Кўпхотинлик – ислом ҳукмларидан бири

3

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Аллоҳ таоло бизга шариатни жорий қилар экан, унга бўйсуниш мажбурий эканини ҳам маълум қилди. Ўзини мўмин-мусулмонман деган киши Аллоҳ таолонинг ҳукмларини қабул қилмаслиги мумкин эмас. Зеро, ислом сўзининг асл маъноси таслим бўлиш демакдир. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Агар Аллоҳ ва Расули бир ишни ҳукм қилса, ҳеч бир мўмин ёки мўмина (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб), ўз хоҳиш ва истакларини танлаши мумкин эмас.  Ким Аллоҳ ва Расулига осий бўлса у қаттиқ адашибди” (Аҳзоб: 36). Бошқа бир оятда Парвардигоримиз шундай дейди: “Йўқ, Раббингизга қасамки, улар ўз ўрталаридаги келишмовчиликларда сизни ҳакам қилиб, сўнг сизнинг ҳукмингиздан қалблари таскин топиб, унга тўлиқ бўйсунмагунларича мўмин бўлмайдилар” (Нисо: 65). Демак, ўзини мўмин-мусулмонман, деб даъво қилган киши Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлмаслиги асло ва асло мумкин эмас.

Шариатимизда рухсат берилган ишлардан бири кўпхотинлик. Бу мақоламизда шу масалага оид баъзи ҳукмларни ёритиб ўтишга ҳаракат қиламиз. Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай дейди: “Ўзингизга ёққан аёллардан икки, уч ёки тўрттасига уйланаверинглар…” (Нисо: 3). Кўпхотинлик ҳақида сўз очилар экан, эркакларнинг юзида нур балқиб, аёллар эса хомуш бўлишади. Негаки, эркакларимиз кўпхотинликни маишат, аёлларимиз эса адолатсизлик деб билишади. Келинг, бу масалага оид ҳукмларга бир назар солайлик. Шунда шариатимиз кўпхотинликка рухсат берииши қанчалар тўғри эканига гувоҳ бўламиз.

Эркакларга тегишли ҳукмлар

Аллоҳ таоло кўпхотинликка рухсат бериши билан бирга хотинлар ўртасида адолат қилишга буюрди. Адолат қилиш қўлидан келмайдиган эркаклар бу ишга қўл урмасликлари керак. Юқоридаги оятнинг давомида Раббимиз шундай деб марҳамат қилади: “Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, унда битта аёл ёки қўл остингиздаги чўриларингиз билан кифояланингиз. Мана шу иш жабру зулмга ўтиб кетмаслигингиз учун энг тўғри йўлдир” (Нисо: 3). Хотинлари ўртасида адолат қилмаган эркак қиёматда қай кўйга тушиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимнинг икки хотини бўлиб, бирига мойил бўлиб кетса қиёмат кунида танасининг ярми оғиб кетган ҳолатда келади” (Абу Довуд: 2133). Тўғри, инсон бир неча аёлни бир хил сева олмайди, қалбига ҳукмронлик қила олмайди, қалбига кимни қанчалик севишга буйруқ бера олмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар қанча ҳаракат қилсангиз ҳам, аёллар ўртасида (уларни севишда) адолат қила олмайсизлар. Шундай экан (кўнглингиз тусаганига) бутунлай мойил бўлиб, кўнглингиз тусамаганини аросатда қилиб қўйманглар” (Нисо: 129). Кўпхотинли эркак хотинлари ўртасида қуйидаги ишларда адолат қилиши фарз:

  1. Бирга тунаш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотинлари ўртасида навбат қилиб қўйган, кимнинг навбати бўлса, ўшанинг уйида тунар эдилар. Афсуски, бугунга келиб хотинидан қўрқадиган “эркак”лар иккинчи хотинини биринчисига билдирмай олгани учун бу масалада адолат қила олмайдилар. Бу нарсага иккинчи аёли чин кўнгилдан рози бўлса зарари йўқ. Саҳиҳ ҳадисларда келишича, Савда онамиз ҳам ўз навбатларини Ойша онамизга берганлар. Бироқ иккинчи аёлнинг рози бўлишдан бошқа чораси йўқ эканини била туриб, унга: “Агар хоҳласанг шу, хоҳламасанг мен сен билан яшай олмайман” – деб, уни бунга мажбуран кўндириш бир ожизага зулм қилишдан бошқа нарса эмас. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, бирга тунашда адолат қилиш учун эр-хотин ўртасидаги жинсий яқинликда ҳам адолат қилиш шарт эмас. Чунки бу инсон тоқатидан ташқари иш саналади. Агар қўлидан келса шу масалаларда ҳам адолат қилгани афзал, албатта. Бироқ жинсий яқинлик қилишда адолат шарт эмас экан, дея хотинларнинг бирига яқинлик қилмай қўйиш ҳам зулмдир. Ҳатто яқинлик қилганда хотинининг изнисиз боладан сақланиш ҳам мумкин эмас. Чунки бола кўришга хотиннинг ҳам ҳаққи бор. Унинг изнисиз уни бу ҳақдан маҳрум қилиш мумкин эмас.

  2. Едириб-ичириш ва кийинтириш ёки аёлнинг моддий эҳтиёжларини қондириш: эркак киши барча хотинларини моддий эҳтиёжларини қондириши унинг зиммасидаги бурчдир. Бу масалада ҳам хотинлар ўртасида адолат қилиш вожиб саналади. Хотинларнинг бири бой, бири камбағал бўлишининг бу масалага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Кийим-кечакда адолат қилиш учун бир хотинига нима сотиб олса, иккинчисига ҳам худди шуни олиб бериши шарт эмас, балки адолат ҳар иккаласини етарли даражада кийим-кечак билан таъминлашидир ва ҳоказо…

  3. Турар жой билан таъминлаш: эркак хотинлари ўртасида уй-жой масаласида ҳам адолат қилиши вожиб. Бироқ бу масалада адолат қилиш учун иккаласига ҳам бир хил уй қилиб бериши шарт эмас. Бир хотини эркакнинг ота-онаси билан яшайдиган бўлса унга каттароқ уй, ёлғиз ўзи яшайдиган бўлса, унга кичикроқ уй қилиб бериши айнан адолатдир. Хотинларнинг бири эрнинг шахсий уйида, қолганлари эса ижарага олинган уйда туриши ҳам адолатсизликка кирмайди. Бу масаладаги асосий нарса шуки, ҳар бир хотинни яшашига кифоя қиладиган даражада уй-жой билан таъминлаш шарт.

Салафи солиҳлар адолатидан намуналар

Жобир ибн Зайд[1] роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Менинг икки хотиним бор эди. Мен ҳатто бўсада ҳам улар ўртасида адолат қилардим” (“Мусаннафи Ибн Аби Шайба”, 17544-асар).

Муоз розияллоҳу анҳунинг икки хотини бор бўлиб, бирининг навбатида иккинчисининг уйида таҳорат қилишни ҳам ёмон кўрарди (“Мусаннафи Ибн Аби Шайба”, 17542-асар).

Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Саҳобалар хотинлари ўртасида ҳатто атир ишлатишда ҳам адолат қилардилар; бириникига атир сепиб борсалар, иккинчисига ҳам шундай қилишар эди” (“Мусаннафи Ибн Аби Шайба”, 17545-асар).

Аёлларга тегишли ҳукмлар

  1. Эри бошқа хотинга уйланганини билиб қолган аёл эридан уни талоқ қилишини талаб қилиши ҳаромдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аёл киши якка хотин бўлиш ниятида эридан ўз синглиси (яъни кундоши)нинг талоғини талаб қилиши ҳалол бўлмайди” (Бухорий: 5152 ва Муслим: 1408 ривояти).

  2. Аёл киши никоҳ вақтида эрига биринчи хотинини талоқ қилишини шарт қилиши ҳаром бўлиши билан бир қаторда, фосид шарт саналгани учун инобатга олинмайди.

Кўпхотинлик ҳақида сўз очилганда эти жимирлаб кетадиган опа-сингилларимизга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини эслатмоқчиман: “Бунинг сабаби улар Аллоҳ нозил қилган китобни ёмон кўрдилар. Шу боисдан Аллоҳ уларнинг қилган амалларини бекор қилди” (Муҳаммад: 9). Қуръонда айтилган ҳукмларни ёмон кўришимиз қилган амалларимизнинг кўкка совурилишига сабаб бўлар экан. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтган ҳукмларни қабул қилишга ўрганайлик. Биринчи хотин бўлиб теккан азиз ва муҳтарама опа-сингилларим, эр биринчи хотиннинг шахсий мулки эмаски, уни қизғансангиз. Сиз кундош деб қараётган аёл аслида сизга опа ёки сингил саналади. Бир ўйлаб кўринг, сизни биринчи хотин қилиб қўйган Зот уни биринчи хотин, сизни эса эрсиз қилиб қўйиши ҳам мумкин эди. Эрингиз бошқа аёлга уйланганини билиб қолсангиз эрингиздан уни талоқ қилишини талаб қилишдан олдин яхшилаб ўйланг, бу иш ҳаром экани, ҳаром иш ҳеч қачон: на дунёда ва на охиратда яхшилик келтирмаслигини унутманг. Шуни ҳам эсдан чиқармангки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлни кундош эмас сингил деб атадилар, ўз сингилингизга зулм қилманг. Тўғри, бир қараганда кўпхотинлик қийин ва машаққат бўлиб кўринади. Лекин масалага чуқурроқ ёндашсак, шунга амин бўламизки, кўпхотинлик жамиятда аёллар ҳуқуқи поймол қилинишининг олдини оладиган энг муҳим омиллардан саналади. Бунга бугунги кунимизда тобора амин бўлиб бормоқдамиз. Чунки эрдан чиққан аёл эрсиз танг аҳволларга тушиб қолиши, хусусан, фарзанди билан эридан ажрашган аёлларни ҳеч ким ўз никоҳига олмаслиги ожизаларга зулм қилаётган худбин “эркак”ларнинг ишини янада қулайлаштиради.

Бугунги кунимизда аёлларнинг сони эркакларникидан ортиб кетганига мағрурланиб, ожиза муслималарга зулм қилаётган ака-ука биродарлар, шуни аниқ билингки, бизнинг бугун қилган ишларимиз фарзандларимиз учун келажакдаги муҳит ўзгаришига сабаб бўлади. Бир аёлга уйланиб, фарзандли бўлганидан кейин уни қўйиб юбориш билан таҳдид қилиб, унга зулм қилиш нафақат мусулмон, балки ҳар қандай эркак кишига ҳам ярашмайдиган ишдир. Никоҳингиздаги аёл аслида бировнинг кўз қорачиғидек асраб-авайлаб тарбиялаган қизи, унга зулм қилишдан олдин сиз дунёларга алишмайдиган ўз қизингизга “куёв тўрангиз” зулм қилса, қай аҳволга тушушингизни ҳам бир кўз олдингизга келтиринг.

Жамиятда кўпхотинликка қарши курашиб, уни йўқотишга ҳаракат қилаётганларга келсак, эрсизликдан қийналгани боис иффатини йўқотаётган аёлларимиз, ота тарбиясини кўрмай улғайиб, ёмон йўлларга кириб кетаётган ёшларимиз учун ким қанча ҳисса қўшган бўлса, эртага Аллоҳ ҳузурида шу ҳиссасига яраша жазосини олади. Аллоҳ таоло ҳаммамизни ўз динида мустаҳкам турадиган, бу диннинг барча ҳукмларига рози бўлиб амал қиладиган бандалари қаторида қилсин!

[1] Ўз замонасида Басрадаги энг ката олимлардан саналган тобеинлардан. Ҳижрий 93 йилда вафот этган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion3 комментария

Изоҳ қолдиринг