Саҳобаларнинг фазилати (3)

0

(Бу мақола Шайх Содиқ Самарқандийнинг «Саҳобаларнинг фазилати» номли аудио дарслари асосида ёзилди)
Саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган нохуш воқеалар хусусида қисқача тўхталиб ўтамиз. Али розияллоҳу анҳу билан Муовия розияллоҳу анҳу иккиси ўртасида катта бир тўқнашув юз берди. Агар ҳақ Али розияллоҳу анҳу тарафида бўлса иккита ажр оладилар, борди-ю, Муовия розияллоҳу анҳу хато қилган бўлсалар, бу ишни ижтиҳод билан қилганлар деб эътиқод қиламиз. Маълумки, мужтаҳид хато қилса, битта ажр олади. Бу борадаги бизнинг ақидамиз шуки, уларнинг ҳар иккиси ҳам бир таъвил ёки бир сабаб билан шу ишларга қўл урганлар. Муовия розияллоҳу анҳу қилган иш ҳам бир жиҳатдан тўғри бўлса, Али розияллоҳу анҳу қилган иш ҳам бир жиҳатдан тўғри эди. Улар ўртасида қаттиқ жанглар бўлиб ўтди ва охир-оқибат, урушга чек қўйишга келишдилар.

Бу воқеани кузатиб турган фитначилар уруш ниҳоясига етса, уларнинг кирдикорлари очилиб қолишини яхши билишарди. Шунинг учун саҳобалар ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатликни йўқотишга қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Аллоҳ таолонинг ўзгармас суннатларидан бири шуки, ҳар қандай ножўя фикр пайдо бўлмасин, албатта, халқ ичида уни тасдиқлаб, қўллаб-қувватлайдиган инсонлар чиқар экан. Али розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳу билан сулҳ қилишга келишиб, ўртани ислоҳ қиламан, деб турган бир вақтда уммат бошига хаворижлар номли яна бир бало келди. Улар Али розияллоҳу анҳуни бу сулҳга рози бўлганлиги ва ўзи билан Муовия ўртасида бир саҳобийни ҳакам қилгани учун кофирга чиқаришди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, хаворижлар жуда ҳам художўй, тоат-ибодатга қаттиқ эътибор берадиган тоифа эди. Ибодатга берилганлари, саждада узоқ вақт туришгани боис уларнинг пешона ва қўллари яғир бўлиб кетган эди. Бошқачароқ қилиб айтганда, уларнинг фикрлари аҳли суннат эътиқодига жуда ҳам яқин, фақат биргина масалада унга тескари эди. Уларнинг эътиқодида ёлғон гапириш гуноҳи кабира бўлиши билан бир қаторда, бу ишни қилган одам диндан чиқар эди. Бироқ улар шу даражада диндор бўлишларига қарамай, фитначилардан холи эмасдилар.

Хаворижлар Али розияллоҳу анҳуни кофир дейишган бўлса, яна бир тоифа чиқиб, у кишини пайғамбарлик даражасига кўтаришди. Ҳатто баъзи чуқур кетганлари Али розияллоҳу анҳуни худо ҳам дейишди. Бу тоифага, асосан Абдуллоҳ ибн Сабаъ исмли яҳудий бошчилик қилган эди. Бу тоифа ўзларини гўёки Али розияллоҳу анҳунинг тарафини олаётгандек қилиб кўрсатишгани учун шиа, яъни тарафкашлар деб танилдилар.

Шу тариқа ислом тарихида илк бўлиниш содир бўлди: хавориж ва шиалар номли бир-бирига тескари икки тоифа пайдо бўлди. Хаворижлар суннатни сақлаш, унга амал қилишни олға суриб,  ёлғон гапиришни куфр, деб билсалар, шиалар бўлса суннатдан юз ўгириб, ўз манфаатлари йўлида ёлғон сўзлашни диндаги мўътабар амал деб, эътиқод қиладилар. Бошқача қилиб айтганда, хаворижлар суннатни тутиб, мусулмонлар жамоатини тарк қилган бўлсалар, шиалар эса суннатдан воз кечиб, жамоатдан ажралмадилар. Лекин бу икки тоифанинг ҳар иккиси ҳам адашган эдилар. Ҳар икки тоифага мансуб бўлмаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларнинг йўлини маҳкам тутган уммат – уламолар ва уларга эргашган мусулмонлар ўша даврдан эътиборан аҳли суннат ва жамоат деб ном олдилар. Негаки, улар суннатни маҳкам ушладилар, шиалар каби унга путур етказмадилар. Шунингдек, улар мусулмонлар жамоатини сақлаб қолишга, ундан ажрамасликка интилдилар, хаворижлар сингари жамоатдан ажраб чиқмадилар.

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг