Аср намозининг вақти

0

Аср намозининг вақти

Аср намозининг вақти бирон нарсанинг сояси ўша нарсанинг миқдорича бўлганида бошланади. Аср намози вақтининг ниҳояси хусусида эса бир неча ҳадислар келган:

  1. Бундан олдин зикр қилинган Жаброил алайҳиссалом ҳадиси. Мазкур ҳадисда иккинчи куни “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир нарсанинг сояси ўша нарсанинг икки бараварига тенг келган вақтда асрни ўқидилар. Сўнгра Жаброил деди: “Мана шу икки вақт ораси (намоз) вақтларидир[1].

  2. Олдин зикр қилинган Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аср вақти (пешин вақти тугаши билан бошланиб) модомики қуёш сарғайиб қолмагунча давом этади” – деган эдилар.

  3. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким қуёш ботишидан олдин аср намозидан бир ракаат ўқишга улгурса, намозга етган ҳисобланади[2].

Кўриб турганингиздек, биринчи ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аср намозининг охир вақтини ҳар бир нарсанинг сояси ўша нарсанинг икки бараварига тенг келиши, иккинчи ҳадисда қуёшнинг сарғайиши ва учинчи ҳадисда эса қуёшнинг ботиши билан белгиладилар.

Мазкур ривоятларни ўзаро мувофиқлаштириш учун уламолар аср намозининг вақтини бешта вақтга: фазилатли вақт, ихтиёрий вақт, макруҳ бўлмаган жоиз вақт, макруҳ аралаш жоиз вақт ва узрли вақтга тақсимлаганлар.

Имом Нававий шофеий мазҳаби уламоларидан нақл қилиб шундай дейди: “Аср намозининг фазилатли вақти аввалги вақтидир. Ихтиёрий вақт ҳар бир нарсанинг сояси ўша нарсанинг икки бараварига тенг келишига қадар давом этади. Жоиз вақт қуёш сарғайганига қадар, макруҳ аралаш жоиз вақт эса қуёш сарғайган вақтдан тортиб то ботгунга қадар давом этади. Узрли вақт мусофирлиги ёки ёмғир сабаб пешин билан асрни пешин вақтида жам қилиб ўқиган киши учун пешин вақтидир. Мазкур беш вақтда ўқилган аср намози ўз вақтида ўқилган намоз ҳисобланиб, қуёш ботиши билан аср намози қазо бўлади[3].

Қолаверса, қуйидаги ҳадис аср намозини қуёш сарғайиб қолгандан кейинга қадар кечиктириб ўқишнинг макруҳ эканига далолат қилади: Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Бу (яъни қуёшнинг нури суниб, ботишга яқин қолган пайтда ўқилган намоз) мунофиқнинг намозидир; у қуёшни кузатиб ўтиради. Қуёш шайтоннинг икки шохи орасида ботишига оз қолган чоғда ўрнидан туриб тўрт ракаат аср намозини дон чўқиган қуш каби (шоша-пиша) ўқиб олади ва намозда камдан кам Аллоҳни эсга олади[4].

Аср намозини гарчи ҳаво булутли бўлсада эрта ўқишнинг мустаҳаблиги:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуёш баланддан қиздириб турган пайтда аср намозини ўқир эдилар. Намоз ўқиб бўлингач, баъзилар Мадина ён атрофидаги қишлоқларга бориб қайтиб келса-да, ҳануз қуёш баланддан қиздирар, (нури сўнмаган бўлар) эди[5].

Шавконий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ушбу ҳадис аср намозини дастлабки вақтида ўқиш мустаҳаб эканига далолат қилади. Негаки, аср намозини ҳар бир нарсанинг сояси ўша нарсанинг миқдорича бўлган вақтда ўқилсагина, киши аср намозидан кейин қуёш нури сўниб-сарғаймасидан олдин икки-уч мил масофага бориб келиши мумкин[6].

Қуйидаги ҳадис булутли кунда аср намозини эрта ўқиш мустаҳаб эканига далолат қилади:

Абул Малийҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Булутли кунлардан бирида Бурайда билан бирга жанглардан бирида қатнашар эдик. Шунда у деди: “Аср намозини эртароқ ўқинглар, зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким аср намозини тарк қилса, аниқ амаллари бекор кетибди” – деганлар[7].

Эслатма: Аллоҳ таолонинг “Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни сақланглар — ўз вақтида адо қилинглар”, деган сўзидаги “ўрта намоз”дан қайси намоз назарда тутилгани хусусида уламолар турлича фикр билдирганлар. Бу фикрлар ичида энг рожиҳ фикр унинг аср намози эканидир. Бу ҳақда бир неча ҳадислар келган, жумладан:

  1. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аҳзоб жангида шундай деганлар: “Аллоҳ уларнинг (яъни мушрикларнинг) қабр ва уйларини оловга тўлдирсин. Улар бизни то қуёш ботгунга қадар ўрта намоздан машғул қилиб қўйдилар”. Бошқа бир ривоятда: “Улар бизни ўрта намоз – аср намозидан машғул қилиб қўйдилар[8] – дейилади.

  2. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни то қуёш қизаргунча ёки сарғайгунча аср намозини ўқишдан банд қилиб қўйдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бизни ўрта намоз – аср намозидан машғул қилиб қўйишди. Аллоҳ қабрларини оловга тўлдирсин” ёки “Аллоҳ ичлари ва қабрларини оловга тўлдирсин” – дедилар[9].

 [1] Саҳиҳ, Термизий (150), Насоий (1\251) ва Аҳмад (3\ 330, 351) ривоят қилишган.

[2] Бухорий (579), Муслим (608), Абу Довуд (412), Термизий (186) ва Насоий (1/257) ривоят қилишган.

[3] “Найлул-автор”дан (1/388) нақл қилинди. Қаранг: Нававийнинг “Ал-мажмуъ” китоби (3/27).

[4] Муслим (622), Абу Довуд (413), Термизий (160), Насоий (1/254) ва Аҳмад (3/102) ривоят қилишган.

[5] Бухорий (550), Муслим (621), Абу Довуд (404) ва Насоий (1/251-252).

[6] “Найлул-автор” (2/391-392).

[7] Бухорий (553), Насоий (1/236), Ибн Можа (694) ва Аҳмад (5/345, 357) ривоят қилишган.

[8] Бухорий (2931, 4111, 4533), Муслим (627), Абу Довуд (409), Термизий (2984), Насоий (1/336) ва Ибн Можа 684) ривоят қилишган.

[9] Муслим (628), Термизий (179), Ибн Можа (686) ва Аҳмад (1/403) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг