Усмонийлар: Султон Маликшоҳ

0

Султон Алпарслон вафот этганидан кейин ўғли Маликшоҳ тахтга ўтирди. Бироқ салжуқийларнинг Кирмондаги ҳокими – Маликшоҳнинг амакиваччаси Қора Арслон Қовурдбек уни султон деб тан олмади. Ҳамазон яқинида бўлиб ўтган жангда султон Маликшоҳ Қовурдбекни енгни, уни қатл қилди ва Кирмонга укаси Султоншоҳни амир этиб тайинлади. Бу воқеа ҳижрий 465, милодий 1073 йилда бўлиб ўтди.

Султон Маликшоҳ даврида салжуқийлар давлати жадал суратда кенгайди; шарқда Афғонистонгача, жанубда эса Анатолиягача бўлган жойлар салжуқийлар қўл остига ўтди. Шу орада салжуқийлар қўмондони Отсиз ҳижрий 468 йилда Дамашқни қўлга олган эди. Султон Маликшоҳ ҳарбий юришларни давом эттириш мақсадида ҳижрий 470, милодий 1075 йилда Шомга укаси Тожуддавла Тутушни, Анатолияга эса қариндоши Сулаймон ибн Қутулмиш ибн Исроилни амир этиб тайинлади. Тожуддавла Шомда салжуқийлар давлатини ташкил қилган бўлса, Сулаймон ибн Қутулмиш Римда салжуқийлар давлатини тузди. Сулаймон ибн Қутулмиш тузган бу давлатга 224 йил давомида Қутулмишлар оиласидан ўн тўрт сулола ҳукмронлик қилди. Бу ҳокимларнинг биринчиси саналган Сулаймон ибн Қутулмиш ҳижрий 477, милодий 1084 йилда Антокияни фатҳ қилди. Унинг ўғли Довуд эса ҳижрий 480, ммилодий 1087 йилда Коняни фатҳ қилиб, у ерни ўзига пойтахт қилиб олди. Коня Византиянинг Анатолиядаги энг чиройли ва энг бой шаҳарларидан бири эди. Салжуқийлар давлати бу шаҳарни исломобод диёрга айлантирдилар. Римдаги салжуқийлар давлати ҳижрий 700, милодий 1300 йилда мўғул-татарлар тарафидан ишғол этилди ва кейинчалик бу ерда усмонийлар давлати ташкил қилинди.

Римдаги салжуқийлар Анатолияни турклаштириш, исломобод ва суннийлар диёрига айлантиришга қаттиқ ҳаракат қилдилар.  Анатолияда ислом динини тарқатганлар ҳамда Европани исломдан “ҳимоя” қилиб турган мудофаа кучларини  синдирганлар ҳам салжуқийлар бўлишган. Салжуқийлар давлати шу даражада қувватли бўлишига қарамай, Султон Отсиз Шом ва Миср давлатларини бирлаштира олмади. Султон Отсизнинг Мисрга қилган ҳамласи муваффақиятсиз якун топди. Унинг бу муваффақиятсизлиги ўртада сиёсий уруш чиқишига сабаб бўлди ва бу фитналар Султон Отсизнинг қатлига сабаб бўлди.

Султон Маликшоҳ аббосийлар билан алоқани мустаҳкамлаш ниятида Аббосий Халифа Муқтадий Биамриллаҳга қизини берди ва у халифадан ўғил фарзанд кўрди.

Султон Маликшоҳ вафот этиши билан Туғрулбек, Алпарслон ҳамда Маликшоҳ давридаги ҳижрий 447 йилдан то 485 йилгача давом этган қувват ва улуғлик даври ҳам ниҳоясига етди. Иншааллоҳ, кейинги мавзуларда Низомулмулкнинг таржимаи ҳоли ва салжуқийлар давлатидаги ўрни ҳақида сўз юритамиз.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг