Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Жаббор исмининг маъноси

0

Жаббор сўзи араб тилида “кучли, бақувват, узун бўйли” маъноларини ифодалайди. Моида сурасининг 22-оятида жаббор сўзи худди шу маънода келган: “Эй Мусо, у ерда бақувват, бўйлари узун одамлар бор…”. Шунингдек, жаббор сўзининг “мутакаббир ва зўравон” деган маънолари ҳам бор. Жумладан, Марям сурасида жаббор сўзи мазкур маънода қўлланилган: “… ва мени мутакаббир бадбахт қилмади” (Марям: 32).

Аллоҳ таолонинг Жаббор исми Қуръони Каримда бир  марта – Ҳашр сурасининг 23-оятида зикр қилинган: “У Аллоҳ шундай зотдирки, ундан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ. У Малик (яъни ёлғиз Подшоҳ), Қуддус (яъни барча айбу нуқсонлардан пок), Салом, Мўъмин, Муҳаймин, Азиз, Жаббор ва Мутакаббирдир”.

Табарий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Жаббор – бандаларининг ишларини ислоҳ қилувчи, уларни ўзлари учун фойдали ишларга бошловчи зот дегани”.

Қатода роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Жаббор – бандаларини ўзи хоҳлаган ишга бўйсундириб қўйган Зот”.

Баъзи уламолар Аллоҳ таолонинг Жаббор исмини “олий ва барча нарсадан юқори” деб тафсир қилишган. Шунга биноан, жаббор исми уч хил маънони ўз ичига олади:

1.    Барчадан олий;

2.    Бандаларининг ишларини ислоҳ қилувчи;

3.    Унинг айтганига ҳеч ким қарши чиқа олмайдиган зот.

Аллоҳ таолога бу учала маънонинг ҳар бири тўғри келади. У зот нафақат бандаларидан, балки бутун мавжудот ва борлиқдан устувор ва олийдир. У зот бандаларидан нимани истаса, албатта у иш бўлади, бошқа чораси йўқ. Ҳеч нарса ва ҳеч ким У зотнинг хоҳиш ва истакларига қарши чиқа олмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган:

1.    “Аллоҳ бирон ишни хоҳласа, Унинг иши фақатгина “бўл” дейишдир. Шунда у иш дарҳол вужудга келади” (Ёсин: 82).

2.    “Улар Аллоҳнинг динидан бошқа дин истайдиларми?! Ахир, осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турадику! Уларнинг барчалари У зотгагина қайтадилар” (Оли Имрон: 83).

3.    “Сўнг осмонга қаради, осмон эса тутундан иборат эди. Шунда осмону ерга: “Буйруқларимни хоҳ истаб, хоҳ мажбуран бажаринглар” – деди. Шунда осмону ер: “(Эй Парвардигор), биз сенинг буйруқларингни ихтиёрий равишда бажарамиз” – дейишди” (Фуссилат: 11).

Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи хоҳлаган ишга бўйсундириб қўяди, деган сўзни икки хил тушуниш мумкин:

Биринчиси: У зот бандаларига ўзи хоҳлаган нарсани дин қилиб берди, уларни ўзи хоҳлаган ишларга буюрди ва ўзи хоҳлаган ишлардан қайтарди. Бу динни ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, ҳамма бу динга эргашишга мажбурдир. Бу динга эргашганлар жаннатга, унга эргашишдан бўйин товлаганлар эса дўзахга киради.

Иккинчиси: Аллоҳ таоло борлиқни Ўзи хоҳлаганидек бошқаради. Бу борада ҳеч кимса У зотга, Унинг иродасига қарши чиқа олмайди. Масалан, Аллоҳ таоло бандаларни бурун билан нафас оладиган, қулоқ билан эшитадиган қилиб яратди. Ҳеч ким қулоғи билан нафас олиб, бурни билан эшита олмайди.

Банда Аллоҳ таоло бутун борлиқдан Улуғ ва Олий зот эканини, ўзининг нақадар ожиз эканини унутмаслиги лозим. Банда ўзини катта олиб, кибрланиши асло дуруст эмас. Мутакаббир ва манмансираган зўравонларнинг оқибатига бир назар солайлик:

Мана, Од қабиласи Раббиларининг оятларини инкор қилишди, пайғамбарларига итоатсизлик қилишди, ҳар қандай қайсар ва зўравонларнинг амру фармонларига бўйсунишди” (Ҳуд: 59).

Аллоҳ таоло ҳар бир мутакаббир зўравон қалбини мана шундай муҳрлаб қўядию, (шундан кейин улар яхши-ёмон ўртасини ажрата олмай қолишади)” (Ғофир: 35).

Биз Аллоҳ таолонинг Жаббор исмини яхши ўргансак, ўзимизни юқори олиб, одамлар орасида манмансирашимиз ва мутакаббирлик қилишимиз қанчалар нотўғри эканига янада амин бўламиз. Аллоҳ таоло барча мўмину мусулмонларга Ўзининг гўзал исм ва сифатларини ўрганиб, улардан ўзига керакли сабоқлар олишни,  ўз ҳаётига татбиқ қилишни насиб қилсин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг