Пайғамбар уйида бир кеча: ўнинчи аёлнинг ҳикояси

0

Ўнинчи аёл эри ҳақида шундай деди: “Эримниннг исми Молик. Биласизми, ким Молик?! Таърифига тил ожиз Молик. Кўпдир унинг туяси, аксари турар уйда, баъзилари яйловда. Эшитса гар туялар дўмбиранинг овозин, кутгайлар ўлимларин”.

Бу аёлнинг эри Молик исмли киши бўлиб, жуда ҳам саховатли бўлган. Аёл эрини таърифлашга тил ожиз эканини айтиб мақтамоқда.

Кўпдир унинг туяси, аксари турар уйда”, дея сўзини давом эттирди ўнинчи аёл. У бу билан эри бадавлат бўлиши билан бирга сахий эканини айтмоқда. Унинг айтишича, эри меҳмон келиб қолса сўйишга ҳеч нарса топмай қолишидан чўчиб, аксар туяларини уйда сақлар, баъзиларини яйловга чиқарар экан. Бу аёлнинг эри уйига меҳмон келса, хурсандчилик қилиб, дўмбира чалиб кутиб оларкан. Уйда қолган туялар меҳмон келганида бирма-бир сўйилаверганидан дўмбира овозини эшитишса, қай бирлари сўйилишини билмай, ҳаммалари ўлимга тайёр туришар экан.

Баъзилар бу ҳадисни мусиқанинг ҳалоллигига далил қилишган. Уларнинг фикрларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳикояни эшитиш асносида дўмбиранинг ҳаром эканини айтиб ўтмаган ва у зотнинг бу ишга муносабат билдирмаганлари унинг ҳалол эканига далил бўлар экан. Лекин бу мутлақо нотўғри хулоса. Чунки бу ҳикояда тилга олинган аёллар жоҳилиятда яшаб ўтишган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳикоядаги ҳеч қайси воқеа ёки сўзга изоҳ бермадилар. Ҳатто баъзи аёллар эрларини ғийбат қилишди. Бундан ғийбат қилиш ҳам ҳалол, деган гап чиқмайди. Қолаверса, мусиқа ҳаром эканига бошқа очиқ далиллар бор. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган қуйидаги ҳадис шулар жумласидан: “Умматимдан зино, ипак ҳамда мусиқани ҳалол дейдиган инсонлар чиқади”. Бу ҳикояда айтилган кишилар жоҳилиятда яшаб ўтишган.

Иншааллоҳ, келгуси мақолаларимизда ҳадиснинг бош қаҳрамони Умму Зарнинг ҳикоялари билан танишамиз.

 (Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг