Одам алайҳиссалом зурриётининг бузилиши ва уларнинг бутларга сиғиниши (4)

0

Одам алайҳиссалом зурриётининг бузилиши ва уларнинг бутларга сиғиниши

Қуръони Карим, ҳадислар ва саҳобаларнинг сўзларидан олинган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасида бўлиб ўтган ишлар мазмунига келсак, аввало биз юқорида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзини зикр қилиб ўтган эдикки, унга кўра Одам алайҳиссалом билан Нуҳ алайҳиссалом орасида ўн аср-авлод ўтган бўлиб, уларнинг барчаси ислом динида эдилар. Шунингдек, бу ҳадисдаги “қарн” сўзидан мақсад авлод ёки юз йиллик муддат эканини ҳам айтиб ўтган эдик.

Ана ўша солиҳ аср-авлодлардан сўнг бир қанча ишлар содир бўлдики, бу ишлар охир-оқибат ўша замонда яшаган кишиларнинг бутларга сиғинишини тақозо қилди.

Уларнинг бу куйга тушишига сабаб Имом Бухорий қуйидаги оят тафсири тўғрисида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган[1] нарса бўлди:  “(Ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): “Сизлар асло ўз худоларингизни тарк қилманглар! Вадни ҳам, Сувоъни ҳам, Яғусни ҳам,  Яуқни ва Насрни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!”, дедилар” [Нуҳ: 23].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: “Бу Нуҳ қавмидан бўлмиш солиҳ кишиларнинг исмларидир. Улар вафот этгач, шайтон уларнинг қавмига ваҳий қилиб: “Уларга атаб ўзлари (вафотларидан олдин) ўтирган мажлисларида ҳайкал  ўрнатинглар ва бу ҳайкалларни уларнинг исмлари билан номланглар”, – деди. Қавмлари шундай қилдилар. Бироқ бу ҳайкалларга ибодат қилинмади. Токи бу ишни қилган қавм дунёдан ўтиб, илм йўқолгач, бу ҳайкалларга ибодат қилина бошланди”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Нуҳ алайҳиссалом қавмидаги бу бутлар кейинчалик арабларга кўчиб ўтди”.

Нуҳ қавмининг бу бут-санамларга ибодат қилиш борасида турли-туман услуб ва анъаналари мавжуд бўлиб, биз уларни “Тафсир” китобимизда тегишли ўринларда зикр қилганмиз. Ҳамду-сано ва миннат ёлғиз Аллоҳга хосдир.

Дарҳақиқат, “икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”[2]да ривоят қилинган бир ҳадисда Умму Салама ва Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳумолар  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўзлари Ҳабашистон заминида кўрган “Морийя” деб номланмиш насоролар ибодатхонасини зикр қилиб, унинг чиройи ва ундаги тасвирларни тилга оладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Анавилар ичларида бирон солиҳ инсон оламдан кўз юмса, унинг қабри устида масжид бино қилиб, бу масжидда ана ўша суратларни тасвирлайдилар. Улар Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон одамлардир”, – дедилар.

[1] Бухорий “Саҳиҳ”ида (4920) ривоят қилган.

[2] Бухорий (427) ва Муслим (528) Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг