Бақара сураси: 8-10 оятлар

0

وَمِنَ النَّاسِ مَن يَقُولُ آمَنَّا بِاللَّـهِ وَبِالْيَوْمِ الْآخِرِ وَمَا هُم بِمُؤْمِنِينَ ﴿٨﴾ يُخَادِعُونَ اللَّـهَ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَمَا يَخْدَعُونَ إِلَّا أَنفُسَهُمْ وَمَا يَشْعُرُونَ ﴿٩ فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ فَزَادَهُمُ اللَّـهُ مَرَضًا ۖ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ بِمَا كَانُوا يَكْذِبُونَ ﴿١٠ 

  1. Одамлар орасида ўзлари иймон келтирмасаларда “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик”, дейдиганлари бор.

  2. (Улар бунинг билан) Аллоҳни ва иймон келтирган кишиларни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, (улар) ўзлари сезмаган ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар.

  3. Уларнинг қалбларида мараз бор. (Шу боис) Аллоҳ уларнинг маразини янада зиёда қилди. Уларга (қиёмат кунида) қилган ёлғонлари сабаб қаттиқ азоб бордир.

Шуни билингки, нифоқ дегани яхшиликни ошкор қилиб, ёмонликни яширишдир. Бу таърифга эътиқодий нифоқ ҳам, амалий нифоқ ҳам киради. Амалий нифоқ дегани диндан чиқармайдиган, бироқ катта гуноҳ саналган нифоқдир. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифида зикр қилган хислатларни мисол қилиш мумкин: “Мунофиқнинг аломати учта: сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъда қилса ваъдасига хилоф қилади ва унга ишониб омонат топширилса омонатга хиёнат қилади[1]. Бошқа бир ривоятда: “Хусуматлашса, ҳақдан юз ўгириб, ботил ва ёлғон сўзлайди[2] – дейилади.

Ислом доирасидан чиқарувчи эътиқодий нифоқ эса ушбу ва бошқа сураларда Аллоҳ таоло мунофиқларни сифатлаган нифоқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин ҳам, ҳижратдан кейин ҳам нифоқ йўқ эди. Ҳижратдан кейин Бадр жанги бўлиб ўтгач ва Аллоҳ таоло мусулмонларнинг қўлини устун қилиб, уларни мушриклар устидан ғолиб қилгач, Мадинадаги ислом динига кирмаганлар танг вазиятда қолдилар. Натижада, улардан айримлари қўрққанидан ва мусулмонларни алдаш учун, шунингдек,  жон ва мол-мулкларини асраб қолиш мақсадида  зоҳирда мусулмончиликни даъво қила бошладилар. Шундай қилиб, улар ташқи кўринишда мусулмонлар орасида мусулмон саналсаларда, ҳақиқатда мусулмон эмас эдилар.

Аллоҳ таоло мўминларга лутф-марҳамат кўрсатиб мунофиқларнинг ҳолатларини фош қилди. Мўминлар уларга алданмаслиги ва мунофиқлар ҳам анча-мунча фисқу фужур ишларини ошкора қилишдан тийилишлари учун уларни бошқалардан ажралиб турадиган ўзига хос сифатларини баён қилди: “Мунофиқлар улар ҳақида бирон сура нозил бўлиб, мўминларга уларнинг қалбларидаги нарсалардан дарак беришидан хавотир қиладилар” [Тавба: 64]. Шунингдек, Аллоҳ таоло улардаги нифоқнинг асл моҳиятини баён қилар экан: “Одамлар орасида ўзлари иймон келтирмасаларда “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик”, дейдиганлари бор” – деди. Негаки, мунофиқлар дилида бўлмаган эътиқодни тилларида гапирар эдилар. Шу боис Аллоҳ таоло “ўзлари иймон келтирмасаларда”, дея уларни ёлғончи эканини маълум қилди. Зеро, чинакам иймон унда қалб билан тил мувофиқ келган иймондир. Мунофиқларнинг бу гаплари Аллоҳ ва Унинг мўмин бандаларига ҳийла-найранг қилмоқликдир. Маълумки, ҳийла-найранг дегани, инсон бирон мақсадга эришиш йўлида алдамоқчи бўлган кишисига зоҳирда ниманидир кўрсатиб, ботинда унинг тескарисини яширишидир. Мунофиқлар Аллоҳ ва мўминларга нисбатан ана шундай йўл тутмоқчи бўлдилар. Бироқ уларнинг ҳийла-найранглари ўзларининг зиёнига бўлди. Буни қарангки, одатда ҳийла-найранг қилган киши ҳийласи иш бериб, ўз мурод-мақсадига эришади ёки мақсади амалга ошмай қолса-да, зиён кўрмай, сувдан қуруқ чиқади. Лекин мунофиқларнинг иши бундай бўлмади. Гуёки, уларнинг қилган шунча саъй-ҳаракатлари ва ҳийла-найранглари фақат ўзларига зиён бериш, ўзларини алдаш ва ҳалок қилиш учун қилингандек бўлди. Зеро, Аллоҳ таоло улар қилган ҳийла-найрангдан заррача зиён кўрмайди. Шунингдек, бу ҳийла-найрангларнинг мўминларга ҳам айтарли зиёни йўқ. Мунофиқларнинг зоҳирда мўмин эканини изҳор қилиши ва шу сабаб мол-мулкларининг дахлсизлиги таъминланиши ва жонлари сақлаб қолинишининг мўминларга зиёни йўқ. Бироқ мунофиқлар ўзлари қазиган чоҳга ўзлари йиқилдилар. Бу қилмишлари туфайли уларга дунёда хорлик ва шармандалик ҳамда мўминлар қўлга киритган ғалаба ва куч-қудрат сабабидан доимий ғам-ташвиш ёзилди. Охиратда эса уларни ёлғончилик, куфр ва фисқ-фужурлари сабабли даҳшатли ва фожеали азоб-уқубатлар кутади. Ваҳоланки, мунофиқлар жоҳил ва нодонлиги боис буни ҳис қилмайдилар.

Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳолини баён қилар экан “Уларнинг қалбларида мараз бор”, дейди. Бу ердаги мараз сўзидан мақсад шак-шубҳа ва нифоқ маразидир. Зеро, инсон қалбида икки турли мараз пайдо бўлиб, унинг соғлом ва мўътадиллигига путур етказади. Биринчиси ботил шубҳалар марази бўлса, иккинчиси ҳалокатга элтувчи шаҳватлар марази. Куфр, нифоқ, шак-шубҳа ва бидъатларнинг барчаси шубҳалар марази бўлса, зино, фаҳш ва гуноҳ ишларга мойиллик ҳамда уларга қўл уриш шаҳватлар маразидир. Аллоҳ таоло айтади: “Бас,  сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки,  (майин сўзингиз сабаб) кўнглида мараз бўлган кимса тама қилиб қолмасин” [Аҳзоб: 32]. Бу оятдаги мараз сўзидан зино шаҳвати назарда тутилган. Чинакам маънавий соғлом кимса ушбу икки турли маразнинг ҳар иккисидан ҳам саломат бўлган, қалбида иймон ва ишонч ҳамда ҳар қандай гуноҳни тарк қилишга бўлган сабр-матонат ўрнашган, оқибатда кенг офият либосига бурканган кишидир.

Аллоҳ таоло “(Шу боис) Аллоҳ уларнинг маразини янада зиёда қилди”, деган сўзи билан гуноҳкор бандаларга гуноҳ ишларни тақдир қилишидаги ҳикматни баён қилди. Зеро, гуноҳкорларга гуноҳ ишларнинг тақдир қилинишига сабаб уларнинг собиқ гуноҳларидир.  Аллоҳ таоло бу гуноҳларга жазо сифатида уларни бўлажак гуноҳлар билан синайди. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, қачонки улар (Ҳақ йўлидан) оғишгач,  Аллоҳ уларнинг дилларини (ҳидоятдан) оғдириб қўйди” [Саф: 5], “Қалбида мараз бўлган кимсаларни эса шак-шубҳаларига яна шак-шубҳа қўшур” [Тавба: 125]. Демак, гуноҳнинг жазоси навбатдаги гуноҳ, шунингдек, хайрли ишнинг мукофоти бўлажак хайрли ишдир: “Аллоҳ ҳидоят топган бандаларга яна ҳидоят қўшиб берур” [Марям: 76].

[1] Бухорий (33) ва Муслим (59) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

[2] Бухорий (34) ва Муслим 958) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг