Солиҳлар ҳақида чуқур кетиш

0
  1. Солиҳлар ҳақида чуқур кетиш:

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида чуқур кетиш ман қилинган экан, у зотдан бошқа солиҳлар ҳақида чуқур кетиш ман қилишга янада ҳақлироқдир. Солиҳлар ҳақида чуқур кетиш деганда уларни Аллоҳ уларга берган мартабадан юқори кўтармаслик назарда тутилади. Негаки, баъзилар ёлғиз Аллоҳдан сўраладиган нарсаларни солиҳлардан сўрайдилар, бошга мусибат тушганда улардан мадад ва нажот сўрайдилар, уларнинг қабрларини тавоф қиладилар, қабр хокини табаррук қиладилар, мақбараларига атаб қурбонликлар сўядилар. Аниқки, шайтон Нуҳ алайҳиссалом қавмига солиҳлар хусусида чуқур кетиш орқали ширк амалларни киритишга муваффақ бўлган эди. Шу боис, гарчи бу ишлар яхши ниятларда амалга оширилсада, бундан бениҳоят эҳтиёт бўлиш лозим. Афсуски, Нуҳ алайҳиссалом қавмида содир бўлган ишларга ўхшаш ишлар бу умматда ҳам содир бўлди. Шайтон кўпчилик алданган кимсаларга бидъат-хурофотларни ва солиҳлар ҳақида ҳаддан ошишни уларни улуғлаш ва яхши кўриш суратида кўрсатди. Мақсади – уларни Нуҳ алайҳиссалом қавмининг кўйига солиш. Шайтон солиҳлар қабри устида мақбаралар қуриш ва уларнинг қабри атрофида ўтириш уларга муҳаббат изҳор қилиш саналишини тиним билмай қабрпарастларга уқтирди, васваса қилди. Солиҳлар қабри атрофида қилинган дуо мустажоб эканини уларга сингдирди. Сўнгра уларни бу босқичдан кейинги босқичга: қабрда ётган солиҳларларни ўртага қўйиб дуо қилиш ва васила қилиш босқичига олиб ўтди. Одамларда бунга кўникиш пайдо бўлгач ва одатий ҳолга айлангач, энди уларни бевосита қабрдаги солиҳлардан ҳожатини сўраб дуо қилиш, уларга ибодат қилиш ва Аллоҳни қўйиб улардан шафоат қилишларини сўраш даражасига олиб чиқди. Шундай қилиб, солиҳларнинг қабри санамларга айланди, унинг атрофига чироқ ва қандиллар осиладиган, пардалар тортиладиган, атрофида тавоф қилиб, ўпиладиган бўлиб қолди. Бироқ шайтон тинчимади, одамлар бунга ҳам кўникишгач, унга эргашганларни бошқа одамларни ҳам ушбу қабрларга сиғинишга, мозорларни ўзларига байрамгоҳ қилиб олишга, уни олдига бориб турли расм-русум ва ирим-жиримлар ўтказиладиган жой қилиб олишга даъват қилиш сари бошлади. Одамлар бунга ҳам ўргандилар, мазкур ишлар гуё исломда собит ишларга айланди. Бироқ шайтон бу билан чекланмади. Энди у одамларга мазкур бидъат-хурофотлардан қайтарган кишиларни авлиёларни камситган, уларни сўймайдиган, авлиёларнинг ҳеч қандай ҳурмати, қадр-қиммати йўқ инсонлар деб ўйлайдиган одамлар, деган эътиқодни сингдира бошлади. Чиндан ҳам бу эътиқод кўплаб авом халқ – оломоннинг, ҳатто талай илму диёнатга мансуб кишиларнинг онгига сингиб улгурди. Оқибат, улар тавҳид аҳлига душманлик қилиб, уларга катта туҳматларни ёпиштириб, одамларни улардан нафратлантира бошладилар. Улар бу ишларнинг барчасини солиҳларни яхши кўриш ва улуғлаш даъвоси остида қилдилар. Аниқки, улар кўтарган бу даъво ёлғон ва пуч даъводир. Зеро, чинакам солиҳларни яхши кўриш Қуръон ва суннат асосида бўлиши зарур. Солиҳларни яхши кўриш – уларни қадр-қимматини билиш, ҳаддан ошмаган ва қосирлик ҳам қилмаган ҳолда солиҳ ва фазилатли амалларда уларга эргашиш билан амалга ошади: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар:  “Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон гина-кудурат қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан” [Ҳашр: 10].

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Кимда ким бирон пайғамбар ёки солиҳ киши хусусида ҳаддан ошса ва “Эй фалончи, менга ёрдам бер”, “мусибатни мендан арит”, “менга ризқ бер”, “сен менга кифоя қилувчисан” ёки шунга ўхшаш сўзларни айтиб унга бирон илоҳлик сифатини нисбат берса, бу сўзларнинг барчаси ширк ва залолат ҳисобланиб, мазкур сўзларни сўзлаган одамдан тавба қилиши сўралади. Агар тавба қилса қилди, акс ҳолда, қатл қилинади. Зеро, Аллоҳ таоло шериги йўқ бўлган ёлғиз Ўзига ибодат қилиниши, Унга қўшиб ўзга олиҳаларга дуо қилинмаслиги учунгина пайғамбарларни юборди, китобларни нозил қилди. Исо Масиҳ, малоикалар ва бутлар сингари Аллоҳдан бошқа мавжудотларга ибодат қилган кимсалар улар мавжудотларни яратадилар, ёмғир туширадилар ва ўсимликларни ўстирадилар, деб эътиқод қилишмасди. Балки уларга ёки уларнинг қабрларига ёки суратларига ибодат қилишар экан: “Биз фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина уларга ибодат қилурмиз” [Зумар: 3], “Анавилар Аллоҳнинг ҳузурида бизларнинг шафоатчиларимиз” [Юнус: 18] – дейишар эди. Шунда Аллоҳ таоло Ўзидан бошқа бирон кимсага ибодат дуоси ёки ёрдам ва нажот дуоси қилишдан қайтариш учун пайғамбарларини юборди…” (Иқтибос тугади).

Юқоридаги гаплардан равшан бўладики, ўз хатти-ҳаракатлари ва қилмишларини оқлашга уринаётган қабрпарастларнинг шубҳаси Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилиб, уни ботилга чиқарган жоҳилият мушриклари билдирган шубҳанинг худди ўзгинаси. Қабрпарастларнинг даъвосича, улар авлиёларнинг яратиш, ризқ бериш, ўлдириш ва тирилтириш ишларида Аллоҳга шерик эканини эътиқод қилишмайди, балки улар эҳтиёжларни қондириш ва бошларига тушган мусибатларни аритишда улар билан Аллоҳ ўртасидаги воситалар, холос. Аслида қабрпарастлардан содир бўлган ширк жоҳилиятдаги ширкдан ҳам ошиб тушди. Негаки, улар ҳар қандай ўринда қабрдаги ўликларни номини тилга оладилар, тилларидан авлиёнинг исми тушмайди, Аллоҳнинг исмини эса камдан-кам эслайдилар. Аввалгилар тинч-фаровончиликда ширк келтириб, бошга мусибат тушган қийин дамларда ёлғиз Аллоҳга илтижо қилсалар, қабрпарастларнинг ширки қувончли дамларда ҳам, ташвишли дамларда ҳам доимийдир. Имом Муҳаммад ибн Исмоил Санъоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейди:

Гўё Аллоҳга қилгандек нидо,

Ёлворгандек, бандаи ночор,

Оғир дамда исмин олиб ёд,

Ҳайқирарлар унга неча бор.

Эй мусулмон уламолари, адашган ва залолатда тентираган бу оломонга сиз жавобгарсиз. Нега уларга ҳақ йўлни баён қилмайсиз? Нега кўра-била туриб уларни бундай катта ва манфур ширкдан қайтармайсиз?! Қайси ҳужжат билан Аллоҳ зиммангизга юклаган даъват ва баён қилиш бурчини адо этмайсиз? “Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ китоб берилган кимсалардан “Албатта у китобни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!” — деб аҳд-паймон олган эди” [Оли-Имрон: 187]. Ахир уламолар пайғамбарлар меросхўрлари эмасми?!  Пайғамбарлар бундай ширкларни инкор этиш, токи диннинг барчаси Аллоҳ учун холис бўлмагунга қадар ширк аҳлига қарши кураш – жиҳод қилиш учун келмаганмидилар?! Сизларга бу масъулиятни юклаган Аллоҳдан тақво қилингиз. Албатта Аллоҳ таоло бу ҳақда қиёматда сизни сўроққа тутажак. Зеро, саҳиҳ ҳадисда келишича, илмига амал қилмаган олим қиёмат кунида биринчилардан дўзах ўтида куйдириладиган кишилардандир. Агар бу ишларнинг ширклигини била туриб, одамларни ўз ҳолига ташлаб қўйган бўлсангиз, аҳвол ёмон. Борди-ю, бу ишларни ширк деб билмасангиз, аҳволдан унданда ёмон ва оғирдир. Негаки, сиз энг ёрқин масалалардан бирини билмаган, англаб етмаган бўласиз. Э Аллоҳ, мусулмонларнинг ҳолини Ўзинг ўнгла, адашганларни ҳидоят қил. Аниқки, Сен барча ишга қодирсан!

Изоҳ қолдиринг