қисқартириш, тирноқларни олиш, авратдаги тукларни қириш ва қўлтиқ тукларини юлишдаги рожиҳ фикр – юқорида айтиб ўтилганидек, бу ҳар бир шахснинг ҳолатига боғлиқдир. Шу сабабдан гарчи бир ҳафтадан оз муддатда ҳам тирноқ ва туклар ўсадиган бўлса, уларни олиш мустаҳаб бўлади. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган асарга биноан мазкур ишларни қирқ кундан ортиқ тарк қилиш жоиз эмас. Шунингдек,  мазкур ишларни бу муддат, яъни қирқ кун асносида бажармаса, гуноҳкор бўлмайди, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг