Намоздан кейинги зикрлар қачон айтилади?

3

Савол:

Ассалому алайкум! Намоздан кейинги тасбеҳ ва зикрлар фарз намозидан кейиноқ айтилиши афзалми ёки суннат намозидан кейинми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин! Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Намоздан кейинги тасбеҳ ва зикрлар хусусида келган саҳиҳ ҳадислар ушбу зикрларни фарз намозидан кейин айтиш афзал эканига далолат қилади.

  1. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб бўлганларидан кейин уч бор “астағфируллоҳ” деб, сўнгра: “Аллоҳумма антассалам ва минкассалам таборакта Зал-жалали вал-икром” деб айтар эдилар[1].

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча суннат намозларни уйда ўқир эдилар. Саҳобалар эса у зотнинг фарз намозидан кейинги амалларини кўрар эдилар.

  1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Камбағал саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, бадавлат биродарларимиз олий даражалар ва доимий неъматларга эришмоқдалар, улар биз каби намоз ўқишади ва биз рўза тутгандек рўза тутишади. (Камига) садақа бериб ҳаж ва умра ибодатларини бажариб, жиҳодларда ҳам иштирок этишади”, дейишганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга бир нарсани ўргатайми? Агар шу айтган нарсамни бажарсанглар, сизлардан ўзиб кетганларга етиб оласизлар ва кейингилардан ўзиб кетасизлар. Ҳеч ким сизлардан афзал бўла олмайди. Фақат сизлар бажаргандек амал қилишса, афзал бўлишади”, деганларида, улар: “Ҳа, ўргатинг”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар намоз кетидан ўттиз уч марта “субҳаналлоҳ”, ўттиз уч марта “алҳамдулиллаҳ” ва ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деб айтинглар, дедилар”[2].

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ юқоридаги ҳадисда зикр қилинган “намоз кетидан” деган сўзни изоҳлаб, шундай дейди: “Пайғамбаримизнинг намоз кетидан деган сўзлари фарз ва суннат намозларини ҳам ўз ичига олади. Лекин кўпчилик уламолар ушбу зикрлар фарз намозидан кейин айтилади дейишган. Муслим Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган (қуйидаги) ҳадис бу зикрларнинг фарз намозидан кейиноқ айтилиши керак эканини кўрсатади[3].

  1. Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фарз намози кетидан айтиладиган шундай тасбеҳлар борки, уни айтган ёки унга амал қилган киши зиён кўрмайди. Бу зикрлар: ўттиз уч марта “субҳаналлоҳ”, ўттиз уч марта “алҳамдулиллаҳ” ва “ўттиз тўрт марта “Аллоҳу акбар” дейишликдир[4].

Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ушбу ҳадис намоздан кейинги зикрлар фарз намозидан кейиноқ айтилиши кераклигига очиқдан-очиқ  далолат қилади. Бу ўринда фарз намозларидан кейин суннат намози бор ё йўқлигининг фарқи йўқ”.

  1. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким ҳар фарз намози кетидан Оятул Курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради[5].

  2. Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар фарз намози кетидан: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Аллоҳумма ла манеъа лима аътойта ва ла муътия лима манаъта вала янфауъ залжадди минкал жад”.

Маъноси: “Шериги бўлмаган ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Барча мулк ва ҳамд-санолар Унга лойиқдир. У барча нарсага қодир зот. Аллоҳим Сен ато қилган неъматингни тўсиб қолгувчи ва Сен тўсиб қолган неъматингни бергувчи йўқ. Бирон мансаб (ёки молдавлат) эгасининг мансаби (ёки молдавлати) уни Сенинг ҳукмингдан асраб қолмайди[6].

Хулоса қиладиган бўлсак, ушбу зикрларни фарз намозидан кейиноқ айтиш суннат намозидан сўнг айтишдан афзал ҳамда суннатга мувофиқ ҳисобланади, бироқ суннат намозидан сўнг айтиш ҳам жоиздир, валлоҳу аълам.

[1] [Муслим: 1273].

[2] [Бухорий: 843, Муслим: 1286].

[3] [«Фатҳул Борий», 2/328].

[4] [Муслим: 596].

[5] [Насоий «Сунанул кубро», 9848, Табароний «Мўъжамул кабийр», 7532 ривоят қилишган. Ҳасан ҳадис].

[6] [Бухорий: 844, Муслим: 593].

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion3 комментария

  1. Ассаламу Алайкум мени исмим ильхом мен намоздан кейинги дуолар бойича савол йулламокдаман айтингчи бомдод намозидан кейин биринчи кайси дуо ва кейин кайси дуолар зикр килинади? Олдиндан рахмат.

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.
      Бу борада батафсил маълумот олиш учун “Кундалик зикрлар” рукни остида қўйиб борилаётган мақолаларимизни кузатиб боринг.

  2. Шахноза

    Ассалому аллейкум темир пирлар зиератига боргандик гор ичига икта шам екиб койбди бирига яхши ният икинчисига емон ният айтишни биз ниятларимизни айтик ният килганимизда оллохдан сораб ният килдик бу ширкка кирадими?

Изоҳ қолдиринг