Бу борада ҳайвонлар икки қисмга: гўшти ейиладиган ва гўшти ейилмайдиган ҳайвонларга бўлинади.
Гўшти ейиладиган ҳайвонларга келсак, рожиҳ фикрга кўра уларнинг сийдиги ва тезаги нажосат саналмайди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Укл ёки Урайна қабиласидан бир-неча кишилар Мадинага келдилар ва уларга шаҳар ҳавоси ёқмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни (Мадина ташқарисидаги) сутли туяларга бориб, уларнинг сийдик ва сутидан ичишга буюрдилар”[1].
Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг сийдиги тоза – нажосат эмас, деганлар мазкур ҳадисни далил қилишади. Бу имом Молик, имом Аҳмад ва бошқа уламоларнинг фикрларидир.
Шавконий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Нарсалар токи нажосатлиги аниқ исбот этилмагунча аслида тоза экани тўғрисидаги қоида ҳам ушбу фикрни қўллаб-қувватлайди”[2].
Гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг тезак ва сийдигига келсак, айрим уламолар уларнинг нажосат эканини айтганлар. Улар бу фикрга Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қилганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатга бордилар ва менга учта кесак олиб келишни буюрдилар. Мен излаб-излаб, бор-йўғи иккита кесак топдим. (Учинчи кесакнинг ўрнига) бир дона тезакни олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб бордим. Шунда у зот иккита кесакни олиб, тезакни ташлар эканлар: “Бу нажасдир” – дедилар”[3]. Ибн Хузаймадаги бир ривоятда: “У зот учун иккита кесак билан бир дона эшакнинг тезагини топдим”, деган қўшимча бор.
Бошқа бир гуруҳ уламолар айнан шу ҳадисга таяниб, эшакнинг тезагидан ташқари гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг сийдик ва тезаклари тоза деган фикр билдирганлар.
Сиддиқ Ҳасанхон роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Қабул қилишга лойиқ бўлган ҳақиқат шуки, шаръий далил-ҳужжат билан нажосатлиги собит бўлган нарсаларни нажосат деб ҳукм қилиш керак. Бундай нарсалар одамнинг сийдик ва ахлатидир. Ундан бошқа нарсаларга келсак, агар улар ҳақида нажосатлигига далолат қиладиган бирон ҳужжат бўлса, у ҳолда нажосат деб ҳукм қилиниши керак. Бунга Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги эшакнинг тезаги мисол бўлади. Борди-ю, бирон далил келмаган бўлса, у ҳолда нарсаларнинг аслида поклиги хусусидаги умумий қоидага биноан бирон нарсани далилсиз нажосат деб эътиқод қилинмайди. Зеро, бу умумий қоидага кўра барча нарсалар аслида тоза – нажосат эмас. Уни нажосат деб ҳукм қилиш оммага машаққат туғдирадиган шаръий ҳукмдир. Бинобарин, бирон нарсани далил-ҳужжатсиз нажосат дейиш жоиз эмас”[4].
[1] Бухорий (233, 6802, 6803, 6805), Муслим (1671), Абу Довуд (4364) ва Насоий (7/ 94) ривоят қилишган.