Садақа кимларга берилади?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Садақа кимларга берилади?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, Қуръон ва ҳадисларда “садақа” сўзидан кўпинча закот назарда тутилади. Бизнинг диёрларда эса нафл садақани “садақа” деб номлаш кенг тарқалган. Албатта, закот ва садақа бериладиган инсонлар ўртасида фарқ бор. Зеро, закот шариат томонидан белгилан муайян тоифа инсонларгагина берилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, қулларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур.  Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир” [Тавба: 60].

Садақа тушунчаси эса закот тушунчасидан кенгроқ  бўлиб, уни юқоридаги оятда зикр қилинган инсонлардан бошқасига ҳам бериш жоиздир. Масалан, закотни бой инсонга ёки ўз аёлига бериши жоиз эмас. Садақани эса ҳар қандай инсонга ҳатто ўз ота-онаси ва вояга етмаган фарзандларига ҳам бериши ёки ҳар қандай яхши ишларга сарфлаши мумкин. Шунга қарамай, садақани ўзининг яқин қариндошлари ва қўни-қўшнилари орасидаги муҳтож инсонларга бергани афзалроқ.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

Сиздан (эй Муҳаммад), нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар.  Айтинг:  Қандай яхшилик қилсангиз, ота-онага, қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилингиз.  Қандай яхшилик қилсангиз, шубҳасиз Аллоҳ уни билгувчидир” [Бақара: 215].

Баъзи уламоларнинг фикрига кўра, ушбу оят садақага тааллуқлидир.

Қўни-қўшниларга яхшилик қилиш борасида Аллоҳ таоло шундай дейди:

Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!  Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!” [Нисо: 36].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган бўлса, қўшнисига хайр-эҳсон (яхшилик) қилсин!” [Муслим: 76].

Хулоса қиладиган бўлсак, садақани аввало ўзининг муҳтож яқин қариндошлари, сўнг қўни-қўшнилари орасидаги муҳтожларга, сўнгра етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга бергани афзал, валлоҳу аълам.

 

Изоҳ қолдиринг