Қаср намози ҳақида

1

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Аллоҳ қилаётган хайрли ишларингиз учун чиройли мукофотласин! Бир саволим бор эди, агар имкони бўлса тезроқ жавоб берсангизлар. Мен бир беморни даволаниши учун бошқа юртга олиб бордим. Менинг вазифам бемор билан доктор орасида таржимонлик қилиш. Биз борган давлат менга бир ойлик виза берди, лекин мен қанча вақт бу ерда қолишимни, яъни тўлиқ бир ойми ёки йўқми, буни аниқ билмайман. Мен намозларимни қандай ўқисам тўғри бўлади? Қаср қилиб ўқийманми, жамлайманми ёки йўқми? Илтимос, имкон бўлса шу саволларга тезроқ ва батафсилроқ жавоб берсангиз. Жазакумуллоҳу хойрон!

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Ўзи танлаб олган Расули акрамга, унинг саҳобалари ва аҳли байтларига ҳамда у зотнинг суннатларига эргашганларга дуруду салавотлар бўлсин!

Аввало киши мусофир номини олиши учун 80 км дан ортиқ масофага сафар қилган бўлиши шарт. Мазкур шарт топилиб, мусофир номини олган киши учун шариат белгилаб берган алоҳида ҳукмлар мавжуд. Намозни қаср қилиш ҳам шулар жумласидан. Бунинг ҳукми “суннати муаккада” бўлиб, мусофир тўрт ракаатли намозларни қаср қилиб, яъни қисқартириб, икки ракаат ўқийди. Бунинг учун сафар қилган ерида муқим туришни, яъни вақтинча яшаб туришни ният қилмаган бўлиши керак. Борган жойида неча кун туришни ният қилса муқимга айланиши тўғрисида уламолар ўрталарида баъзи ихтилофлар бор. Баъзи уламолар: “Тўрт кундан кўпроқ туришни ният қилса, мусофирликдан чиқиб, намозни қаср қилмай тўлиқ адо этади”, дейишса, баъзилари: “Ўн беш кундан ортиқ туришни ният қилсагина мусофирликдан чиқади”, дейишади. “Ўн тўққиз кун туришни ният қилса, ана шунда мусофирликдан чиқади”, деганлар ҳам бор. Бу уламоларнинг ҳаммалари ўз фикрларига далил келтирганлар. Мазкур фикрлар ичида “Тўрт кундан ортиқ туришни ният қилган киши мусофирликдан чиқади”, дейилган қавл рожиҳроқ ва эҳтиётга яқинроқ бўлгани боис шунга амал қиламиз.

Бироқ мусофир киши борган ерида қанча муддат туриши аниқ бўлмай, тайин бир муддатни ният қилмаса, қанча муддат турса ҳам, ҳатто бир неча ойлар қолиб кетса ҳам, мусофир саналаверади ва мусофирга тааллуқли ҳукмларга амал қилаверади. Бунга Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Озарбайжонга борганларида, кўп қор ёғиб йўллар тўсилиб қолгани сабабли, у ерда олти ой мобайнида намозларини қаср ўқиганларини далил қилиш мумкин. Ушбу асарни Байҳақий роҳимаҳуллоҳ саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар.

Сафарда намозни жамлаш ҳам мусофирлик ҳукмларидан биридир. Жамлаш икки шаклда бўлади:

  1. Муқаддам жамлаш, яъни пешин пайтида асрни, шом пайтида хуфтонни муққаддам қилиб, пешин билан асрни, шом билан хуфтонни жамлаш.

  2. Кечиктириб жамлаш, яъни пешинни асргача, шомни хуфтонгача кечиктириб, пешин билан асрни, шом билан хуфтонни қўшиб ўқиш.

Мусофир йўлда кетиб бораётганида намозларни ҳам қаср қилиб, ҳам жамлаб – қўшиб ўқийди. Кўзланган манзилга етиб, хотиржам бўлгач, жам қилмай ўз вақтида ўқиши афзалдир. Табиийки, бу ҳолатда ҳам тўрт кундан ортиқ қолиш нияти бўлмаса қаср ўқийди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Видолашув ҳажжи”да – Минода турган пайтларида барча намозларини ўз вақтида (қаср қилиб), жам қилмай ўқиганлар. Бироқ зарурат туғилиб, турган жойида ҳам жамлаб ўқиса, бунга ҳам рухсат бор. Бунга Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Табукда тўхтаб турган ҳолатларида ҳам жамлаб ўқиганлари далил бўлади.

Сўровчимиз ҳали бир жойга жойлашмаган ва тўрт кундан ортиқ туришни ният қилмаган бўлсалар, намозларини қаср қилиб, жамлаб ўқисинлар. Бир ерда қарор топгач эса муқим бўлиш ниятини қилгунларига қадар намозларни қаср қилиб ўз вақтида жам қилмай ўқиганлари афзал. Мабодо зарурат туғилса, жамлашлари ҳам мумкин. Сўровчимиз ҳолатга қарасинлар, тўрт кундан ортиқ туришлари аниқ бўлса, у ҳолда мусофирлик ҳукмидан чиқиб, намозларини тўлиқ адо этсинлар, валлоҳу аълам.

Discussion1 dona sharh

  1. Pingback: Мусофир юртда суннат намозлари ўқилмайдими?

Изоҳ қолдиринг