Иккинчи ҳадис (5) Аллоҳга иймон келтириш

0

(Нотаниш кимса) деди: “Менга иймон тўғрисида маълумот беринг”:

Олдин айтиб ўтганимиздек, нотаниш кимса Жаброил алайҳиссалом эди.

Иймон сўзининг луғавий маъноси – “қабул қилиш ва бўйсунишни тақозо қилувчи иқрор бўлиш ва эътироф этиш”дан иборат бўлиб, у бу жиҳатдан мазкур сўзнинг шаръий маъноси билан бир хилдир.

Айрим уламоларнинг иймон тасдиқдан иборат, деган сўзлари қониқарсиз фикрдир. Чунки араб тилидаги “иймон келтирмоқ” феъли лозим, яъни ўтимсиз феъл бўлса, “тасдиқламоқ” феъли ўтимли феълдир. Агар “бирон нарсага иймон келтирдим”, дейилмоқчи бўлса, феълдан кейин “ба” қаратқич келишиги предлоги қўлланилади. Аммо “бирон нарсани тасдиқладим”, дейилса, ҳеч қандай предлогсиз айтилади. Буни Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Иймон” китобида батафсил баён қилган.

Биз иймон таърифида “қабул қилиш ва бўйсунишни тақозо қилувчи иқрор бўлиш…”, дедик. Негаки, айрим инсонлар иқрор бўлсада, қабул қилмаслиги мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толибни олайлик, у  ўз жиянининг пайғамбар ва содиқ эканига иқрор бўлсада, бироқ у зот олиб келган динни қабул қилмади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсуниб, эргашмади. Оқибатда, унга иқрор бўлиши фойда бермади. Демак, иймонда қабул қилиш ва бўйсуниш бўлиши зарур экан.

Пайғамбар алайҳиссалом: “(Иймон) – Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтиришингдир”, – дедилар”:

Булар иймоннинг олти рукнидир.

Аллоҳга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади:

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг борлигига иймон келтириш. Кимда ким Аллоҳнинг борлигини инкор этса иймондан чиқади. Аслида, қалбининг туб-тубидан Аллоҳнинг бор эканини инкор этадиган кимса топилиши маҳолдир. Ҳатто Мусо алайҳиссаломга қарата “Оламлар Раббиси деганинг нимаси?!” деган Фиръавн ҳам ичида Аллоҳнинг борлигига иқрор бўлган эди. Мусо алайҳиссалом унга хитоб қилиб: “(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва ернинг Рабби нозил қилганини аниқ билурсан” [Исро: 102], деган эди. Бироқ Фиръавн қайсарлик қилиб, ҳақни тан олмади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб,  у (мўъжизаларни) инкор этдилар” [Намл: 14].

Иккинчиси: Аллоҳнинг ягона Раб эканига иймон келтириш. Раб – яратувчи, молик, эга ва бошқарувчи демак.

Еру осмонларни ким яратган? Аллоҳ яратган.

Башариятни ким яратган? Аллоҳ яратган.

Еру осмонларни ким бошқариб туради? Аллоҳ бошқариб туради.

Учинчиси: Аллоҳнинг ёлғиз илоҳ экани, Ундан ўзга илоҳ йўқ экани, Унинг шериги йўқ эканига иймон келтириш. Ким Аллоҳдан бошқа ҳам ибодат қилинадиган илоҳ бор, деб даъво қилса, у Аллоҳга иймон келтирмаган бўлади. Демак, Аллоҳнинг ягона илоҳ эканига иймон келтиришингиз зарур, акс ҳолда, Аллоҳга иймон келтирмаган бўласиз.

Тўртинчиси: Аллоҳнинг исм ва сифатларига, уларнинг маъносини бурмасдан, йўққа чиқармасдан, қандайлигини билишга уринмасдан ва уларни мавжудотларнинг сифатларига ўхшатмасдан, балки бу исм ва сифатлар У зотнинг ўзига лойиқ ва муносиб исм ва сифатлар эканига иймон келтириш. Ким бу сифатларга оид оятлар ёки ҳадисларнинг маъносини бурса, у ҳолда Аллоҳга чинакам иймон келтирмаган бўлади.

Баъзилар Аллоҳ таолонинг “Раҳмон арш устида (истиво қилди) юксалди” [Тоҳа: 5], сўзини “аршни эгаллади”, деб талқин қилишади. Ҳолбуки, “истиво” сўзининг луғавий ва шаръий маънолари “олий бўлиш, юксалиш” маъноларини билдиради. Бу Аллоҳнинг барча махлуқотларидан умумий юксаклигидан ўзгача бўлган – ўзига хос юксаклик ва олийликдир. Демак, “истиво” сўзини “эгаллади” дея талқин қилган одам Аллоҳга чинакам иймон келтирмаган бўлади. Негаки, у Аллоҳ ўзига нисбат берган сифатни инкор қилди. Бинобарин, бу сифатларни бор дейиш вожибдир.

Шунингдек, кимда ким Аллоҳ таолонинг “Эй Иблис,  Мен Ўз қўлим билан яратган нарсага — Одамга сажда қилишдан нима сени ман қилди?!” [Сод: 57], деган сўзини “Мен ўз қудратим ёки қувватим билан яратган…”, деб талқин қилиб, маънони бурса ва Аллоҳнинг Ўзига лойиқ қўли борлигини инкор этса, Аллоҳга чинакам иймон келтирмаган бўлади. Агар Аллоҳга чинакам иймон келтирганида эди, у ҳолда “Аллоҳнинг ҳақиқий қўли бор, бироқ махлуқотларнинг қўлига ўхшамайди”, деган бўлур эди. Аллоҳ таоло айтади: “Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир” [Шўро: 11]. Чунки биз Аллоҳ таоло ҳақида фақат У зотнинг ўзи маълум қилган нарсанигина айтишимиз мумкин. Ахир биз билан бирга бир мамлакатда яшасада, кўзимиз билан кўрмаган одам ҳақида гапиришимиз мумкин бўлмас экан, қандай қилиб дунёда кўриш имконсиз бўлган Аллоҳ таоло ҳақида билмаган нарсани гапиришимиз мумкин бўлсин?!

Кимда ким “Аллоҳ таоло эшитиладиган калом билан гапирмайди. Балки Аллоҳнинг каломи Унинг ўзидаги маънолардан иборат. Жаброил Аллоҳ ўзидаги маъноларни таъбир қилиш учун ҳавода яратган товушларнигина эшитган”, деса, у ҳам Аллоҳга чинакам иймон келтирмаган бўлади. Чунки Аллоҳнинг калом – гапириш сифатини бу тарзда талқин қилиш У зот ҳақиқий гапирмайди, деган хулосани келтириб чиқаради. Зеро, “калом – бу Аллоҳнинг ўзида мавжуд бўлган, Ундан ташқарига чиқмайдиган маънодан иборат”, дейилса, у ҳолда калом эшитиладиган нарса бўлмайди ҳамда бу сифат билан илм сифати ўртасида ҳам фарқ қолмайди. Қолган исм ва сифатлар борасидаги билдирилган нотўғри ва ноўрин талқинларни ҳам шунга қиёс қилишингиз мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳнинг исм ва сифатлари борасида салафи солиҳлар йўлига хилоф иш тутган бидъатчиларнинг барчаси Аллоҳга чинакам иймон келтирмаганлар. Улар Аллоҳга иймон келтириш масаласидаги мазкур тўртта нарсадан тўртинчиси – Аллоҳнинг исм ва сифатларига иймон келтириш бобида чинакам иймон келтирмаганлар. Биз бу билан улар мўмин эмаслар, демоқчимасмиз. Ҳеч шубҳасиз, улар мўминдирлар. Бироқ улар бу бобда чинакам иймон келтирмадилар. Улар салафи солиҳлар йўлига хилоф қилган, хато қилган кишилардир. Уларнинг бу борада тутган йўли шубҳасиз залолат йўлидир. Шундай бўлсада, бу йўлдан борган кишига токи ҳужжат қойим бўлмагунча залолат билан ҳукм қилинмайди. Агар унга қарши ҳужжат қойим қилинса ҳам ўз хатоси ва залолатида қаттиқ туриб олса, у ҳолда ҳаққа хилоф чиққан ишларида бидъатчи ҳисобланади. Бироқ бу унинг қолган ишларда салафи солиҳлар йўлида деб саналишини ман қилмайди.  Зеро, бундай инсонлар мутлақ бидъатчи ёхуд мутлақ салафи солиҳлар издоши деб тавсиф қилинмай, балки уларнинг йўлидан борган ишларида салафлар издоши, уларга хилоф қилган ишларида эса бидъатчи деб сифатланади.

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг