Мусулмонларни ўзига қалқон қилиб олган душманга қарши урушишнинг ҳукми

0

10) Мусулмонларни ўзига қалқон қилиб олган душманга қарши урушишнинг ҳукми:

Ушбу масала мўғул-татарларга қарши уруш даврида яққол кўзга ташланган эди. Мўғуллар қўшиннинг олд сафларига мусулмон асирларни қўйиб, мусулмонлар ўз биродарларини ўлдириб қўйишдан қўрқиб ўқ узмасликлари учун улардан қалқон сифатида фойдаланган эдилар. Шунда бу ҳолатда душманга қарата ўқ узишнинг ҳукми тўғрисида савол пайдо бўлган эди. Негаки, отилган ўқ қалқон вазифасини ўтаган мусулмонларга ҳам тегиши мумкин.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар душман мусулмонни қалқон қилиб олса-ю, ҳали уруш бошланмагани ёки ўқ узмасдан душманни тор-мор қилиш имкони борлиги ёхуд душман хатаридан омонда бўлингани боис уларга қарата ўқ узишга ҳожат бўлмаса, у ҳолда уларга қарата ўқ узиш жоиз эмас. Агар кимда ким бу ҳолатда душман томонга ўқ узса-ю, ўқ мусулмонга бориб тегса, мусулмонга етган зиёнга жавобгар бўлади. Борди-ю, мусулмонларга[1] етиши мумкин бўлган хавф-хатарнинг олдини олиш учун душманга ўқ узиш эҳтиёжи туғилса, унда зарурат ҳолати бўлгани боис ўқ узиш жоиздир. Бу ҳолатда фақат кофирларни қасд қилиб ўқ ўзилади. Бироқ мусулмонларга бирон хавф-хатар бўлмаса-ю, лекин душманни мағлубиятга учратиш учун ўқ узишдан бошқа чора бўлмаса, Авзоий ва Лайснинг фикрига кўра, бу ҳолатда ҳам душманга ўқ узиш жоиз эмас. Қози Абу Яъло ва Шофеийнинг фикрича, агар уруш бошланган ва давом этаётган бўлса, ўқ узиш жоиз. Чунки бу ҳолатда душманга ўқ узмаслик жиҳодни тўхтаб қолишига олиб боради[2].

Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзан қалқон (ўрнида турган мусулмон)ни ўлдириш жоиз бўлади. Бу уни ўлдириш ортидан келадиган манфаат зарурий, умумий ва муҳаққақ бўлганида бўлиб, бу ҳолатда уни ўлдириш жоизлигида ихтилоф бўлмайди, иншааллоҳ. Манфаатнинг зарурийлиги деганда “қалқон”ни ўлдирмай туриб кофирларга яқинлашиб бўлмаслиги назарда тутилади. Манфаатнинг умумийлигидан мақсад “қалқон”ни ўлдириш ортидан бутун мусулмонларга манфаат ҳосил бўлишидир. Агар шундай қилинмаса кофирлар “қалқон” мусулмонни ҳам ўлдиришади ва бутун умматни ҳам хорлашади. Манфаатнинг муҳаққақлигига келсак, бундан мақсад, “қалқон”ни ўлдириш ортидан кўзда тутилган манфаатнинг аниқ ва муҳаққақ ҳосил бўлишидир[3].

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “қалқон” мусулмонни ўлдириш жоизлиги учун қуйидагилар шарт қилинади:

  • Уруш давом этаётган бўлиши ва душманга ўқ узишга эҳтиёж бўлиши.

  • Ўқ узганда мусулмонларни эмас, балки кофирларни ўлдириш қасд қилиниши.

  • “Қалқон” мусулмонни ўлдириш ортидан келиб чиқадиган манфаат зарурий, умумий ва муҳаққақ бўлиши.

[1] Мусулмонлардан мақсад душман қалқон қилиб олган мусулмонлар эмас, балки ислом диёридаги мусулмонлардир.

[2] “Ал-мўғний” (10/ 495), “Аш-шарҳул кабир”.

[3] “Ал-жомеъ ли-аҳкомил қуръон” (16/ 287-288).

Изоҳ қолдиринг