Ҳожатхонада телефон кўришнинг ҳукми

0

Савол:

Ҳожатхонада телефон кўришнинг ҳукми нима?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Уяли алоқа воситасини ҳожатхонага олиб кириш жоиз. Бироқ бу каби жиҳозларнинг экранида оят ёки Аллоҳ таолонинг исмлари ёзилган бўлса, унда имкон бўлганида ташқарида қолдириш афзал. Аллоҳ таоло: “Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, бу иш қалбдаги тақводандир” – деган (Ҳаж: 32). Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узукларида “Муҳаммадун Расулуллоҳ” ёзуви бўлгани боис ҳожатхонага киришда узукларини ечиб кирганлари ривоят қилинган. Бироқ бу ҳадислар ҳадис уламолари тарафидан заиф саналган.

Бу каби жиҳозларни ҳожатхонада кўриш ёхуд ундан фойдаланишга келсак, бу масаланинг ҳукми жиҳозни у ерда нима мақсадда ишлатилишига боғлиқ. Масалан, ҳожатини ўтаётган вақтда Қуръон ўқиса, унда (уламолар ўртасидаги икки хил жавобнинг тўғрироғига кўра) ҳаром бўлади. Агар диний маърузалар ёки зикрлар ўқиса ёки эшитса, унда макруҳ бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожат ўтаб турганларида бир киши келиб салом берган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг саломига алик олмаганлар. Ҳожатларини ўтаб, таҳорат олганларидан кейин, салом берган кишидан узр сўраб: “Бетаҳорат ҳолимда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилгим келмади” – деганлар (Абу Довуд ривояти, 17-ҳадис). Агар ҳаром нарсалар кўрадиган бўлса, бу иш нафақат ҳожатхонада, балки қаерда бўлишидан қатъий назар ҳаромдир. Агар у ерда телефон орқали биров билан гаплашса, уламоларимиз ҳожат ўташ вақтида гаплашишни макруҳ санашгани боис бу иш ҳам макруҳ саналади.  Бевосита ҳожат ўташдан бошқа вақтларда ҳожатхонада гаплашишнинг зиёни йўқ. Агар бошқа бирон мубоҳ иш қилса, масалан, бировдан келган хатларни ўқиса, телефонига баъзи бир дастурлар юкласа жоиздир, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг