Олтин ва кумуш закоти

0

Закот вожиб бўлган мол-мулк турлари

Биринчидан: олтин ва кумуш закоти

  • Олтин ва кумушдан закот бериш вожиб эканига далил:

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Олтин ва кумушни жамғариб,  уни Аллоҳ йўлида эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб “хушхабарини” етказинг!” [Тавба: 34].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ҳаққи (закоти)ни бермайдиган бирон бир олтин ёки кумуш эгаси йўқки, албатта қиёмат куни бўлганида унга (бу тилло ва кумушлар) оловдан иборат листлар шаклига келтирилади ва (то оловга ўхшаш ҳолатга келгунига қадар) жаҳаннам ўтида қиздирилади. Сўнгра у билан бу кимсанинг (икки) ёнбоши, пешонаси ва орқаси куйдирилади. Миқдори (дунёдаги) эллик минг йилга тенг келадиган  кунда бу оловли листлар совуган сари уни куйдириш учун қайтадан қизитилаверади. Бу ҳолат то бандалар ўртасида ажрим қилиниб, киши ўзининг жаннат ёки дўзахга элтувчи йўлини кўргунича давом этади…[1].

  • Олтин ва кумуш нисоби:

Олтин нисоби 20 динордир. Агар олтин мазкур миқдорга етиб, ҳавл айланса, унинг қирқдан бири, яъни ярим динор закот бериш вожиб бўлади. Бу миқдордан ошганига ҳам қирқдан бири миқдорида закот берилади.

Кумуш нисоби эса  200 дирҳам бўлиб, унда ҳам қирқдан бири, яъни беш дирҳам миқдорида закот вожиб бўлади. 200 дирҳамдан ошганига ҳам қирқдан бир миқдорида закот берилади. Олтиндаги каби кумушда ҳам закот вожиб бўлиши учун ҳавл айланиши шартдир.

  • Мазкур нисобни кўрсатувчи далиллар:

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айтадилар: “Агар сенинг икки юз дирҳам (кумуш)инг бўлиб, устидан ҳавл айланса, ундан беш дирҳам закот берасан. Олтинларинг то йигирма динорга етмагунча сенга улардан закот вожиб бўлмайди.  Агар йигирма динор (олтин)инг бўлиб, устидан ҳавл айланса, у ҳолда улардан ярим динор закот берасан[2].

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Беш “васақ”[3]дан оз (деҳқончилик маҳсулотлар)ида, икки юз дирҳамдан оз кумушда ва бештадан оз туяда закот йўқ[4].

20 мисқол (динор) олтин 85 грамга, 200 дирҳам кумуш эса 595 грамга тенг келади.

Кимда ким мазкур миқдорга тенг олтин ёки кумушга эга бўлиб, унга ҳавл айланса, закот вожиб бўлади.

Олтин ёки кумуш миқдорини ҳисоблашда улар иккисига аралашган бошқа метал ёки қимматбаҳо тошлар чиқариб ташлангандан кейинги соф ҳолати назарда тутилади. Бу ўринда улар иккисининг танга, ёмб, руда кўринишида бўлиши, шунингдек, тижорат қилиш, зеб-зийнат сифатида фойдаланиш ёки бойлик жамғариш мақсадидаги  тақинчоқлар кўринишида бўлишининг фарқи йўқ. Негаки, олтин ва кумушдан закот бериш вожиблигини кўрсатувчи далиллар улар иккисининг муайян кўринишда бўлишини чекламаган.

(Давоми бор)

[1] Имом Муслим (987) ҳадисни тўлалигича ривоят қилган, ҳадис матни ҳам унга мансуб. Шунингдек, ҳадисни Абу Довуд (1658, 1659) ва Насоий (5\12) ривоят қилган.  Қаранг: “Саҳиҳи Бухорий” (1402, 2371, 3072).

[2] Ҳасан. Абу Довуд (1572, 1574), Термизий (620), Насоий (5/37) ва Ибн Можа (1790) ривоят қилишган.

[3] Бир васақ 60 соъга тенг бўлиб, бир соъ ўрта ёшли одамнинг ўртача ҳовучи билан тўрт ҳовучга тенг. Беш васақ тақрибан 653 килограмга тенг келади.

[4] Бухорий (1405, 1447), Муслим (979), Абу Довуд (1558) ва Насоий (5/17) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг