Жунуб одам сув топа олмаса қандай намоз ўқийди?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Жунуб бўлиб қолганда сув топа олмаса, намозини қазо қиладими ёки жунуб ҳолида ҳам намоз ўқиса бўлаверадими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

 Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Жунуб бўлган инсон агар сув топа олмаса ёки сув ишлатишдан ожиз бўлса таяммум қилиб намоз ўқийди.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар жунуб бўлсаларингиз, ғусл қилингиз! Агар бемор ё мусофир бўлсангиз ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроқ билан таяммум қилингиз (яъни юзингиз ва кафтларингизни покиза тупроқ билан силангиз). Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди” [Моида:  6].

Саид ибн Абдураҳмон ибн Абза отасидан ривоят қилади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир одам келиб: “Мен жунуб бўлиб қолдим,  (ювинишга) сув топа олмадим” – деди. Умар розияллоҳу анҳу унга: “Ундай бўлса намоз ўқима” – деди.  Шунда Аммор ибн Ёсир Умар ибн Хаттобга деди:  “Эй мўминлар амири, ёдингиздами, иккимиз сафарда жунуб бўлиб қолган эдик.  Шунда сиз намоз ўқимаган эдингиз. Мен эса тупроққа ағанаб, сўнгра намоз ўқиган эдим. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган воқеани айтиб берганимда у зот: “Икки кафтингни ерга уриб, сўнг кўлларингни пуфлаб, икки қўлинг билан юз ва кафтларингни масҳ қилишинг (силашинг) кифоя қилар эди” –  дедилар [Муслим: 558].

Таяммумнинг кўринишига келсак,  аввало, жанобатни кетказиш ёки таҳорат ҳосил қилишни ният қилиб, кейин икки кафти билан ерга бир бор уради. Сўнг кафтларини пуфлаб, икки қўли билан юзини, кейин кафтларини масҳ қилади. Ушбу қилган таяммуми билан жорий намоз вақти чиқиб кетгунга қадар истаган фарз, нафл ёки қазо намозларини ўқиши жоиздир. Бироқ навбатдаги намоз вақти кириши билан қайтадан таяммум қилади. Чунки ҳар бир намоз вақти кириши билан олдин қилган таяммуми бузилади. Таяммум қилган киши кейинчалик сув топса ёки сув ишлатишга қодир бўлса, агар жанобатдан таяммум қилган бўлса, ғусл қилиши ёки таҳорат ҳосил қилиш учун таяммум қилган бўлса, таҳорат қилиши лозим бўлади,  валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг