Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Холиқ ва Халлоқ исмларининг маъноси

0

Холиқ ва Халлоқ исмлари араб тилидаги “халқ” сўзидан олинган бўлиб, бу сўз икки маънони ифодалайди: бири мавжуд бўлмаган нарсани олдин кўрилмаган маълум бир шаклда пайдо қилиш-яратиш, иккинчиси эса ясаш, ўлчаш ва бичиш.

Аллоҳ таолонинг Холиқ исми Қуръонда ўн бир марта келган, жумладан:

1)    “У Аллоҳ Холиқ, Борий ва Мусаввирдир” (Ҳашр: 24).

2)    “Яратувчиларнинг энг яхшиси бўлмиш Аллоҳ хайр-баракали зотдир” (Мўъминун: 14).

3)    “Сизлар ўзингиздан чиқадиган манийга бир назар солмайсизларми?! Уни ўзингиз яратиб, одам шаклига келтирасизми ёки биз яратамизми?!” (Воқеа: 58-59).

Аллоҳ таолонинг Халлоқ исми эса Қуръонда икки ўринда зикр қилинган:

1)    “Албатта Раббингиз Халлоқ ва Алиймдир” (Ҳижр: 86).

2)    “У Халлоқ ва Алиймдир” (Ёсин: 81).

Юқорида айтиб ўтганимиздек, “холиқ” сўзи яратувчи ҳамда ясовчи ёхуд бичувчи маъноларини ифода қилади. Аллоҳ таолонинг Холиқ исми ҳар иккала маънони ҳам ўз ичига олади. Холиқ исми биринчи маънода ишлатилганида бутун борлиқни олдин мисли кўрилмаган шаклда яратган, йўқдан бор қилган зот маъносида бўлади. Бу ҳақда Хаттобий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Холиқ – бир нарсани мисли кўрилмаган шаклда яратган, пайдо қилган дегани. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Аллоҳдан бошқа биронта яратувчи борми?!” (Фотир: 3) – деган. Холиқ сўзи иккинчи маънода ишлатилганида эса коинотдаги нарсаларни бир ҳолатдан иккинчи бир ҳолатга кўчирувчи маъносини ифодалайди. Аллоҳ таоло бутун борлиқни йўқдан бор қилгани ҳақида шундай дейди: “Албатта биз барча нарсани тақдир-ўлчов билан яратдик” (Қамар: 49), “Мана бу Аллоҳ яратган нарсалардир. Қани, менга Аллоҳдан бошқалар яратган нарсаларни кўрсатингларчи?!” (Луқмон: 11). Исо алайҳиссаломнинг: “Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясаб, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни ила у ҳақиқий қушга айланади…” (Оли Имрон: 49) – деган сўзларида ҳамда Аллоҳ таолонинг: “Яратувчиларнинг энг яхшиси бўлмиш Аллоҳ хайр-баракали зотдир” (Мўъминун: 14) – деган сўзидаги “халқ” сўзи иккинчи маънода қўлланилган.

Юқорида фақат Аллоҳ таолонинг Холиқ исми ҳақида сўз юритдик. Зеро, Холиқ билан Халлоқ исмлари орасида катта фарқ йўқ. Халлоқ – яратиши давомий, тўхтаб қолмайдиган зот маъносини ифодалайди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг