Соч бўёқларининг таҳоратга таъсири

0

Савол:

Замонавий соч бўёқларини истеъмол қилган эркак ёки аёлнинг таҳорат ва ғусли дурустми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Соч бўяш учун ишлатиладиган бўёқлар таҳоратнинг дуруст бўлишига таъсир қилмайди. Чунки бу бўёқлар сочни сув ўтказмайдиган даражада қоплаб қолмайди. Балки бўёқ ювиб ташлангандан кейин сочда унинг асорати қолади, холос. Бунга қуйидаги воқеа далил бўлади: Макка фатҳ қилинган йили Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дадаси Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келинди. Унинг соч-соқоли қордек оппоқ эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бунинг соч-соқолини бўянглар. Лекин қорага бўяманглар” – деганлар (Муслим ривояти, 2103-ҳадис). Агар бўёқ таҳоратнинг дуруст бўлишига таъсир қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бу ишга буюрмаган бўлардилар.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, агар бўёқ сочни қоплаб олиб, унга сув тегишига монелик қиладиган бўлса, у ҳолда бу турли бўёқлар таҳоратнинг бузулишига таъсир қилмаса-да, лекин таҳоратнинг дуруст бўлишга монелик қилади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг