Тўртинчи қоида: (3) таъсир ўтказиш ва таъсирланишни заифлаштирадиган омиллар

0
  1. 3. таъсир ўтказиш ва таъсирланишни заифлаштирадиган омиллар:

А) Шу нарсага доим диққат қилишимиз муҳимки, биз ота-оналар ўғил-қизларимиз мансуб бўлган авлоддан бошқа авлодга мансубмиз. Шу биргина омилнинг ўзи оила ичкарисида ота-оналар билан фарзандлар ўртасидаги ўзаро ҳамфикрлик ва киришувчанликда муаммо пайдо бўлишига етарлидир.

Маълумки, ёш авлод кўпроқ ижтимоий анъана ва чекловлардан озод бўлиш ва уларга риоя қилмасликка мойил бўладилар. Ота-оналар эса аксар ҳолатларда анъаналарга риоя қилишга интилувчан ва ижтимоий урф-одатлардан чиқмаслик тарафдоридирлар. Шу боис, янги авлод ижтимоий соҳада маъқул ва муносиб деб билган кўп ишларни кекса авлод ғайриоддий ва ножўя деб билиши мумкин. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ислом уммати Аллоҳнинг раҳмати ёғилган уммат. Зеро, шариат аҳкомлари ва исломий одоб-ахлоқ меъёрлари бу борада ва бошқа турли масалаларда аниқ мезон ва андозаларни белгилаб берган.

Яна шу нарсани англаб етиш муҳимки, ўспиринлик ёшидаги фарзандларимиздаги ўжарлик ва инжиқликлар бир муддат ўтгач: улар йигитлик ёшига етиб, улардаги ҳис-туйғулар барқарорлашгач, албатта барҳам топади.

Б) Баъзи мураббий ота-оналар ўз шахсий фикрларига ҳаддан ортиқ суяниб қоладилар. Уларда ортиқча қаттиққўлликни кузатиш мумкин. Бундай ота-оналар ўзларини фарзандлари олдида доим ҳақ қилиб кўрсатадилар. Фарзандларининг эътироз билдириши ёки баҳс-мунозара қилиши учун мутлақ имкон бермайдилар. Гуёки уларнинг айтгани сўзсиз ижро этилиши зарур ва муҳокамага ўрин йўқдек… Бундай мураббийлар билиб-билмаган ҳолда фарзандларининг дилларида доимий норозилик ҳиссини пайдо қиладилар. Ҳатто айрим фарзандлар қалбида отаси ёки онаси тўғрисида бениҳоят салбий таассурот ҳосил қиладилар.

Тўғри, аксар ҳолларда ҳақиқат катталар томонида эканида шубҳа йўқ. Бироқ ёш болаларга тааллуқли талай ишлар борки, бу ишларда қарор қабул қилиш уларнинг ҳам хоҳиш-истакларини инобатга олишни тақозо қилади. Масалан, оқшом болаларнинг уйқуга кетиши учун муайян вақт белгилаш масаласини олайлик. Албатта бу аслини олганда ижобий иш бўлиб, унга риоя қилиш фойдали. Бироқ бу ўринда баъзи истиснолар бўлиши зарур. Айтайлик, оилада бирон тантана нишонланиши, имтиҳон кечаси, қайсидир қадрли кишилардан бирининг сафардан қайтиши ёки шу каби ҳолатлар бундан истисно қилиниши керак…

Биз мураббийлар қанчалик ўзимизни ҳақ эканимизга ишонсакда, фарзандларимизнинг эътирозларига имкон беришимиз, кўз қарашларимизни уларга ётиғи билан тушунтиришимиз ва кичикларимизни фикримизга қаноатлантиришга ҳаракат қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Токи ота-оналар билан фарзандлар ўртасидаги мулоқот ҳарорати сақланиб қолсин, меҳр-муҳаббат давом этсин.

В) Болалар билан ота-оналар ўртасидаги таъсир ўтказиш ва таъсирланиш жараёнини энг кўп заифлаштирадиган омил – ота-оналарнинг фарзандларни тергаш, йўл-йўриқ кўрсатиш ва дакки-дашном бериш борасида ҳаддан ошишларидир. Қуйида ана шундай ишлардан айримларини мисол тариқасида айтиб ўтамиз:

  • Жисмоний жазо қўллаш ва бу соҳада ҳаддан ошиш;

  • Фарзанднинг хато-камчиликларини ўзига билдириб қўйиш мақсадида уни қариндош тенгқурлари билан таққослаш;

  • Фарзанддан бехосдан содир бўлган хато-камчиликлар қаршисида тез аччиқланиш, асабийлашиш ва бақириб бериш;

  • Фарзандга каттаю-кичик ишларда ортиқча йўл-йўриқ кўрсатиш, унинг мустақил иш юритишига имкон бермаслик. Оқибат, гуёки ота фарзанд кўзига фақат насиҳат, буйруқ ва дашном берувчи шахс сифатида гавдаланиши;

  • Оилада сабабчиси номаълум бирон муаммо вужудга келса ёки бирон буюм синса-ю, синдирган киши номаълум бўлса, ҳадеб фарзандлардан бирини айбдор қилавериш.

Ота-оналардан содир бўлган бундай хатти-ҳаракатлар, улар билан фарзандлар ўртасида ўзаро раҳм-шафқат, муҳаббат, эҳтиром ва бирдамлик алоқаси пайдо қилиш ўрнига, ўзаро хусумат ва уруш-жанжал алоқасини ўрнатади. Шу боис, бу каби муҳит ҳукм сурган оилаларда ота-оналар билан фарзандларни бир-биридан фарқли бошқа-бошқа оламда ҳаёт кечираётганини ҳис қилиш мумкин.

Г) Фарзандлар билан ота-оналар ўртасини узоқлаштирган энг катта омиллардан бири телевизор дейиш мумкинми? Менимча, шундай десак, хато қилмаган бўламиз. Чиндан ҳам телевизор аксар болаларни ота-оналаридан тортиб олди, шунингдек, китоб мутолаа қилишдан ҳам маҳрум қилди. Тадқиқотларга кўра, болалар телевизор экрани қаршисида ота-оналар билан ўтирадиган вақтдан олти-етти баравар кўпроқ вақт ўтиришар экан. Сўнгги вақтларда бунга оммавий балога айланган интернет ва электрон ўйинларни қўшадиган бўлсак, муаммо янада катталашгани яққол намоён бўлади.

Телевизор, интернет ва электрон ўйинлар билан узоқ вақт машғул бўлиш ижтимоий узлатга етаклайди, болани ота-онасидан узоқда, мустақил равишда якка ўзи вақтичоғлик қилиш сари ундайди. Оқибат, бир уйда яшашларига қарамай, ягона оила аъзолари ўртасидаги оралиқ масофалар кенгайиб боради.

Болаларнинг бу каби жиҳозлардан фойдаланишини чеклаш ва имкон қадар энг оз муддатга камайтириш лозим. Балки куннинг маълум бир соатларида бу жиҳозларни мутлақо ишлатмасликни йўлга қўйиш ўринлидир. Бундан мақсад, оила аъзоларининг ўзаро мулоқот қилишлари, шунингдек, уй вазифаларини тайёрлаш, мустақил китоб мутолаа қилиш ва диний ва дунёвий билимларни ошириш учун имкон яратишдир.

Изоҳ қолдиринг