Шартнома ифодасига тегишли шартлар

0

Савдо шартномасининг шартлари[1]

Санъоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Фуқаҳолар савдо шартномаси шартларини бир-неча турларга бўлишган: улардан шартлашувчи (сотувчи ёки харидор)га тегишли, шартлашув ифодасига тегишли ҳамда товар-маҳсулотга тегишли бўлганлар шартлар бор. Шартлашувчига тааллуқли шарт – унинг эс-ҳуши жойида бўлган ва оқ-қорани ажратадиган ёшда бўлиши. Шартлашув ифодасига тегишли шарт – унинг ўтган замонга далолат қиладиган ифода бўлиши. Товар-маҳсулотга тегишли шарт эса – унинг шариат нуқтаи-назарида бирон қийматга эга мол-мулк бўлиши, шунингдек, уни харидорга топшириш имкони бўлишидир…[2].

Қуйида мазкур шартларни бирин-кетин баён қиламиз.

Биринчидан: шартнома ифодасига тегишли шартлар:

Баъзи фуқаҳолар савдо шартномасидаги таклиф ва қабул учун махсус сўз ва ифодаларни шарт қилишган. Уларнинг фикрича, таклиф ва қабул ўтган замонга далолат қилувчи ифода билан ҳамда “сотдим ёки сотиб олдим” каби савдо сўзи билан амалга ошиши керак. Бироқ бундай талаблар қўйиш борасида шариатда бирон далил келмаган, балки муҳими томонлар ўртасида ўзаро розичилик пайдо бўлишидир. Томонлар ўртасида ўзаро розичилик пайдо бўлиши “сотдим ва сотиб олдим” каби таклиф ва қабулга далолат қилувчи ифодалар билан ҳамда “муотот”, яъни ҳеч қандай гап-сўзсиз олди-берди қилиш орқали ҳам пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, ўзаро розичилик бирон имо-ишора, ёзув ёки ундан бошқа ҳар қандай йўллар билан ҳосил бўлиши ҳам мумкин. Бу борадаги асосий далил қуйидаги оят ва ҳадисдир:

Эй мўминлар,  мол-мулкларингизни ўрталарингизда ноҳақ йўллар билан емангиз!  Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз…” [Нисо: 29].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мусулмон кишининг мол-мулки фақат эгасининг ризоси билангина ҳалол бўлади[3].

Демак, қайси йўл билан бўлмасин ўзаро розичилик пайдо бўлса, мақсад ҳосил бўлди дегани. Ушбу фикр, яъни “томонлар ўртасида ўзаро розичиликнинг юзага келиши – савдо шартномасининг ифодасига тааллуқли ягона шарт”, деган фикр шайхулислом Ибн таймия роҳимаҳуллоҳ наздида шариатдаги барча шартномаларга тегишлидир[4]. Шунингдек, мазкур фикрни шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ ҳам рожиҳ деб билган[5].

Шунингдек, Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзлари ҳам  юқоридаги фикрга далолат қилади: “Аллоҳ таоло олди-бердини ҳалол қилди. Бироқ унинг қай тарзда амалга ошишини баён қилмади. Демак, бу борада урфга мурожаат қилиш лозим… Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам, саҳобалардан ҳам, улар ўртасида кундалик савдо-сотиқлар тез-тез юз беришига қарамай, таклиф ва қабул деган ифодалар қўллангани нақл қилинмаган. Башарти улар олди-бердиларда буни қўллашганида албатта кенг кўламда нақл қилинган бўлар эди… Қолаверса, таклиф ва қабулдан мақсад томонлар ўртасидаги ўзаро розичиликка далолат қилишдир. Зеро, сотувчи ва харидорнинг товар устида савдолашиши ва бири товарни узатиб, иккинчиси уни қўлга олиши ўзаро розичиликка далолат қилиб, таклиф ва қабул ўрнини босади. Негаки, шариат айнан таклиф ва қабулга далолат қилувчи сўз ва ифодалар қўллашни шарт қилмаган[6].

Мавзуга доир эслатмалар:

(1) “Муотот” савдоси дегани томонларнинг бирон бир таклиф ва қабулга далолат қиладиган ифода ёки сўз гапирмасдан товар-маҳсулот алмашишига айтилади. Масалан, мижоз дўконга кириб, истаган нарсасини олади ва кассага пулини тўлаб олиб чиқиб кетади.

(2) Гоҳида “муотот” савдоси тилсиз жиҳозлар воситасида амалга ошади. Харидор жиҳозга пул солади, жиҳоз эса унга танлаган нарсасини (масалан, шарбат, билет ва ҳоказо) чиқариб беради. Ушбу тариқа амалга оширилган савдо-сотиқ ҳам дуруст бўлади.

(3) Замонавий алоқа воситалари орқали амалга оширилган савдо шартномалари дурустми?

Халқаро Фиқҳ Академиясининг қарорига[7] кўра, телеграмма, телекс, факс, интернет ва шу каби алоқа воситалари, шунингдек, хориждаги элчихоналар орқали амалга ошадиган савдо шартномалари дуруст бўлиб, шартлашув ифодасининг таклиф қилувчи томондан иккинчи томонга етиб бориши ва унинг таклифни қабул қилиши билан кучга киради. Академия бундай шартномалардан никоҳ, “сарф”, яъни пулни пулга алмаштириш ва “салам”[8], яъни нақд пул бериб, маҳсулот насия қилинадиган савдо шартномаларини истисно қилади. Негаки, никоҳда гувоҳлар қатнашиши, “сарф”да  ҳар икки томон пулни кечиктирмасдан шу заҳоти олиши ва “салам” савдосида эса насия маҳсулот эвазига бериладиган пул кечиктирилмасдан шу заҳоти берилиши зурурдир.

(4) Сотувчилар томонидан маҳсулотларнинг нархлари ёзилган ҳолда расталарга териб қўйилишининг ўзи таклиф саналиб, харидорларнинг уларни харид қилишга розилиги қабул ўрнида туради.

(5) Шунингдек, ҳиссадорлик ширкатларининг акцияларини сотиб олиш ҳам шу йўсинда амалга ошади. Ширкатнинг акциялар эълон қилиш тўғрисидаги ахбороти таклиф ўрнида бўлса, мижозларнинг бу акцияларни сотиб олишга розилик билдириши қабул ўрнида туради.

[1]  Дастлаб шуни билиб олиш лозимки, ислом шариатида савдо шартномаси деганда асосан оғзаки шартнома назарда тутилади. Оғзаки шартлашиш билан ҳар икки томонда муайян ҳуқуқ ва мажбуриятлар пайдо бўлиб, томонлар мазкур оғзаки шартномада келишилган нарсага риоя қилишлари лозим бўлади. Шариатда савдо шартномасининг кучга кириши ва унга амал қилиш мажбурий бўлиши учун унинг ёзма тарзда бўлиши, тегишли жойларда қайд қилиниши ёки тасдиқланиши шарт эмас. Шунга қарамай савдо шартномасининг ёзма равишда бўлиши ҳам жоиз, балки умумий ҳолатда мустаҳаб бўлса, айрим ҳолатларда вожиб бўлиши ҳам мумкин (Тарж.).

[2] “Субулус салом” (3/788).

[3] Имом Аҳмад (5/72) ва Байҳақий (6/100) ривоят қилишган. Шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деб, унинг ривоят йўллари ва мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадисларни зикр қилган. Қаранг: “Ирвоул ғалил” (1459).

[4] “Ал-ихтиёротул фиқҳиййа”, 121-бет.

[5] “Аш-шарҳул мумтеъ”, 8/114.

[6] “Ал-муғний” (3/60-62-бетлар).

[7] (54/3/6) – сонли қарор. Халқаро Фиқҳ Академиясининг доимий қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган.

[8] “Салам” савдоси ҳақида кези келганда батафсил маълумот берамиз, иншааллоҳ.

Изоҳ қолдиринг