Умра ибодати асносида қилинадиган дуо ва зикрлар

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Мен умра ибодатини адо этиш учун Маккага бораяпман. Умрада қайси дуоларни қилган афзал, ёрдам бериб юборсангизлар.

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Саҳиҳ ҳадисларда умра ибодати асносида қилинадиган дуо ва зикрлар келган. Мусулмон киши бу дуоларни ёдлаб, маъноларини тушуниб, улар билан дуо қилиши афзал. Бу дуолар қуйидагича:

  1. Мийқотда эҳром кийишдан олдин ҳамд, тасбеҳ ва такбир айтиш суннат. Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада биз билан бирга пешин намозини тўрт ракаат ўқидилар. Зулҳулайфага борганларида асрни икки ракаат ўқидилар ва ўша ерда тунадилар. Эртаси куни тонг отгач (пешин намозидан кейин) туяларига миндилар. Туялари саҳрога чиққач, Аллоҳга ҳамд, тасбеҳ ҳамда такбир айтиб (яъни “алҳамдуллиллаҳ, субҳаналлоҳ, Аллоҳу Акбар” деб) ортидан талбия (яъни “лаббайкаллоҳумма”ни) айтдилар…” (Бухорий (1476) ривояти). Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бу масала собит бўлса-да, у ҳақда камчилик сўз юритган” (“Фатҳул Борий”, 3/412).

  2. Мийқотдан Маккага боришда йўлда кўп талбия айтиш суннат. Хусусан, эркаклар баланд овозда, аёллар эса овозларини номаҳрам эркакларга эшиттирмаслик учун паст овозда айтишлари мақсадга мувофиқдир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулҳулайфа масжиди олдидан туяларига миниб: “Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, иннал-ҳамда ван-неъмата лака вал-мулк, лаа шарийка лак” дер эдилар (Бухорий (5571) ва Муслим (1184) ривоятлари). Бу талбиянинг маъноси қуйидагича: лаббай, эй Аллоҳ, лаббай. Лаббай, Сенинг шеригинг йўқ, лаббай. Ҳамду сано Сенга хос, неъматлару мулкнинг эгаси Ўзингсан, Сенинг шеригинг йўқ.

  3. Каъбани тавоф қилишда Ҳажари асваднинг рўбарўсига келганда “Аллоҳу Акбар” дейиш суннат. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани тавоф қилар эканлар, ҳар сафар Ҳажари асваднинг қаршисига келганларида қўлларидаги чўп билан унга ишора қилиб, такбир айтганлар (Бухорий (1184) ривояти). Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажари Асвад билан рукни ямоний ўртасида: “Роббанаа аатинаа фид-дуня ҳасанаҳ ва фил-аахироти ҳасанаҳ ва қинаа азаабаннаар” – деб, яъни “Эй Парвардигор, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ато эт ва бизни дўзах азобидан сақла!” – деб, дуо қилганлар (Абу Довуд (1892) ривояти).

  4. Сафо тоғига чиқишдан олдин ва чиқиб бўлгандан кейин айтиладиган дуо ва зикрлар: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжиди Ҳаромдан чиқиб, Сафо тоғи сари юрдилар. Тоққа яқинлашганларида: “Албатта, Сафо ва Марва тоғи ўртасида саъй қилиш Аллоҳ буюрган маросимлардандир” (Бақара: 156) оятини ўқидилар ва: “Аллоҳ бошлаганидан бошлайман”, дедилар. Яъни оятда Сафо тоғи биринчи зикр қилингани учун улар ўртасида саъй қилишни ҳам шу тоғдан бошладилар. Сафо тоғига чиқдилар, Каъба кўрингач, қиблага қараб ҳамд ва такбир ҳамда қуйидаги зикрни айтдилар: “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр. Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳ, анжаза ваъдаҳ, ва насоро абдаҳ, ва ҳазамал аҳзааба ваҳдаҳ”. Шу орада дуо ҳам қилдилар. Бу ишни уч марта такрорладилар (Муслим (1218) ривояти).

  5. Марва тоғига чиқишда ҳам худди шу дуоларни қилиш суннатдир. Юқоридаги Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиснинг давомида шундай дейилган: “Сўнг Марва тоғида худди Сафо тоғида қилган ишларни қилдилар”.

  6. Замзам сувини ичаётган пайтда хоҳлаган нарсасини сўраб дуо қилиши суннат. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Замзам сувини ичишда қилинган дуо мустажобдир” – деганлар (Ибн можа (3062) ривояти).

  7. Шунингдек, умра асносида, хусусан, тавоф ва саъй қилишда кўп дуо ва зикр қилиши мақсадга мувофиқдир. Бу ўринларда Қуръон тиловат қилиши ҳам мумкин, зеро Қуръон тиловати энг улуғ зикр саналади. Тавоф қилишда ҳар бир мартаси учун алоҳида махсус дуолар бор, деган гапларнинг шариатда ҳеч қандай асоси йўқдир, валлоҳу аълам.

(Бу фатво IslamQA саҳифасидан олинди)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг