Ниқобли аёл кўзига сурма қўйиши ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум! Ниқоб таққан аёл кўзига сурма қўйишининг ҳукми нима?

Жавоб:

Аллоҳга ҳамду санолар, Расулуллоҳ ва саҳобалари ҳамда аҳли байтларига дуруду салавотлар бўлсин! Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ!

Муслима аёл номаҳрамлардан зеб-зийнатларини беркитиши вожибдир. Аллоҳ таоло айтади: “Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини эрлари ё оталари ё эрларининг оталари ё ўғиллари ё эрларининг ўғиллари ё ўзларининг оға-инилари ё оға-иниларининг ўғиллари ё опа-сингилларининг ўғиллари ё ўзлари (каби) аёллар ё қўл остиларидаги чўрилар ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни, жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қуллар ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқаларга кўрсатмасинлар. Яна яширган зеб-зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Эй мўминлар, барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, шоядки нажот топсангизлар” (Нур: 31).

Сурма, макяж, тақинчоқларнинг барчаси зеб-зийнатлар жумласидан ҳисобланади. Юқоридаги оятнинг аввалида айтилган “Кўриниб  турган зеб-зийнатлар”дан кўйлак, ёпинчиқ, рўмол каби устки кийимлар назарда тутилган. Шунингдек, шамол эсганда бу  каби ташқи либосларнинг бехосдан очилиб қолиши ҳам маъзур кўрилади.

Хулоса: Аёл киши бошқа аёллар ёки маҳрамларига кўзига сурма қўйган ҳолда кўриниши мумкин. Аммо номаҳрамларга кўзига сурма қўйиб зийнатланган ҳолда кўриниши мумкин эмас – ҳаромдир. Чунки у бир мўмина сифатида зеб-зийнатларини номаҳрамларга кўрсатмасликка буюрилгандир, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг