Нуҳ алайҳиссалом ер аҳолисига юборилган дастлабки расулдир (5)

1

Нуҳ алайҳиссалом ер аҳолисига юборилган дастлабки расулдир

Ер юзида фасод тарқаб, заминни бут-санамларга сиғиниш балоси қамраб олгач, Аллоҳ таоло бандаси ва расули Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У ёлғиз ва шериги бўлмаган Аллоҳга ибодат қилишга чақирар ва Ундан ўзга нарсаларга ибодат қилишдан қайтарар эди.

Шундай қилиб, Нуҳ алайҳиссалом ер аҳолисига юборилган илк расул бўлган эди. Бу ҳақда “икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган шафоат ҳадисида шундай дейилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Шунда (маҳшаргоҳ аҳли) Одамнинг ҳузурига келиб: “Эй Одам, сен башарият отасисан, Аллоҳ сени Ўз қўли ила яратган, сенга Ўз руҳидан пуркаган, фаришталарга буюрган ва улар сенга сажда қилганлар ва сенга жаннатни маскан қилиб берган. (Шундоқ экан), биз учун Парвардигорингга шафоат қилақол? Бизни ҳолатимизга бир қара, бизга етган машаққатни кўрмаяпсанми?” – дейдилар. Одам дейди: “Парвардигорим жуда қаттиқ ғазабланган, бундан олдин бунчалик ғазабланмаган ва бундан кейин ҳам бунчалик ғазабланмайди. У мени дарахт (мевасидан ейиш)дан қайтарган эди, мен бўлсам (Унинг айтганига хилоф қилиб) осий бўлдим. Ўзим(ни ўйлаяпман), ўзим(ни ўйлаяпман). Мендан бошқага боринглар, Нуҳни олдига боринглар”. Улар Нуҳнинг ҳузурига келиб: “Эй Нуҳ, сен ер аҳолисига юборилган дастлабки расулсан. Аллоҳ сени “кўп шукр қилгувчи банда” дея номлади. Бизни ҳолимизга бир қарасангчи? Бизга етган машаққатга бир қарасангчи? Биз учун Парвардигорингга шафоат қилақол?” – дейдилар. Шунда Нуҳ дейди: “Парвардигорим шундай ғазабланганки, бундан олдин ҳам бунчалик ғазабланмаган ва бундан кейин ҳам бунчалик ғазабланмайди. Ўзим(ни ўйлаяпман), ўзим(ни ўйлаяпман)”.

Бухорий Нуҳ алайҳиссалом қиссаси[1] хусусида ушбу узун ҳадисни тўлалигича   зикр қилади.

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборар экан, у қавмини ёлғиз ва шериги бўлмаган Аллоҳгагина ибодат қилишга ва Унга қўшиб бирон бир бут, тимсол ва бошқа ҳар қандай нарсага ибодат қилмасликка, Аллоҳнинг ёлғизлигини, Ундан ўзга Илоҳ  ва Ундан бошқа Раб йўқ эканини эътироф этишга даъват қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломдан кейин келган ва барчалари Нуҳ алайҳиссаломнинг зурриётидан бўлмиш пайғамбарларни ҳам ўз қавмларини мазкур ишларга даъват қилишга буюрди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Унинг зурриётини (то қиёматгача) боқий қолгувчи кишилар қилиб қўйдик”  [Соффат: 77].

Нуҳ ва Иброҳим алайҳимассалом тўғрисида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қасамки, Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда пайғамбарлик ва Китобни (яъни, Таврот, Инжил, Забур ва Қуръонни) ҳам икковининг зурриётларига (ато) қилдик” [Ҳадид: 26]. Яъни, Нуҳ алайҳиссаломдан кейин келган барча пайғамбарлар унинг зурриётидандир. Бу борада Иброҳим алайҳиссалом ҳам шундай.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга:  “Аллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар”,  (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз” [Наҳл: 36].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган “илоҳ”лар қилганмиканмиз?!” [Зухруф: 45].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Менгина бордирман, бас Менгагина ибодат қилинглар”, деб ваҳий юборганмиз” [Анбиё: 25].

Шу боис Нуҳ алайҳиссалом қавмига қарата шундай деди: “Албатта,  мен сизларнинг буюк кун (қиёмат кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман”,  деди”  [Аъроф: 59], “Албатта,  мен сизлар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишингиз учун (келган) холис огоҳлантиргувчиман. (Агар ёлғиз Аллоҳдан ўзга бировга сиғинсангизлар), сизларнинг устингизга аламли азоб куни (тушиши)дан қўрқаман” [Ҳуд: 26], “Дарҳақиқат, Биз Нуҳни: “Қавмингни уларга аламли азоб келиб қолишидан илгари огоҳлантиргин”, деб ўз қавмига пайғамбар қилиб юбордик. У деди: “Эй қавмим, албатта мен сизларга (юборилган) очиқ огоҳлантиргувчидирман. Аллоҳга ибодат қилинглар ва У зотдан қўрқинглар ҳамда менга итоат этинглар… Ҳолбуки, У зот сизларни босқичма-босқич яратди-ку!” [Нуҳ: 2-3, 14-оятлар].

Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини Аллоҳнинг динига турли хил даъват услублари: кечаси ва кундузи, махфий ва ошкора, баъзан қизиқтириб ва гоҳида қўрқитиб даъват қилганини, бироқ буларнинг барчаси уларга фойда бермагани, аксинча, уларнинг кўпчилиги залолат ва туғёнда, бут ва хурофотларга сиғинишда  давом этгани, ҳар қандай вақтда унга душманлик қилишга шай турганлари, Нуҳ ва унга иймон келтирган кимсаларни камситиб, уни тошбўрон қилиш ва шаҳардан қувғин қилиш билан унга таҳдид қилганларини ва мўминларга озор бериб, уларга қаттиқ қаршилик кўрсатганларини зикр қилади.

 “(Шунда) унинг қавмидан бўлган зодагон одамлар:  “Биз сенинг очиқ залолатда эканингни кўрмоқдамиз”, дейишди. У айтди: “Эй қавмим,  мен мутлақо залолатда эмасман, балки мен барча оламларнинг Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман!” [Аъроф: 60-61]; Яъни, мен сизлар ўйлагандек адашган – залолатдаги кимса эмасман, аксинча, тўғри ҳидоят йўлидаман, бирон нарсага “бўл”, деса, бўладиган оламлар Раббиси тарафидан келган расул – пайғамбарман. “Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини (буюрганларини) етказурман ва сизларга насиҳат қилурман ҳамда Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман” [Аъроф: 62]. Пайғамбар ана шундай нотиқ ва сўзга чечан бўлмоғи, фасоҳатли, насиҳатгўй ва одамлар ичида Аллоҳни энг яхши танигувчи бўлмоғи керак.

Нуҳ алайҳиссалом қавми унга жумладан шундай дедилар: “Бизлар сени худди ўзимизга ўхшаган одам, деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш (ялангоёқ) кимсалар (шоша-пиша) ўйлаб ҳам кўрмасдан эргашганини кўрмоқдамиз.  Бизнингча,  сизларнинг биздан бирон ортиқ жойингиз йўқ,  балки биз сизларни ёлғончи деб ўйламоқдамиз” [Ҳуд:27].

Улар башарият жинсидан пайғамбар бўлишидан ажабландилар, Нуҳ алайҳиссаломга эргашган кишиларни камситиб, уларни ичларидаги энг паст кишилар деб билдилар. Айтишларича, Нуҳ алайҳиссалом қавми зодагонлари улкан ва баҳайбат кишилар, унга иймон келтирган кишилар эса заиф ва нотавон кишилар бўлган. Зеро, (Рим подшоҳи) Геракл айтганидек, бундай заиф кишилар пайғамбарлар издошларидир[2]. Уларнинг пайғамбарларга эргашишининг сабаби уларда ҳаққа эргашишдан ман қилувчи нарсанинг йўқлигидир.

Уларнинг: “(шоша-пиша) ўйлаб ҳам кўрмасдан” – деган сўзларига келсак, улар бу билан: “Сен уларни даъват қилишинг биланоқ, ўйлаб ва фикрлаб ҳам ўтирмасдан сенга эргашдилар!” – демоқчи бўлдилар. Улар мўминларни айблашмоқчи бўлган бу нарса, аслида мўминлар у сабабли мақтовга сазовор бўладиган нарсанинг айнан ўзидир. Зеро, ошкор кўриниб турган ҳақ ўйлаш ва фикрлашга муҳтож эмас. Аксинча, бу ҳақ зоҳир бўлиши биланоқ унга эргашиш ва бўйсуниш вожибдир. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқни мақтаган эдилар. Шунингдек, (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотидан кейин саҳобалар халифа сайлаш мақсадида Бани Соида) шийпонида йиғилган вақтда саҳобалар тарафидан Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат қилиниши ҳам чуқур ўйлаш ва фикрламасдан тезда амалга ошган эди. Чунки Сиддиқнинг бошқалардан афзаллиги саҳоба розияллоҳу анҳумларга кундек маълум ва равшан эди.

Шу сабабдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сиддиқнинг ўзларидан кейин халифа бўлишини кўрсатиб берадиган бир мактуб ёзишни хоҳлаб, сўнгра бу фикрдан қайтар эканлар: “Аллоҳ ва мўминлар Абу Бакрдан бошқасига рози бўлмайдилар[3], – деган эдилар.

Нуҳ алайҳиссалом қавмининг кофир кимсалари Нуҳ ва унга иймон келтирган кишиларга хитоб қилиб: “Бизнингча,  сизларнинг биздан бирон ортиқ жойингиз йўқ” – деган гапи билан: “Сизлар иймон билан сифатлангандан кейин сизлар учун бирон бир каромат ёки бизлардан афзаллик содир бўлгани йўқ” – демоқчи бўлдилар. “Балки биз сизларни ёлғончи деб ўйламоқдамиз” – дедилар.

“У деди: “Эй қавмим,  хабар берингиз-чи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва У зот менга Ўз даргоҳидан раҳмат — пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, аммо бу сизларга махфий бўлса, биз сизларни ўзингиз истамаган ҳолда (иймон келтиришга) мажбур қиламизми?!” [Ҳуд: 28]. Нуҳ алайҳиссаломнинг бу сўзи унинг қавмига хитоб қилиш чоғидаги хушмуомалалиги ва уларни ҳақга даъват қилишдаги ширинсуханлигини кўрсатади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас,  унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса” [Тоҳа: 44], “(Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли — динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” [Наҳл: 125]. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмига бундай муносабатда бўлиши ушбу оятлар мазмунига батамом мувофиқ келади.

Нуҳ алайҳиссалом қавмига шундай дейди: “Айтингларчи, агар мен Парвардигорим тарафидан ишонч ва аниқ иш устида бўлсам, У менга Ўзининг ҳузуридан раҳмат, яъни пайғамбарлик ва рисолат ато этса-ю, сизлар уни тушуниб  етмасангиз, энди сизлар уни истамасангиз ҳам, ёмон кўрсангиз ҳам сизларни мажбурлаб  бу йўлга солармидек?!”.

Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун мол-дунё сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир” [Ҳуд: 29]; Яъни, Мен дунё ва охиратингизга нафи тегадиган нарсани сизларга еткизганлигим эвазига сизлардан бирон ажр-мукофот истамасман. Мен буни Унинг ажр-савоби менга яхшироқ ва сизлар менга берадиган нарсангиздан боқийроқ бўлган Аллоҳдангина умид қиламан”.

Шунингдек, мен (сизнинг сўзингизга кириб) иймон келтирган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам. Чунки улар Парвардигорларига йўлиқувчидирлар. Лекин мен сизларнинг нодон қавм эканингизни кўрмоқдаман” [Ҳуд: 29]; Гуёки Нуҳ алайҳиссалом қавми ундан иймон келтирган кимсаларни ўзидан йироқ қилишни талаб қилишиб, мабодо Нуҳ алайҳиссалом уларнинг бу истагини бажарса, у ҳолда Нуҳ алайҳиссалом  билан муросага келишни ваъда қилдилар. Нуҳ алайҳиссалом бунга рози бўлмадилар. Нуҳ алайҳиссалом деди: “Чунки улар Парвардигорларига йўлиқувчидирлар”. Яъни, агар мен уларни ҳузуримдан қувлаб солсам, улар Аллоҳга устимдан шикоят қилишларидан қўрқаман.

Шу сабабдан Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аммор, Суҳайб, Билол, Хаббоб ва бошқалар сингари заиф мўминларни атрофидан ҳайдашни талаб қилишганида[4] Аллоҳ таоло у зотни бундай қилишдан қайтарди. Биз бу нарсани Анъом ва Каҳф сураларида баён қилган эдик.

Мен сизларга ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор, демайман. Мен ғайбни билмасман ва “мен фариштаман” ҳам демайман” [Ҳуд: 31]; Яъни, аксинча, мен бор-йўғи бир пайғамбар бандаман. Аллоҳнинг илмидан фақат Ўзи менга ўргатган нарсанигина биламан, Ўзи менга қудрат берган нарсагагина қодирман ва Аллоҳ хоҳламаса ўзимга на фойда ва на зарар келтиришга молик эмасман. “Сизнинг кўзингиз камситган кишиларга Аллоҳ уларга асло яхшилик бермас, демайман. Зеро, Аллоҳ уларнинг дилларидаги нарсани яхши билгувчидир. (Агар шундай дегудек бўлсам), у ҳолда бешак золимлардан бўлиб қоламан” [Ҳуд: 31]; Нуҳ алайҳиссалом камситилган кишилардан ўзига эргашган мўминларни назарда тутмоқда. Яъни, қиёмат куни улар учун Аллоҳнинг ҳузурида бирон яхшилик бўлмайди, дея уларга қарши гувоҳлик бермайман. Аллоҳ уларни Ўзи яхши билгувчидир ва Унинг Ўзи уларнинг дилларидаги нарсага биноан уларга жазо ёки ажру мукофот бергувчидир. Агар уларнинг дилларидаги нарса яхши бўлса, Аллоҳ уларга яхши ажр-мукофотлар ато қилур, ёмон бўлса ёмон жазолагувчидир.  Шунингдек, Нуҳ қавми зодагонлари бошқа бир қанча ўринларда шундай дейдилар: “Сенга пасткаш (ялангоёқ) кимсалар эргашган бўлса,  (бизлар сенга (қандай қилиб иймон келтирурмиз?”.  (Нуҳ) айтди: “Мен уларнинг нима иш қилганини билмасман (менга бунинг нима аҳамияти бор?). Агар пайқай олсангизлар уларнинг ҳисоб-китоби ёлғиз Парвардигоримнинг зиммасидадир. Ва мен (сизнинг сўзингизга кириб) мўмин бўлган кишиларни (ҳузуримдан) қувмайман ҳам. Мен фақат очиқ огоҳлантиргувчиман, холос” [Шуаро: 111-115].

[1] 3340-ҳадис.

[2] Бухорий (7) ва Муслим (1773) Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар.

[3] Муслим (2387) Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган.

[4] Муслим Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади (2413-ҳадис).

Discussion1 комментарий

Изоҳ қолдиринг