Соқолни қириш гуноҳи кабирами?

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, бундан олдинги мақоламизда соқолни қириб олиш ҳаром эканини баён қилиб ўтган эдик. Ушбу мақоламизда эса соқолни қириб олиш гуноҳи кабира ҳисобланиши ёки йўқлиги хусусида сўз юритамиз.

Дастлаб, гуноҳи кабира ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Гуноҳи кабира деб, шариатимиз томонидан уни қилган киши учун охиратда азоб ёки Аллоҳнинг ғазаби ёки таҳдид ваъда қилинган, шунингдек, Қуръон ёки суннатда уни қилган киши лаънатланган гуноҳга айтилади.

Изланишларимиз натижасида мутақаддим олимлар орасида соқолни қириб олиш гуноҳи кабира, деб айтган олимни учратмадик. Зеро, соқолни қириб олиш гуноҳи кабира қаторида бўлиши учун унда юқорида айтиб ўтилган васфлардан бири топилиши лозим. Демак, бу иш ҳаром бўлиб, гуноҳи кабира ҳисобланмайди. Аммо, бу иш кичик гуноҳлар сирасидан ҳисобланса-да, бироқ инсон кичик гуноҳни доимий равишда қилиши сабабли у катта гуноҳга айланади.

“Саудия доимий фатво қўмитаси” (5/138) уламолари шундай дейди: “Соқолни қириб олиш ҳаромдир. Шунингдек, соқолни доимий суратда қириб юриш гуноҳи кабиралардан ҳисобланади

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Соқолни доим қириб юриш орқали у гуноҳи кабирага айланади”.

Қолаверса, соқолни қириб юриш бошқа беш гуноҳи кабирани ўзида мужассам этади:

  1. Аллоҳ яратган хилқатни бузиш.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин![1].

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига хилоф иш тутиш.

Аллоҳ таоло айтади: “Пайғамбарнинг амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирон бало-офат ёки аламли азоб етиб қолишидан огоҳ бўлсинлар!”  [Нур: 36].

  1. Ўзини кофирларга ўхшатиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким ўзини бирон-бир қавмга ўхшатса, бас у ўшалардандир[2].

  1. Ўзини аёлларга ўхшатиш.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўзини аёлларга ўхшатувчи) хотинчалиш эркакларни лаънатладилар[3].

  1. Гуноҳни ошкора қилиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Умматимнинг барчаси (Аллоҳнинг азоби ва одамлар маломатидан) офиятда (яъни саломат ва омонда)дир. Бундан гуноҳларни ошқора қилувчилар мустаснодир[4].

Айрим аҳли илмлар соқолни қириб олиш юқоридаги гуноҳи кабираларни ўзида мужассам қилгани боис, уни бир бор қириб олиш ҳам гуноҳи кабира деб айтишган.

Хулоса қиладиган бўлсак, соқолни қириб олиш ҳаром амал бўлиб, борди-ю, инсон бу ҳаром ишни доимий суратда бирон заруратсиз қиладиган бўлса, гуноҳи кабирага қўл урган ҳисобланади. Зеро, бу иш нафақат кичик гуноҳни доимий суратда қилиш, балки юқорида айтиб ўтилган бошқа катта гуноҳларни ҳам ўзида мужассам қилади. Қолаверса, соқол қириб юриш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига ҳам хилофдир. Чунки у зот серсоқол бўлганлар ва бирон марта соқолларини қириб олганликлари саҳиҳ ҳадисларда келмаган, валлоҳу аълам.

[1] Бухорий (5931) ва Муслим (2125).
[2] Абу Довуд (4031), Аҳмад «Муснад», (2/50)да ва Ибн Абу Шайба «Мусаннаф», (6/471)да ривоят қилган. Ибн Ҳажар «Фатҳул Бори», (10/282) китобида «Собит ва санади ҳасан», Ироқий «Тахрижул иҳё» (1/359) китобида «санади саҳиҳ» ва Шайх Албоний «Саҳиҳи Абу Довуд» китобида «ҳасан саҳиҳ» деган.
[3] Бухорий (5886) ва Термизий (2785).
[4] Бухорий (6069) ва Муслим (2990).

Изоҳ қолдиринг