Шиалашиш босқичлари

0

Олдинги мақолаларимизда айтиб ўтганимиздек, шиа сўзининг маъноси тарафдор дегани. Али розияллоҳу анҳу билан Муовия розияллоҳу анҳу ўртасидаги фитналар бошланган вақтда Али розияллоҳу анҳуни халифаликка лойиқ, у кишига қарши чиққанларни нотўғри,  уларни куч билан бўлса-да, бу йўлдан қайтариш керак, деб билганлар ўша вақтда ҳақиқатдан ҳам Али розияллоҳу анҳуга тарафдор бўлишган. Шуни яхши билиб олишимиз лозимки, бу тарафдорликнинг шиаликка ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки аксар саҳоба ва тобеинлар шу фикрда бўлишган. Бироқ улар мухолиф томонни кофир дейишмаган.

Вақтлар ўтиб, Али розияллоҳу анҳуни бошқа саҳобалардан афзал дейдиган тоифа пайдо бўлди. Али розияллоҳу анҳу бу хабарни эшитиб, қаттиқ ғазабланди, бу фикрдагиларга туҳматчининг жазоси қўлланишини эълон қилди.

Бу шиаликнинг илк босқичи саналади. Бу фикрдагилар жуда ҳам инсофли бўлиб, ўз мухолифларини кофир дейишмаган, биронта саҳобийни ҳам ҳақорат қилишмаган. Уларнинг ягона хатолари шуки, Али розияллоҳу анҳуни ўзидан олдинги халифалардан афзал деб билишган. Баъзи фикрларга кўра, “Мусаннаф” китобининг муаллифи муҳаддис Абдурраззоқ ҳам шу фикрда бўлган. Муҳаддислар ровийлар ҳақида сўзларига назар солсак, уларнинг: “Унда шиалик фикрлари бор эди” ёки “Шиаликка моил эди” деган гапларга кўзимиз тушади. Уларнинг “шиалик” деган сўзларидан мана шу нарса назарда тутилган.

Бора-бора шиалар ҳаддиларидан ошиб, ҳақдан узоқлашавердилар. Абдуллоҳ ибн Сабаънинг эккан уруғи ўз “меваси”ни бера бошлади: саҳобаларни ҳақорат қилиб, уларни кофир дейдиган “тарафдор”лар, яъни ҳақиқий шиалар чиқа бошлади. Улар Салмон Форисий, Абу Зар, Миқдод, Аммор ибн Ёсир ҳамда Ҳузайфа каби (Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин) баъзи саҳобаларни тан олишади, холос. Уларнинг фикрларига кўра, Ғадийри Хум деган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга ўзларидан кейин Али розияллоҳу анҳуга байъат қилишни амр этган эмишлару, лекин саҳобалар бу васиятга хиёнат қилишган эмиш. Шу даъво билан улар Ғадийри Хумда иштирок этган барча саҳобийларни кофир дейишади. Бу фитнанинг асосчиси ҳам ўша лаънати Абдуллоҳ ибн Сабаъ бўлган. У бу бидъат гапни тарқата бошлаганида Али розияллоҳу анҳу уни сургун қилиб юборган.

Шу ўринда Ғадийри Хум ҳақида бироз маълумот бериб ўтайлик: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажжатул вадодан қайтишларида Ғадийри Хум[1] деган жойда саҳобаларга хутба қилганлар. Бу ҳақда Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка билан Мадина орасидаги Хум деган жойда хутба қилдилар; Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, панду насиҳат қилдилар. Сўнг: “Мен сизларга икки муҳим нарсани қолдирмоқдаман. Бири Аллоҳнинг китоби” – деб, Қуръонга тарғиб қилдилар. Сўнг: “Иккинчиси аҳли байтим, аҳли байтим борасида сизларга Аллоҳни эслатаман, аҳли байтим борасида сизларга Аллоҳни эслатаман, аҳли байтим борасида сизларга Аллоҳни эслатаман” – дедилар” (Муслим (2408) ривояти). Зайд розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари ҳам у кишининг оилаларига киради. Бироқ бу ерда садақа олиши ҳаром бўлган оилалари назарда тутилмоқда. Улар Али, Ақил, Жаъфар ҳамда Аббосларнинг оиласи, уларнинг барчасига садақа олиш ҳаром қилинган”. Кўриб турганингиздек, бу ерда Али розияллоҳу анҳунинг халифалиги ҳақида ҳеч қандай сўз бўлмаган.

Охир-оқибат шиаларнинг ҳаддидан ошганлари диндан чиқиб кетиш даражасига етиб борди. Улар Али розияллоҳу анҳуни худо дейишди. Абдуллоҳ ибн Сабаъ пайдо қилаётган бу куфр ва бидъат гапларга ишонадиган жоҳиллар ҳам талайгина эди. Баъзи ривоятларда келишича, Али розияллоҳу анҳунинг ўзи уни худо деган бир гуруҳ одамларни ёқиб юборган. Абдуллоҳ ибн Сабаъга берилган жазо келгуси мақолаларимизда батафсил айтилади, иншааллоҳ.

[1] Макка билан Мадина орасидаги Жуҳфага яқин жойнинг номи.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг