Сийрат: арабларнинг келиб чиқиши

0

Арабларнинг келиб чиқиши ва уларнинг маданиятлари

Арабларнинг келиб чиқиши

Тарихчилар арабларни сулолалаларига қараб, уч қисмга ажратишган:

Боида (йўқ бўлиб кетган) араблар

Од ва Самуд қабилалари, шунингдек, Амолиқлар, Тасм, Жадис, Умайм, Журҳум, Ҳазрамавт араблари йўқолиб кетган араблар қисми остига киришади. Улар ислом дини келишидан олдин бутунлай қирилиб кетишгани сабабли бу ном билан аталишган. Бу туркумдаги араблар ўз вақтида катта подшоҳликлар остида Шом ва Миср давлатларини бошқаришган[1].

Ориба (Соф) араблар

Улар Яъруб ибн Яшжуб ибн Қаҳтоннинг авлодлари. Улар Қаҳтонийлар[2] ёхуд жануб араблари[3] номи билан танилишган. Яман, Маин, Сабаъ, Ҳимяр[4] мамлакатлари соф араблардан саналади.

Адноний араблар

Улар Исмоил алайҳиссаломнинг авлодидан саналган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг катта боболари Адноннинг зурриёдлари. Уларга мустаъраб, яъни араблашган араблар ҳам дейилади. Чунки улар аслида соф араб бўлмай, кейинчалик араблашишган. Бу қисм остидаги араблар шимол араблари деб ҳам аталишади. Уларнинг асл ватани Макка бўлиб, Исмоил алайҳиссалом ҳамда ўша ердаги Журҳум қабиласидан тарқалишган. Араб қабилалари Адноннинг зурриёдларидан, тўғрироғи ўғли Маад ва набираси Наззор ҳамда Наззорнинг икки ўғли Музар ва Рабиадан тарқалишган.

Рабиа ибн Наззорнинг фарзандлари шарқ тарафда кўпайишиб, Абдулқайс Баҳрайнда, Ҳанийфа Ямомада, Бани Бакр ибн Воил қабиласи эса Баҳрайн билан Ямома ўртасида яшашган. Тағлиб Фуротдан ўтиб, Дижла билан Фурот ўртасига, Тамим эса Басра чўлларига жойлашади[5].

Музарнинг фарзандларига келсак, Салим Мадина яқинига, Сақиф Тоифга, Ҳавозинларнинг қолганлари эса Макканинг шарқий қисмига, Асад Таймонинг шарқидан Кўфанинг ғарбий қисмигача бўлган жойларга, Зубём билан Абас эса Таймодан Ҳўронгача[6] бўлган минтақаларга жойлашдилар.

Арабларни Адноний ва Қаҳтонийларга тақсимлаш масаласида насабшунос олимлар ўртасида хилоф йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Музар қабиласидан чиққанлар. Бу ҳақда Кулайб ибн Воил шундай ривоят қилади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўгай қизлари Зайнаб бинти Абу Салама ҳадис айтиб берди. Мен ундан: “Нима деб ўйлайсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Музар қабиласидан бўлганларми?” – деб сўрадим. Шунда у: “Бошқа қайси қабилан бўлсинлар, Музар қабиласи Бани Назр ибн Кинона уруғидан бўлганлар” – деб жавоб берди” (Бухорий (3491) ривояти).

Қурайш қабиласи Кинона Қабиласидан тарқалган. Қурайшликлар Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинонанинг фарзандлари бўлади. Қурайшнинг ўзи ҳам бир неча кичик қабилаларга бўлиниб кетган. Бу қабилаларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: Жумаҳ, Саҳм, Адий, Махзум, Тайм ва Зуҳра. Шунингдек, Қусай ибн Килобнинг уруғлари ҳам Қурайшдан саналади. Улар: Абдуддор ибн Қусай, Асад ибн Абдулуззо ибн Қусай ҳамда Абдуманоф ибн Қусайлардир. Абдуманофнинг зурриёдлари тўрт уруғдан тарқалишган: Абдушамс, Навфал, Мутталиб ва Ҳошим. Ҳошим эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг боболари, яъни дадалари Абдуллоҳнинг дадаси бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло Исмоил фарзандлари орасидан Кинонани, Кинона орасидан Қурайшни, Қурайш орасидан Бани Ҳошимни, Бани Ҳошим орасидан мени танлаб олди” (Муслим (2276) ривояти).

Давоми бор

[1] “Ассийратун набавийя”, 1/47.

[2] “Фиқҳус сийрат”, 45-бет.

[3] “Мадхал лифаҳмис сийрат”, 98-бет.

[4] “Ассийратун набавийя”, 1/47.

[5] “Мадхал лифаҳмис сийрат”, 98-99-бет.

[6] “Аттарийқу илал мадоин”, 40-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг