Саҳобаларнинг фазилати (4)

0

(Бу мақола Шайх Содиқ Самарқандийнинг «Саҳобаларнинг фазилати» номли аудио дарслари асосида ёзилди)

Бу воқеа ислом тарихидаги энг катта фитналардан бири эди. Хаворижларнинг ичида фитначилар бўлганидек, шиаларнинг орасида ҳам фитначилар бор эди. Хаворижлар Али розияллоҳу анҳу ва у кишига эргашганларни кофир деса, шиалар Али розияллоҳу анҳуни ҳатто пайғамбарлик даражасигача чиқариб, у кишини Расулуллоҳдан кейинги пайғамбар экани тўғрисида ёлғон ҳадислар тўқиб чиқаришди. Али розияллоҳу анҳунинг фазилати тўғрисида минглаб ҳадислар тўқилди. Мана шу тариқа шиалар ва хаворижлар пайдо бўлди. Хаворижлар суннатни ушлаб, жамоатдан чиқиб кетишди. Шиалар эса жамоатдан чиқмаган бўлсаларда, лекин суннатдан чиқиб кетишди. Саҳобалар эса жамоат бўлиб, суннатни маҳкам тутдилар. Мана шу пайтдан бошлаб аҳли суннат ва жамоат истилоҳи пайдо бўлди.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларида юрган, у кишининг ҳақларига ёлғон тўқимаган, суннатни ўзгартирмаганлари учун аҳли суннат деб аталган бўлсалар, мусулмонлар жамоатидан чиқмай, уни асраб қолганлари боис аҳли жамоат деб номландилар. Аҳли суннат ва жамоатни бошида турадиган етакчилари саҳобалар бўлади. Ҳамма ҳам ўзини аҳли суннат ва жамоатман, деб даъво қилаверади. Лекин аҳли суннат ва жамоатнинг ўзига хос йўли бор. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Ўзининг мадади ила биз имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг “Усули суннат” китобларини шарҳладик. Бу китобнинг шарҳида аҳли суннат ва жамоат эътиқодидаги биринчи асос саҳобаларнинг йўлига эргашиш экани ҳамда улар тўғрисидаги бизнинг иймонимиз қандай бўлиши кераклигини айтиб ўтган эдик. Саҳобалар тўғрисидаги эътиқодимизни оят ва ҳадислардан оламиз. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Дарҳақиқат мўминлар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтида Аллоҳ улардан рози бўлди. Чунки Аллоҳ уларнинг қалбларидаги иймону ихлосни билиб, уларга хотиржамлик ато этди…” (Фатҳ: 18) Мана шу оятда “Лақод розияллоҳу” дегандаги “лом” араб тилида таъкид маъносини, “қод” эса таҳқиқ маъносини англатади. Шунда бу оят “Аллоҳ таоло у мўминлардан рози бўлди, бу аниқ ва унда ҳеч қандай шубҳа йўқ” деган маънони ифодалайди. Демак, саҳобалардан Аллоҳ таоло рози бўлган. Аллоҳ ундан рози бўлган одамни кофир деганларнинг ҳукми нима бўлади, деб ўйлайсиз?! Аллоҳ улардан рози бўлди. Имом Муслимнинг ривоятида келишича, саҳобаларнинг сони бир минг тўрт юздан (1400) ортиқ бўлган. Мана шу кишиларнинг ҳаммасидан Аллоҳ таоло рози бўлган. Аллоҳ рози бўлган одамлар иншааллоҳ жаннатий бўлади. Қолаверса, оятнинг давомида Аллоҳ таоло уларнинг қалбидаги нарсани билгани айтилмоқда, яъни Аллоҳ таолонинг рози бўлиши саҳобаларнинг зоҳирига, фақат ташқи кўринишига қараб бўлмаган. Уларнинг қалбларидаги иймон-ихлосни Аллоҳ таоло билди. Одамлар бир кишидан рози бўлишлари учун унинг зоҳиридаги бир аломатига қарашади. Шунинг учун бировни мақтамоқчи бўлсак: “Бу кишини яхши одам деб ўйлайман, билишимча, бу одам яхши инсон”, деб гувоҳлик берамиз. Лекин Аллоҳнинг гувоҳлик бериши инсоннинг қалбидаги нарсадан келиб чиқиб бўлади. Бу нарса саҳобалар учун катта шараф саналади. Аллоҳ улардан ҳаётлик чоғларидаёқ рози бўлди. Демак, бизнинг, яъни аҳли суннат ва жамоатнинг саҳобалар тўғрисидаги эътиқодимиз шуки, саҳобалар Аллоҳ таоло улардан рози бўлган пок қалбли инсонлар бўлишган.

Имом Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ юқоридаги оятни айтиб: “Мана шундан кейин бирор киши саҳобалар тўғрисида тўхталиб қолиши мумкин эмас” – деган эканлар. Шунингдек, уларнинг дину диёнатлари, адолатлари борасида шубҳа қилиш мумкин эмас. Агар кимда ким саҳобаларнинг адолатига шак-шубҳа қилаётган бўлса, демак, у мана мазкур оят маъносини тўғри тушунмаган бўлади.

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг