Али розияллоҳу анҳу: хотин ва болалари

0

Али розияллоҳу анҳу жами бўлиб тўққизта аёл билан турмуш қуриб, улардан ўттиз уч нафар фарзанд кўрган. Биз қуйида Али розияллоҳу анҳу уйланган аёллар ва улардан туғилган фарзандларининг номини бирма-бир айтиб ўтамиз.

Фотима бинти Расулуллоҳ

Фотима розияллоҳу анҳо Али розияллоҳу анҳунинг биринчи хотини бўлган. Али розияллоҳу анҳу ундан тўрт нафар фарзанд кўрган. Улар:

  1. Ҳасан;

  2. Ҳусайн;

  3. Катта Зайнаб;

  4. Катта Умму Кулсум.

Хавла бинти Жаъфар

Унинг тўлиқ исми: Хавла бинти Жаъфар ибн Қайс ибн Маслама. Али розияллоҳу анҳу ундан Муҳаммад исмли ўғил фарзанд кўрган. Хавла розияллоҳу анҳо Бани Ҳанийфа қабиласидан бўлгани учун ўғли Муҳаммад ибн Ҳанафийя номи билан машҳур бўлган.

Лайло бинти Масъуд

Унинг тўлиқ исми Лайло бинти Масъуд ибн Холид. Лайло розияллоҳу анҳо Бани Тамим қабиласидан бўлган. Али розияллоҳу анҳу Лайло розияллоҳу анҳудан икки фарзанд кўрган. Улар:

  1. Убайдуллоҳ;

  2. Абу Бакр.

Уммул Банин бинти Ҳизом[1]

Унинг тўлиқ исми Уммул Банин бинти Ҳизом ибн Холид ибн Жаъфар ибн Рабиа ибн Ваҳид ибн Омир Килобийя. Али розияллоҳу анҳу Уммул Банин розияллоҳу анҳодан тўрт нафар фарзанд кўрган. Улар;

  1. Катта Аббос;

  2. Усмон;

  3. Катта Жаъфар;

  4. Абдуллоҳ.

Асмо бинти Умайс

Али розияллоҳу анҳу Асмо бинти Умайс Хасъамийя розияллоҳу анҳодан икки нафар ўғил кўрган. Улар:

  1. Яҳё;

  2. Авн[2].

Умму Ҳабиба бинти Рабиа

Умму Ҳабибанинг тўлиқ исми Саҳбо бинти Рабиа ибн Бужайр ибн Утба Тағлубийя. Уни Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Бани Жушам қабиласидан қул қилиб олиб келган эди. Али розияллоҳу анҳу Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан бир ўғил ва бир қиз кўрган. Улар;

  1. Катта Умар;

  2. Руқайя[3].

Умома бинти Ос

Унинг тўлиқ исми Умома бинти Ос ибн Рабиа. Умома розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набиралари, яъни Зайнаб розияллоҳу анҳонинг қизи бўлади. Али розияллоҳу анҳу Умома розияллоҳу анҳодан битта ўғил кўрган. Унинг исми Ўртанчи Муҳаммад бўлган.

Умму Саид бинти Урва

Унинг тўлиқ исми Умму Саид бинти Урва ибн Масъуд. Умму Саид розияллоҳу анҳо Бани Сақиф қабиласидан бўлган. Али розияллоҳу анҳу Умму Саид розияллоҳу анҳодан икки нафар қиз кўрган. Улар:

  1. Умму Ҳасан;

  2. Катта Рамла.

Муҳайё бинти Имриул Қайс

Унинг тўлиқ исми Муҳайё бинти Имриул Қайс ибн Адий ибн Авс ибн Жобир ибн Каъб ибн Улайм ибн Калб. Муҳайёнинг отаси Имриул Қайс жоҳилиятда ўтган машҳур шоир Имриул Қайс эмас. Али розияллоҳу анҳу Муҳайё розияллоҳу анҳодан битта қиз кўрган. Унинг исми айтилмаган. У ёшлигида вафот этиб кетган.

Чўриларидан туғилган фарзандлари

Али розияллоҳу анҳу чўриларидан ўн тўрт нафар фарзанд кўрган. Улар:

  1. Ўртанчи Муҳаммад;

  2. Умму Ҳонеъ;

  3. Маймўна;

  4. Кичик Зайнаб;

  5. Кичик Рамла;

  6. Кичик Умму Кулсум;

  7. Фотима;

  8. Умома;

  9. Хадича;

  10. Уммул Киром;

  11. Умму Салама;

  12. Умму Жаъфар;

  13. Жумона;

  14. Нафиса.

Хулоса

Али розияллоҳу анҳунинг фарзандлари мана шулар, булардан бошқалари борлиги саҳиҳ ривоятларда келмаган. Али розияллоҳу анҳунинг ўз пуштидан бўлган фарзандлари ўттиз учта бўлиб, булардан ўн тўрттаси ўғил, ўн тўққизтаси қиз бўлган. Али розияллоҳу анҳунинг насли шуларнинг бештасидан: Ҳасан, Ҳусайн (оналари Фотима розияллоҳу анҳо), Муҳаммад ибн Ҳанафийя (онаси Хавла розияллоҳу анҳо), Аббос ибн Килобийя (онаси Уммул Банин розияллоҳу анҳо) ҳамда Умар ибн Тағлубийя (онаси Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо)лардан тарқаган[4].

(Давоми бор)

[1] “Бидоя ва ниҳоя” 7\332.

[2] “Бидоя ва ниҳоя” 7\332.

[3] Абу Нуаймнинг “Маърифатус саҳоба” китоби, 1-жилд, 89-бет.

[4] “Табақотул кубро” 3\20.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг