Иккинчи ҳадис (6) Аллоҳга иймон келтириш (давоми)

0

Одамлар ўртасида ихтилоф пайдо бўлган Аллоҳнинг исм ва сифатлари масалаларидан яна бири “Аллоҳ Одамни ўз суратига кўра яратди[1], деган ҳадис мазмунидир. Мазкур ҳадис маъноси тўғрисида турли баҳс-мунозаралар, тортишувлар ва шов-шувлар бўлиб туради. Баъзилар ажабланиб сўрайдилар: “Ахир қандай қилиб Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг суратига монанд яратиши мумкин?!”.

Айрим кишилар бу чигалликни бартараф этиш учун ҳадис маъносини жуда беўхшов ва хунук тарзда буриб, “ҳадисдаги “ўз суратига кўра” деган сўздан Одам назарда тутилган, яъни Аллоҳ Одамни Одам суратида яратди”, дейишади! Бироқ башариятнинг энг фасоҳатли ва сўзамоли бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай содда ва беўхшов сўзни гапиришлари мумкинми?! Ахир ҳар қандай жонзот ўз суратига монанд яратилгани шундоқ ҳам маълумку? Агар шундоқ бўладиган бўлса, у ҳолда Одамнинг бошқалардан афзаллиги қолмайдику? Албатта, уларнинг бу гаплари бемаъни сафсатадан бошқа нарса эмас. Биласизларми, нега улар бундай бўлмағур талқинга қўл урдилар?

Уларнинг айтишича, агар ҳадисдаги “ўз суратига кўра” деган сўздан Аллоҳ назарда тутилса, у ҳолда Аллоҳни махлуқотларига ўхшатиб қўйган бўлар эмишмиз. Чунки бирон нарсанинг сурати ўша нарсага батамом ўхшаш бўлиб ва бундан Аллоҳ таолони махлуқотларига ўхшатиш келиб чиқармиш.

Уларга айтадиган жавобимиз шуки, агар сизлар оят ва ҳадисларга тўлиғича амал қилганингизда эди, “Аллоҳ Одамни Ўзининг, яъни Аллоҳнинг суратида яратди, бироқ Аллоҳга ўхшаш бирон нарса йўқ”, деган бўлур эдингиз.

Шу ўринда эътироз туғилиши мумкин: “Қани бизларга бир нарса бошқа бир нарсанинг сурати каби бўлиб, бироқ унга ўхшамаслигига қониқарли бирон мисол келтирингларчи?”.

Эътирозга жавоб шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида шундай дейдилар: “Дастлаб жаннатга кирадиган жамоат ўн беш кунлик тўлин ой суратида, улардан кейинги жамоат эса осмондаги энг ёрқин юлдуз суратида бўлур…[2]. Хўш, айтингчи, жаннатга кирган бу одамлар ҳар томонлама ой суратида бўладиларми ёки улар инсон суратида бўлиб, фақат гўзаллик, кўркамлик, юзларининг порлоқлиги ва шу каби сифатлардагина ойга ўхшайдиларми?! Бордию, ҳар томонлама ойга ўхшайдилар десангиз, демак, улар жаннатга киришганида уларда кўз, оғиз ва шу каби бошқа аъзолар бўлмаслиги керак. Агар фақат гўзаллик ва кўркамлик сифатларидагина ойга ўхшайдилар десангиз, у ҳолда ҳадис тўғрисидаги чигаллик йўқолиб, бир нарсанинг бошқа бир нарса суратида бўлишидан унга ҳар томонлама ўхшаши келиб чиқмаслиги ўз исботини топади!

Шуни таъкидлаш лозимки, Аллоҳнинг исм ва сифатлари масаласи катта ва муҳим масала. Бу масалада турли чигаллик ва ҳалокатдан сақланиб, соғлом ва ҳақ йўлдан бораман деган инсон салафи солиҳларнинг йўлини тутиши лозим. Аллоҳ таоло Ўзини номлаган ёки сифатлаган исм ва сифатлар билан У зотни сифатланг, шунингдек, Аллоҳ ўзидан рад этган, узоқ қилган исм ва сифатларни сиз ҳам рад этинг, ўшанда саломат бўласиз.

Айрим масалалар борки, унда баҳс-мунозара қилиш динда чуқур кетиш ҳисобланади. Бундай масалаларда изланиш, баҳс-мунозара қилиш ярамайди.

Дарҳақиқат, имом Молик роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг “Раҳмон арш устида (истиво қилди) юксалди”, деган сўзи ҳақида –  У зотнинг Аршда қандай истиво қилгани ҳақида сўралади. Шунда Имом Молик роҳимаҳуллоҳ бошини қуйи солиб, унга берилган саволнинг оғирлиги ва Раб таолога бўлган таъзимидан терга ботади. Бир муддатдан сўнг бошини кўтариб шундай дейди: “Истиво ноаниқ нарса эмас, қандай истиво қилгани ақл билан идрок қилинадиган иш эмас, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда савол сўраш эса бидъатдир. Мен сени бидъатчи деб ўйлайман”. Шундан сўнг Имом Молик савол сўраган одамни масжиддан (Масжиди Набавийдан) чиқариб ташлашга буюради ва у одам масжиддан чиқариб ташланади.

Имом Молик “истиво ноаниқ нарса эмас” деган гапи билан бу сўзнинг араб тилидаги маъноси маълум демоқчи. Чунки араб тилида “истава ало каза”, яъни “бирон нарса устида истиво қилди” дегани, шу нарсанинг “устига чиқди, ўрнашди” маъносини ифода этади. Қуръони Карим, ҳадислар ва арабларнинг гапида “истава” феъли “ало” предлоги воситасида ўтимли бўлса, гапда зикр қилинган нарсанинг устига чиқиш, юксалиш маъносини билдиради. Имомнинг “қандай истиво қилгани ақл билан идрок қилинадиган иш эмас”, деган гапига келсак, бу билан Аллоҳнинг аршга истиво қилиши – кўтарилиши ақл воситасида идрок қилинадиган иш эмас, балки буни билишнинг бирдан-бир йўли оят ва ҳадислардир демоқчи. “Унга иймон келтириш вожиб”, яъни Аллоҳнинг Ўзига лойиқ ва муносиб тарзда Аршга истиво қилганига иймон келтириш вожибдир. “У ҳақда савол сўраш эса бидъатдир”, яъни Аллоҳнинг Аршга қай тарзда истиво қилгани тўғрисида савол сўраш бидъатдир. Негаки, бундай саволни саҳоба розияллоҳу анҳумлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрамаганлар. Ҳолбуки, улар биздан кўра Аллоҳни танишга интилувчанроқ, шунингдек, жавоб берувчи зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам биздан кўра Аллоҳни яхши билувчироқ эдилар. Шунга қарамасдан бу каби саволларни бермадилар. Ахир салафи солиҳларга кифоя қилган дин бизга ҳам кифоя қилиши ва ортиқча саволларга барҳам беришимиз керак эмасми?!

Имом Молик савол сўраган одамга қарата: “Мен сени бидъатчи деб ўйлайман” – деди. Яъни, сен одамларнинг динини бузмоқчисан, дея, уни масжиддан чиқариб ташлашга буюрдилар. Имом Молик мен уни мажиддан қувлай олмайман. Агар шундай қилсам Аллоҳ таолонинг “Аллоҳнинг масжидларида Аллоҳнинг исми зикр қилинишидан тўсадиган ва уларни хароб қилиш ҳаракатида юрадиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор?” [Бақара: 114], деган сўзига дохил бўлишдан қўрқаман, демадилар. Чунки Имом Молик роҳимаҳуллоҳ уни масжиддан ман қилганига сабаб, у масжидга Аллоҳни зикр қилиш мақсадида эмас, балки Аллоҳнинг бандалари ўртасида фасод қилиш учун кирган эди. Маълумки, бундай одамлар масжидга киришдан ман қилинадилар.

Ахир саримсоқ ёки пиёз еган одам масжидга киришдан ман қилинса, одамларнинг динини бузишни истаган кимса ман қилинишга янада лойиқроқ эмасми?! Албатта ман қилишга ҳақлироқ, бироқ кўпчилик одамлар бундан ғафлатдалар.

Нима бўлганда ҳам Аллоҳнинг исм ва сифатлари боби бениҳоят муҳим ва айни дамда хатарли бобдир. Мен сизларни бу бобда чуқур кетиш ва билишга эҳтиёж туғилмаган масалалар хусусида сўраб-сўриштиришдан огоҳлантираман.

Баъзи инсонлар “Аллоҳнинг бармоқлари бор”, дейишади. Аллоҳ ва Расулининг гапини бурувчилар эса “Аллоҳнинг бармоқлари йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Одам боласининг қалби Раҳмон бармоқларидан икки бармоқ орасида бўлади[3], деган сўзидаги “бармоқ” сўзидан “тўла ва мукаммал бошқариш ва ҳукмронлик қилиш” маъноси кўзда тутилган”, дейдилар. Субҳаналлоҳ! Сизлар билувчироқмисиз ёки Аллоҳнинг Расулими?! Аллоҳнинг бармоқлари бор дейиш У зотни бандаларига ўхшатишни келтириб чиқаради деган гумон билан Аллоҳнинг бармоқлари борлигини инкор этадилар. Бундай кимсалар аввало Аллоҳни махлуқотларига ўхшатиб, сўнгра бу сифатни йўққа чиқарадилар. Шундай қилиб, икки қабиҳ иш: Аллоҳни махлуқотларига ўхшатиш ва Унинг сифатларини йўққа чиқариш ўртасини жамлайдилар.

Бошқа бир одамлар борки, қўлига мисвокни олиб, уни бармоқлари орасида ўйнатар экан “Одам боласининг қалби Раҳмон бармоқларидан икки бармоқ орасида бўлади”, дея кўрсатиб беради. Аллоҳ таоло бундай одамнинг бармоқларини узсин. Ахир шундай қилиб кўрсатиб бериш дурустми?!

Албатта, мутлақо бундай қилиш ярамайди. Аввало, сиз қаёқдан биласиз, Аллоҳнинг бармоқлари бешта: бош бармоқ, кўрсаткич бармоқ, ўрта бармоқ, ён бармоқ ва жимжилоқ эканини?! Табиийки, билмайсиз.

Иккинчидан, “Одам боласининг қалби Раҳмон бармоқларидан икки бармоқ орасида бўлади”, дегани қалб Унинг бош бармоқ ва кўрсаткич бармоғи ёки бош бармоқ ва ўрта бармоғи ёки бош бармоқ ва ён бармоғи ёки бош бармоқ ва жимжилоғи ўртасида бўлишини қаёқдан билдингиз?! Ахир Аллоҳ ҳақида ўзингиз билмаган нарсаларни қандай айтасиз ёки Аллоҳга бўҳтон қилмоқчимисиз?! Шубҳасиз, бундай инсонлар таъзирга лойиқдирлар. Чунки улар Аллоҳ ҳақида билмаган гапларни айтадилар.

Бундай кимсалар айтиши мумкин: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳ Эшитувчи ва Кўрувчидир”, деган оятни ўқиганларида бош бармоқлари билан кўрсаткич бармоқларини кўз ва қулоқларига қўйиб кўрсатмадиларми?”[4].

Бунга жавоб шуки, тўғри, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилдилар. Лекин сиз пайғамбар эмассизку, шундай қилсангиз?! Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккита бармоқларини кўз ва қулоқларига қўйишдан мақсади Аллоҳнинг кўз ва қулоғини ўзларининг кўз ва қулоқларига ўхшатиш эмас, балки бу икки сифат: кўриш ва эшитиш сифати ҳақиқий сифат эканини таъкидлаш, холос.

Яна такрор айтаман, Аллоҳнинг исм ва сифатлари ўта муҳим ва жиддий масала. Бу масалада оёғингиз тойиб кетишидан эҳтиёт бўлинг, зеро, оёғингиз остида тубсиз жарлик бор.

Айрим одамлар Аллоҳ таолонинг “Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир)”, деган сўзини шарҳлар экан, қўлига бир нарсани чангаллаб кўрсатади. Айни дамда бошқа бир жамоат ер Аллоҳнинг чангалида бўлишидан ер Унинг тасарруфида бўлиши мақсад қилинган дейишади. Натижада, ҳар икки томон Аллоҳ Ўзини сифатлаган сифатни махлуқотларнинг сифатларига ўхшатмаган ёки бу сифатни йўққа чиқармаган ҳолда исбот қилмайдилар.

Аллоҳнинг исм ва сифатлари бобида салафи солиҳлар гапирмаган гапни гапиришдан эҳтиёт бўлиш зарур.

Баъзи уламолар айтганлар: “Агар инсонга саҳоба ва тобеинларга кифоя қилган дин кифоя қилмаса, улар қаноатланган динга қаноатланмаса, Илоҳо, бундай кимса асло қаноатланмасин!”.

[1] Бухорий (5873) ва Муслим (2841) ривоят қилишган.

[2] Бухорий (3246) ва Муслим (2834) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

[3] Муслим (17, 2654).

[4] Абу Довуд (4728).

Изоҳ қолдиринг