Кундошлар ўртасидаги алоқа қандай бўлиши керак?

0

Савол:

Шариятимизда эрининг бошқа аёли билан борди-келди қилиш шартми? Кундош билан алоқани узиш силаи-раҳмни узиш бўладими? Жавобингиз учун олдиндан жазакаллоҳу хойрон.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саламга салавот ва саломлар бўлсин.

Ислом динимиз банда билан унинг Парвардигори ўртасидаги алоқа бўлган намоз, рўза, ҳаж ва булардан бошқа ибодатларни баён қилгани каби мусулмон киши билан ўз биродарлари ўртасидаги муомалаларни ҳам баён қилди. Динимиз хайр-эҳсон, мурувват, гўзал ахлоқ, олий қадриятларга буюрган. Шариатимиз мусумон кишини одамларга яхшилик қилиши, гўзал қўни-қўшничилик, қариндош-уруғлар билан алоқа қилиш ва меҳр-мурувватли бўлишга ундайди. Бунинг акси ўлароқ мусулмонлар ўртасида бир-биридан узилиш ва юз ўгириш каби салбий ҳолатлар шариатимизда қораланади.

Борди-келди қилиш, яъни силаи-раҳмни уламолар иккига бўлганлар: умумий ва хос силаи-раҳм. Насабдош қариндошлар билан борди-келди қилиш хос силаи-раҳмга киради. Бундай қариндошлар билан борди-келди қилиш вожиб бўлиб, алоқани узиш гуноҳи кабиралардандир. Аллоҳ таоло деди: “Агар (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингизни) узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир. Уларнинг (қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир. Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир, (шунинг учун у дилларга Қуръон нури етмаётгандир)?!” (Муҳаммад: 22-24).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам: “Силаи-раҳмни узувчи жаннатга  кирмайди” – деб айтганлар (Имом Муслим ривояти).

Умумий силаи-раҳм эса динош биродарлар билан борди-келди қилиш, уларга меҳр-мурувват, насиҳат ва маслаҳат улашиш, уларга адолат қилиш ҳамда вожиб-у мустаҳаб ҳақларни ўташ билан алоқани боғлашдир. Бу мусулмонлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва ўзаро муҳаббатнинг давомийлигини рўёбга чиқарувчи омиллардан биридир. Шунинг учун Аллоҳ таоло силаи раҳмга буюрган, уни узган кишиларга азоб бўлишини маълум қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам силаи-раҳмга тарғиб қилганлар, у умрнинг узун, ризқнинг мўл-кўл бўлишига сабаб эканини айтиб, шундай деганлар: “Ким ризқи мўл-кўл қилиниши ва умри узайтирилишини истаса силаи-раҳм қилсин!” (Имом Бухорий ва Муслим).

Саволда сўралганидек, эрининг бошқа аёли, яъни кундоши билан борди-келди қилиш умумий силаи-раҳм бўлиши билан бирга, аёл учун қадрли ва ҳурматли бўлган инсон, яъни эри орқали вужудга келган ўзига хос биродарлик ҳамдир. Оқила аёл кундоши билан гўзал муомала ва чиройли борди-келди қилар экан, у бу билан эрининг розилиги ҳамда оиласининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаган бўлади. Зеро, гўзал ҳулқ-атворли ва оқилона иш юритувчи аёл бахт-саодат ва хотиржамлик манбаидир. Ёмон хулқ-атворли аёл эса беҳаловатлик, келишмовчилик ва оиланинг дарз кетиши ва ҳатто бузилиш манбаи бўлиши ҳам мумкин.

Модомики тақдирингизда кундошлик ёзилган экан, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи ва саламнинг аёллари – мўминларнинг оналарини ўзингизга намуна-ўрнак қилиб олинг!

Анас ибн Молик айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари тўққизта бўлиб, кунни тақсим қилганларида ҳар бир аёлга навбат тўққиз кунда бир келар эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунайдиган уйда барча оналаримиз тўпланар эдилар…” (Имом Муслим ривояти).

Мўминларнинг онаси Савда розияллоҳу анҳо ўз навбатларини Оиша розияллоҳу анҳога раво кўриши кундошлик ҳаётини бошдан ўтказаётган аёллар учун катта ибрат ва намунадир. Бу ён бериш Савда онамизнинг нақадар ҳикмат ва юксак ақл соҳибаси эканига далилдир. Шунингдек, бу воқеа ҳар бир муслима аёл учун кундошига нисбатан рашк ва ҳасаддан холи бўлиб, унга гўзал хулқ билан муомала қилишга ибрат бўлади. Кундошлар бир-бирлари билан мана шундай ён босишлар, бағрикенглик, гўзал муомала, силаи-раҳм ва Аллоҳ йўлида биродарлик руҳида яшашлари, ёмон хулқларга чек қўйиб, кундошлар ўртасидаги алоқа ришталарини узмасликлари лозим. Шунда улар Аллоҳ тарафидан ажр-мукофотга ноил бўладилар.

Аёллар эр-хотин ўртасида келишмовчиликка сабаб бўладиган, кундошлар орасида эса адоват ўтини ёқадиган ойнаижаҳон ичидаги исломдан йироқ аёлларни эмас, балки пок қалбли, бағрикенг, муҳаббат уруғини сочувчи гўзал хулқ соҳибалари бўлмиш саҳобия аёлларни ўзларига ибрат ва намуна қилиб олсинлар.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг