Тушкунликка тушманг

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Биз Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатимиз янада ошиши учун У зотнинг исм ва сифатлари ҳақида сўз юритиб келмоқдамиз. Келинг, бугун У зотнинг марҳамати ва бандаларининг тавбасини қабул қилувчи экани ҳақида сўз юритайлик.

Баъзан бошимизга оғир мусибатлар тушар экан Аллоҳ таолонинг: “Сизларга етган ҳар қандай мусибат ўз қилмишингиз сабаблидир. Аллоҳ кўп ишларингизни кечиради” (Шўро: 30) – деган сўзи ёдимизга келади. Ўтган ҳаётимизга назар солар эканмиз, кўп хато қилганимизга, ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таоло бизнинг кўп ишларимизни кечириб юборганига амин бўламиз ва қилган ишларимизга пушаймон бўламиз. Бу шаклда пушаймон бўлиб, қилган хатоларимиздан тавба қилишимиз албатта мақсадга мувофиқдир. Зеро, пушаймонлик бизни тавба қилишимизга, Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумон қилиб, У зот тавбамизни қабул қилишига умид боғлашимизга сабаб бўлади. Бироқ баъзида ўта мушкул ҳолатларни бошдан кечирамиз, пушаймонлик босқичидан ўтиб, тавба қилиш ўрнига шу босқичда қолиб кетамиз. Ўтмишдаги хатоларимизни эслаб, ўзимиздан ўзимиз нафратланамиз. Бу кулфатлар худонинг менга берган бир балоси бўлса керак, чунки шу вақтгача мавжуд имкониятлардан фойдаланмадим, энди менга бошқа имконият берилмаса керак, деган ўйга бориб қоламиз. Секин-аста “энди тамом, Аллоҳ таоло менинг дуоларимни қабул қилмайди, бир умр бахтиқаро бўлиб ўтсам керак”, деган ҳис-туйғулар вужудимизни чулғай бошлайди.

Азиз ака-ука ва опа-сингилларим! Бордию, сизда шундай ҳис-туйғулар пайдо бўла бошласа, эҳтиёт бўлинг, бу шайтон ҳийлаларидан биридир! Шайтон аввало сизни юқорида айтганимиздек, ўзингиздан совутади, гуноҳкор эканингизга ишонтиради ва шу босқичда сизни ушлаб қолиш, ундан кейинги босқич – тавба босқичига ўтказмаслик учун қўлидан келганича васваса қилади. Ахир лаънати шайтон Аллоҳ таолонинг марҳаматидан ноумид бўлган эмасми?! Шунинг учун У зотнинг раҳматидан умидвор кишиларни ҳам ўзига ўхшаб ноумид бўлишларини хоҳлайди.

Агар сиз шу босқичдан ўтиб, тавба қилишга ўзингизни нолойиқ санайдиган бўлсангиз, билингки, шайтон сизни ўз тузоғига тушурибди. Лаънати шайтоннинг нияти шундай мушкул бир дамда инсонни Аллоҳдан ноумид қилиш.  Ўзингиз ўйланг, бошингизга қаттиқ мусибат келса, дардингизни Аллоҳдан бошқа кимга айтасиз, Ундан бошқа яна кимдан нажот кутасиз, ахир?!

Азиз ака-ука ва опа-сингилларим! Шуни унутмангки, шайтон сизни Аллоҳ таолонинг мағфиратидан ноумид қила олмайди, аксинча, сизни шундай бахтга нолойиқ, деб ишонтиришга уринади. Бу билан шайтон нимага эришади? У сизни тушкунликка туширади, оқибат сиз ўзингизни ўнглашга ҳаракат ҳам қилмай қўясиз, сиз ўзингизга қадрсиз бўлиб кўрина бошлайсиз…

Бу гапларим янада тушунарли бўлиши учун бир мисол келтираман: отасидан дакки эшитган бола отаси уни яхши кўргани учун, унга раҳми келганидан дашном бераётганини билса, отасига бўлган меҳри ошиб бораверади. Агар отаси уни суймагани учун унга жазо берганини ҳис қилса, отасидан совиб, борган сайин ундан узоқлашаверади. Бу мисол билан Аллоҳ таолони отага ўхшатмоқчи эмасман, аксинча, банданинг ҳолати боланинг ҳолатига ўхшашини айтмоқчиман.

Азиз ака-ука ва опа-сингилларим! Агар бошингизга тушган мусибатлар сизнинг Аллоҳ таоло наздида қадрсиз, дуоси қабул бўлмайдиган инсон эканингиз сабабли бўлаяпти, деган фикр пайдо бўлса, дарҳол бу фикрни ўзингиздан четлаштиринг ва билингки, лаънати шайтон сизни йўлдан урмоқчи! Ичингизда шундай туйғулар пайдо бўла бошласа қуйидаги ҳадисни эсланг: “Бир банда гуноҳ иш қилиб қўйди ва: “Аллоҳим, менинг гуноҳимни кечиргин!” – деди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам гуноҳ иш қилса-да, гуноҳларини кечирадиган Раббиси бор эканини билди” – деди ва унинг гуноҳини кечирди. Банда яна гуноҳ иш қилди ва: “Аллоҳим, гуноҳимни кечир!” – деди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам гуноҳ иш қилса-да, гуноҳларини кечирадиган Раббиси бор эканини билди” – деди ва яна унинг гуноҳини кечирди. Сўнг банда яна гуноҳ қилди ва: “Аллоҳим, гуноҳимни кечир” – деди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам гуноҳ иш қилса-да, гуноҳларини кечирадиган Раббиси бор эканини билди” – деди ва унинг гуноҳини кечирди. Сўнг (учинчи ёки тўртинчисидан кейин) Аллоҳ таоло: “Эй бандам, хоҳлаган ишингни қилавер, (тавба қилар экансан), мен сенинг гуноҳларингни кечираман” – деди” (Муслим ривояти, 2758-ҳадис). Маълумки, бу ҳадиснинг маъноси банда ҳар қандай гуноҳ қилса ҳам, Аллоҳ таоло кечираверади дегани эмас. Ҳадиснинг маъноси шуки, банда ҳар қанча гуноҳ қилмасин, агар сидқи дилдан тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилаверади.

Азиз ака-ука ва опа-сингилларим! Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлманг! Агар шайтон: “Сен Аллоҳнинг раҳматига нолойиқсан” – деб, сизни васваса қилса, “Ҳа, балки мен Аллоҳнинг раҳматига нолойиқдирман, лекин У зот бандаларига лойиғидан афзал муомала қилади” – деб,  у лаънатини ҳайдаб юборинг. Агар шайтон сизга: “Аллоҳ сени суймагани учун турли балолар билан мусибатламоқда” – деса, сиз унга: “Аксинча, У зот мени поклаш учун, гуноҳларимга тавба қилишим учун менга бу синовларни бермоқда” – деб, унинг васвасаларини даф қилинг.

Хулоса:

Азиз ака-ука ва опа-сингилларим! Аллоҳ таолонинг марҳамати кенг, тушкунликка тушиб, Унинг марҳаматидан ноумид бўлишга ўрин йўқ. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Айтинг, эй кўп гуноҳ қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар, зеро, Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Аллоҳ Кечиримли ва Меҳрибон зотдир” (Зумар: 53). Шундай экан, шайтон сизни тушкунликка тушуришига имкон берманг, аксинча, қилган гуноҳларингизга пушаймон бўлишингиз сизни янада Аллоҳ таолога яқинлашишингизга хизмат қилсин!
(Ушбу мақола IslamWeb саҳифасидан бироз ўзгартириш билан олинди).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг