Пайғамбар уйида бир кеча: тўққизинчи аёлнинг ҳикояси

1

Тўққизинчи аёл эри ҳақида шундай деди: “Эримнинг бўйи узун, қиличининг қини узун. Ўчоғининг кўп кули, йиғингоҳга яқин уйи”. Бу аёл эрини ҳам жисмоний, ҳам хулқий жиҳатдан чиройли эканини айтиб, уни мақтамоқда. Тўғри, учинчи аёлнинг эри ҳам узун бўйли эди, лекин узун билан узуннинг фарқи бор. Учинчи аёлнинг эри узун бўйли довдир бўлса, бу аёлнинг эри бақувват, бўйи узун, қадди-қомати келишган эркак. Демак, узун бўйли бўлиш гоҳида айб бўлса, гоҳида мақтовга сазовор сифат бўлар экан.

“Қиличининг қини узун”, деган гапдан қиличининг ўзи ҳам узун деган гап чиқади. Қолаверса, узун қилич оғир бўлади, оғир қилични ишлатиш учун эркакнинг билаги ҳам бақувват бўлиши керак.  Бу аёл қисқа сўзлар билан эрининг қанчалик бақувват эканини ёритиб берди. Зеро, бақувватлик инсоният яратилганидан бери эркаклар учун мақтовга лойиқ сифат ҳисобланади.

Ўчоғининг кўп кули”, дея тўққизинчи аёл мақтовни давом эттиради. У бу билан эрининг сахий эканини айтмоқчи. Зеро, хонадонига ташриф буюрган меҳмонларга кўп овқат пиширганидан ўчоғининг кули кўпайиб кетар экан. Арабларда қадимдан саховат мақталиб, бахиллик қораланган. Умуман олганда ҳам шундай; бу сифат ҳар даврда, ҳар қандай эл-элатда мақтовга сазовор хислат саналиб келган. Динимизда ҳам бахиллик қораланиб, ҳатто у яҳудийларга хос манфур сифатлар қаторида саналган. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Улар бахиллик қилиб, одамларни ҳам бахилликка буюрадилар…” (Нисо: 37). Шунингдек, диний ва тарбиявий китобларга назар солар экансиз, саховат қанчалик мақтовга лойиқ хислат экани, бахиллик эса қанчалик ёмон хулқ, бахиллар қай даражада пасткаш инсонлар экани ҳақида жуда кўплаб воқеаларга гувоҳ бўласиз.

Арабларда Абу Нуҳ исмли бир бахил ўтган экан. Бир киши унинг уйига меҳмонга келиб, оч қолганидан қорнини ушлаб, букчайиб қолибди ва тонг отганда қуйидаги шеърни айтибди:

Абу Нуҳнинг меҳмони оч қоларкан,

Очлигидин ўлим таъмин татаркан.

Алмисоқдан қолган нонни ейман деб,

Болта бирла ул нонни майдаларкан.

Тош ноннинг бир бўлаги учиб келиб,

Бошинг бирла тишингни синдираркан.

Афсуски, шундай жирканч ва пасткашлик ҳисобланган бу хулқ-атвор бугунги кунимизга келиб “пухталик” ва “уддабуронлик” деган номлар билан мақталадиган бўлиб қолди. Саховат йўқолиб кетганидан сахий инсонларнинг қилган ишлари фақат китобларда қолди.

Аёл сўзини давом эттирар экан, шундай дейди: “йиғингоҳга яқин уйи”. Уйнинг йиғингоҳга яқинлиги ҳам унинг сахийлигига яна бир далил. Негаки, у меҳмон келишидан қўрқиб, одамлардан узоқроқда яшамайди. Мана бу ҳақиқий саховат. Биз бугунги кунда шундай аҳволга тушиб қолдикки, бошқаларга саховат қилиш нари турсин, ўз хотини ва бола-чақасига едирган овқатини миннат қиладиган “эркак”ларимиз ҳам анча кўпайиб қолди.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

  1. Pingback: Пайғамбар уйида бир кеча: саккизинчи аёлнинг ҳикояси

Изоҳ қолдиринг