Савол:
Болалар учун ишланган тарбиявий мултфилмларни кўриш жоизми? Бугунги кунда мултфилмлар анимация услубида ишланмоқда, уларни кўрса бўладими?
Жавоб:
Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!
Аввало шуни билиб олишимиз лозимки, жонли нарсаларнинг расмини чизган ёки ҳайкалини ясаган киши шариатимизда лаънатланган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида энг қаттиқ азобланадиганлар – рассомлар” (Бухорий ривояти). Бироқ шариатимизда катталарга рухсат берилмаган баъзи ишларга ёш болалар учун рухсат берилган. Масалан, Ойша розияллоҳу анҳонинг ёшлигида қўғирчоқлари бўлгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни кўрганлари ва бу нарсадан қайтармаганлари саҳиҳ ҳадисларда келган. Шунга биноан, болалар учун исломий одоб-ахлоқларни ўргатадиган мултфилмларни ишлаш ёки кўриш жоиз саналади.
Шуни ҳам унутмайликки, шариатимизда ҳалол саналган ишларга бошқа омиллар қўшилиши туфайли бу ишлар ҳаромга айланиши ҳам мумкин. Бугунги кунимизда ғарб давлатлари ишлаб чиқараётган мултфилмларни шулар қаторига қўшиш мумкин. Чунки у мултфилмларда бир эмас, балки бир қанча ҳаром ишлар бор. Жумладан:
Бу турдаги мултфилмлар болаларнинг ахлоқий бузилишига сабаб бўлади. Чунки уларнинг деярли барчаси йигит ва қиз ўртасидаги муҳаббат ҳақида бўлади;
Бош ролдаги “қаҳрамон” қиз ҳаддан ташқари очиқ кийинган бўлади. Бу эса ёш қизалоқларимизда шундай кийинишга муҳаббат пайдо қилади;
Биз “фантастик” деб атайдиган мултфилмлар коинотни бошқариб турадиган яхши ва ёвуз кучлар ўртасидаги кураш ҳақида бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳдан ўзга коинотни бошқариб турувчи бошқа бир кучлар бор, деб эътиқод қилиш эса ширкдир…