Бомдод намозига тура олмаган имом қолган намозларда имомга ўтса бўладими?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Бомдод намозига тура олмаган имом қолган намозларда имомга ўтса бўладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Бизга йўллаган ушбу саволингиздаги “бомдодга тура олмаган” деган иборани икки хил тушуниш мумкин: биринчиси: бомдод намозини доимий равишда ўқимаслик, иккинчиси: бомдод намозидан гоҳида беихтиёр ухлаб қолиш.

Агар ушбу имом бомдод намозини доимий суратда бирон шаръий узрсиз ўқимасликка одатланган бўлса, у ҳолда қасддан намозни тарк қилгани боис жумҳур уламолар фикрига кўра фосиқ[1] ҳисобланади. Зеро, биргина намозни бўлсада қасддан тарк қилиш гуноҳи кабира ҳисобланиб, у бу ишидан тавба қилиши ва намозларни ўз вақтида адо этиши фарздир. Шунга қарамай фосиқ имомнинг ортида намоз ўқиш жоиз бўлиб, бу каби инсон қолган намозларга имомликка ўтса ушбу намозлар саҳиҳ (яъни дуруст) ҳисобланади.

Агар инсон бомдод намозидан гоҳида беихтиёр ухлаб қолса, қолган намозларда имомга ўтишининг зиёни йўқ. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар сафарлардан бирида бомдод намозидан ухлаб қолиб, уйғонганларидан сўнг намозни қазосини ўқиганлари собит бўлган[2].

Қолаверса, мусулмон киши беихтиёр номоздан ухалаб қолиши билан гуноҳкор бўлмайди. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Уч тоифадан: то уйғонмагунча уйқудаги кимсадан, то эс-ҳушига келмагунча ақлдан озган кимсадан ва то балоғатга етгунига қадар ёш боладан қалам кўтарилган, (яъни уларга гуноҳ ёзилмайди)[3]. Бироқ намоздан ухлаб қолган ёки баъзи сабабларга кўра намозни эсидан чиқариб қўйган киши уйғонган ёки эслаган вақтида ўқиб олиши лозим.

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким намоздан ухлаб қолса ёки унутиб қўйса эслаган вақтида ўқиб олсин”.

Аммо намоздан ухлаб қолса гуноҳ бўлмас экан, деб, намозга бепарволик қилиб ўз вақтидан кечиктириш ёки охирги вақтида ўқиш ҳам тўғри эмас. Зеро, намоз динимиз асосларидан ва энг буюк ибодатлардан ҳисобланади. Ушбу буюк ибодатга бепарво бўлиш ҳамда уни зое қилиш шариатимиз томонидан қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар.  Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни ёмон жазога) йўлиқурлар”  [Марям: 59].

Бас, намозларини унутиб қўядиган кимсалар бўлган намозхонларга ҳалокат бўлсин!” [Моъун: 4-5], валлоҳу аълам.

[1] Уламолар намозни қасдан тарк қилган кишининг ҳукми хусусида ихтилоф қилганлар. Жумҳур уламолар унинг фосиқ бўлишини айтсалар, бир гуруҳ уламолар бундай киши кофир бўлади деганлар. Ҳар икки томоннинг ўзига яраша кучли далиллари бор. Шу боис бир марта бўлса ҳам намозни қасддан тарк қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим.

[2]  [Бухорий: 344, Муслим: 1509]

[3] Ҳасан саҳиҳ. Абу Довуд (4398), Ибн Можа (2041) ва Аҳмад (6\ 100) ҳасан ровийлар шажараси ила Ойша розияллоҳу анҳодан, Абу Довуд (4399) Ибн Аббосдан,  Абу Довуд (4403) ва Термизий (1423) Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг