Дастлаб, шуни билиб олишимиз лозимки, майитнинг авратидаги тукларни олиш хусусида бирон оят ёки саҳиҳ ҳадис келмаган.
Майитнинг авратидаги тукларни олиш-олмаслик борасида уламолар ижтиҳодларидан келиб чиқиб тўрт хил фикр билдиришган.
Ҳаром.
Макруҳ.
Мубоҳ яъни жоиз.
Мустаҳаб.
1. Ҳаром
Ҳанафий мазҳаби, шунингдек, ҳанбалий мазҳабадиги машҳур фикрга кўра, майитнинг авратидаги тукларни олиш ҳаром ҳисобланади.
Косоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Майит ўша (яъни вафот этгандаги) ҳолича дафн қилиниши суннатдир. Шу сабабдан унинг тирноқлари, мўйлови ва соқоли олинмайди, хатна қилинмайди, қўлтиқ ва аврат туклари ҳам олинмайди” [“Бадоиус-саноиъ”, 1/301][1].
Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан бўлмиш Мансур Баҳутий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Майитнинг авратидаги тукларни олиш асносида унинг авратига қараш ва уни ушлашга эҳтиёж туғилгани учун авратидаги тукларни олиш ҳаром ҳисобланади” [“Кашшофул қаноъ”, 2/98]. Ибн Қудома ҳам ушбу фикрни ўзининг “Ал-муғний” (2/210) китобида рожиҳ деб санаган.
Абул Ҳасан Мирдовий ҳанбалий шундай дейди: “Ҳанбалий мазҳабидаги саҳиҳ фикрга кўра майитнинг авратидаги туклар олинмайди” [“Ал-инсоф”, 2/494].
Бу фикр эгаларининг далиллари:
1) Майитнинг авратидаги тукларни олиш асносида унинг авратини очиш ҳамда унга қўл текказишга тўғри келади. Бу майитнинг ҳурматини поймол қилишлик бўлгани боис ҳаром ишлардан ҳисобланади. Суннатга амал қиламан деб ҳаром ишга қўл урилмайди.
2) Шариатимиз томонидан бу хусусда бирон буйруқ ёки қайтариқ келмаган. Шунинг учун ҳам Имом Молик роҳимаҳуллоҳ майитнинг авратидаги тукларни олиш бидъат деган. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалардан бу хусусда бирон саҳиҳ хабар келмаган. Шу сабабдан майитнинг авратидаги тукларни олиш макруҳ ҳисобланади”. Қолаверса, шариатимиз майитни тезроқ дафн қилишга буюради. Унинг авратидаги тукларни олиш эса дафнни пайсалга солишга олиб боради.
3) Ундан ташқари, рожиҳ фикрга кўра агар майит хатна қилинмаган бўлса, уни хатна қилиш жоиз бўлмаганидек, авратидаги туклар ҳам олинмайди. Чунки майитнинг авратидаги туклар унинг бир бўлаги ҳисобланиб, ҳар бир аъзоси эҳтиромга лойиқдир.
2. Макруҳ
Моликий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, шунингдек, шофеий мазҳаби уламоларининг фикрича майитнинг авратидаги тукларни олиш макруҳдир.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Майитнинг тирноқларини қисқартириш ёки авратидаги тукларни олишни макруҳ деб биламан. У вафот этган ҳолича қолдирилиши керак. Майитнинг тук ва тирноқларини олиш бидъат, деб ҳисоблайман” [“Мудаввана”, 1/180].
Муҳаммад ибн Юсуф Абдарий Моликий айтади: “Майитнинг тукларини олиш ва тирноқларини қисқартириш макруҳдир” [“Ат-тож вал иклийл”, 2/238][2].
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Майитнинг тук ва тирноқларини олиш хусусидаги мазҳабимиз ичидаги тўғри фикр –унинг тук ва тирноқларини олмасдан тарк қилишдир. Чунки майитнинг ҳар бир аъзосининг ҳурмати бор. Мазкур тук ва тирноқларни олишлик билан унинг ҳурмати поймол қилинади. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалардан бу борада бирон саҳиҳ хабар келмаган, шу сабабдан уларни олиш макруҳ саналади” [“Ал-мажмуъ”, 5/141].
Закариё Ансорий Шофеий шундай дейди: “Эҳромда бўлмаган майитнинг тирноқларини қисқартириш, қўлтиқ ва аврат тукларини, шунингдек, унинг сочини олиш макруҳдир” [“Аснол матолиб фи шарҳи равзотут-толиб”, 1/304][3].
Ушбу фикр эгалари ҳам юқорида ўтган мазкур тукларни олиш ҳаром деган уламолар келтирган далилларнинг айнан ўзини зикр қилишган.
3. Мубоҳ
Шофеий мазҳабидаги бир фикрга кўра, майитнинг авратидаги тукларни олиш макруҳ ҳам мустаҳаб ҳам ҳисобланмай, уларни олиш мубоҳ, яъни жоиздир.
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Майитнинг қўлтиғи ёки авратида туклар бўлса, баъзи уламолар ушбу тукларни олишни макруҳ деган. Баъзи уламолар эса уларни олиш жоиз дейишган” [“Ал-ум”, 1/319].
Заркаший роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Майитнинг авратидаги тукларни олиш макруҳ эмас” [“Ал-мансур фил қавоид”, 3/147].
4. Мустаҳаб
Имом Шофеийнинг “жадид” мазҳаби[4] ва ҳанбалий мазҳабидаги бир фикр, шунингдек, Ибн Ҳазм танлаган фикрга кўра, майитнинг авратидаги туклар ҳаддан ташқари ўсиб кетган бўлса, уларни олиш мустаҳаб ҳисобланади.
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шофеий мазҳаби уламоларидан ҳисобланган Мовардийдан нақл қилиб шундай дейди: “Имом Шофеийнинг “жадийд” мазҳабидаги фикрига кўра мазкур тукларни олиш мустаҳаб ва уларни олмаслик макруҳ ҳисобланади” [“Ал-мажмуъ”, 5/141].
Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Имом Аҳмаддан ривоят қилинишича, майитнинг авратидаги тукларни олиш суннатдир” [“Ал-муғний”, 2/211].
Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Агар майитнинг тирноқ, мўйлов ёки авратидаги туклар ўсиб кетган бўлса, буларнинг барчаси олиб қисқартирилади” [“Ал-муҳалло”, 620 -масала].
Жоиз ёки мустаҳаб деб айтган уламоларнинг далиллари:
Авратдаги тукларни олиш бадандаги кирларни тозалаш қабилидан саналиб, шунга биноан уларни олиш жоиз ёки мустаҳабдир.
Авратдаги тукларни олиш фитратдан экан, майит ҳам бу фитратдан бенасиб қилинмаслиги лозим.
Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар майитнинг тирноқ, мўйлов ёки авратидаги туклар ўсиб кетган бўлса буларнинг барчаси олиб қисқартилади. Зеро, мазкур жойлардаги тук ва тирноқларни олиш фитратдан экани хусусида саҳиҳ ҳадислар келган. Майит Яратганинг ҳузурига бориши учун ҳаётлик чоғидаги фитрати бўйича ҳозирланиши лозим” [“Ал-муҳалло”, 620-масала].
Абу Қилобадан ривоят қилинишича, Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу майитнинг авратидаги тукларни олган экан” [“Мусаннаф”, 3/437][5].
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг бу ишига бирон саҳоба эътироз билдирмаган. Демак, унинг бу иши далил бўлади.
Маълумки, даволаниш, хатна қилиш ёки шунга ўхшаш зарурат ўринларида ўзганинг олдида авратни очиш жоиздир. Майитнинг авратидаги тукларни олиш ҳам зарурат ўринларидан ҳисобланади. Бироқ заруратга тор доирадагина амал қилинади. Қолаверса, майитнинг авратига қарамасдан ва унга қўл теккизмасдан авратидаги тукларни “навра” (тукларни тўкиб юборувчи воситалар) ёрдамида кетказиш ҳам мумкин, валлоҳу аълам.
Хулоса:
Ушбу масаладаги рожиҳ фикр шундан иборатки, майитнинг авратини зарурат ҳолатидан бошқасида очиш жоиз эмас. Бироқ эр-хотин каби бир-бирларининг авратига қараши жоиз бўлган инсонлар мазкур тукларни олиши жоиздир. Бундан бошқа ҳолларда ўзгаларнинг майит авратига қараши ҳаромдир. Зеро, майитнинг ҳурмати тирик инсоннинг ҳурмати кабидир, валлоҳу аълам.
Ушбу мақола Шайх Муҳаммад Дибённинг “Таҳорат аҳкомлари қомуси” (3-жилд 197-бет) номли китобдан жузий ўзгартиришлар билан таржима қилинди.
[2] Батафсил маълумот учун қаранг: [“Минаҳул Жалил”, 1/507, “Ҳошиятул Адавий”, 1/412 ва “Ҳошияти Дусуқий ала шарҳил кабийр”].
[3] Батафсил маълумот учун қаранг: [“Туҳфатул муҳтож”, 3/113, “Ҳошиятул Жамол”, 2/154 ва “Ҳошиятул Бужайрамий алал минҳож”, 1/462].
[4] Шофеий мазҳаби уламолари Имом Шофеий диний масалаларда билдирган фикрларини иккига бўлишган: биринчиси “қадийм”, яъни эски, иккинчиси “жадид”, яъни янги фикридир.
“Қадийм” деб Имом Шофеий Мисрга кўчиб ўтишидан илгари ёзган китоблари ёки берган фатволаридаги сўз ва фикрлари назарда тутилади. Имом Шофеийдан “қадийм”даги сўз ва фикрларини нақл қилувчиларнинг энг кўзга кўринганлари Заъфароний, Каробисий ва Абу Саврлар ҳисобланади.
“Жадид” деб Имом Шофеий Мисрга кўчиб ўтгандан кейин ёзган ёки айтган сўз ва фикрлари назарда тутилади. Имом Шофеийдан “жадийд”даги сўз ва фикрларини нақл қилувчиларнинг энг кўзга кўринганлари Бувайтий, Музаний ва Рабеъ Муродийлардир.
[5] Абу Қилоба Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ҳадислар эшитгани собит бўлса, ушбу асарнинг санади саҳиҳ ҳисобланади.