Лотерея ўйнаш жоизми?

1

Савол:

Лотерея ўйнаш жоизми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, лотерея ўйнаш қиморнинг бир туридир. Зеро, инсон фойда қилиши ёки қилмаслиги номаълум бўлган ҳар қандай олди-берди ёки ўйинларда иштирок этиши қимор саналади.

Абул Бақо Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Ютган инсон ютқазганлардан бирон нарса олиб ўйналадиган ҳар бир ўйин қимордир” [“Куллиёт”, 702-бет].

Демак, лотерея ўйнаш ҳам қимор ҳисобланади. Чунки унда ютган инсон бошқаларнинг лотерея сотиб олиш учун сарфлаган маблағи ҳисобидан ютуқ олади. Аллоҳ тоало қимор ўйнашни ҳаром қилиб шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор ўйнаш, бутларга сиғиниш ва ёйлар билан фолбинлик қилиш шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир.  Шундай экан, нажот топишингиз учун уларнинг хар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!  Энди тўхтарсизлар!” [Моида: 90-91]. Аллоҳ таоло қимор ўйнашни катта гуноҳлар билан бир қаторда зикр қилгани ва уни шайтон амалидан, деб васф қилгани боис уламолар қимор ўйнашни гуноҳи кабира деб айтишган.

 Шунингдек, қимор ўйнаш ўзгаларнинг мол-мулкини ҳаром йўл билан ўзлаштиришдир. Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй мўминлар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ йўллар билан емангиз!” [Нисо: 29]. Имом Бағавий роҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида шундай деган: “Оятдаги ноҳақ сўзидан мақсад ўзгаларнинг мол-мулкини судхўрлик, қимор, қароқчилик ва ўғрилик каби ношаръий йўллар билан емасликдир” [“Тафсири Бағавий” 2/199], валлоҳу аълам. Аллоҳ таоло барчамизни ҳалол ризққа интилувчилардан қилсин!

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

  1. Amway companiyasida ishlash halolmi?

    Amway peramidaga assoslangan tijorat kompaniysidir. Unda savdo sotiq bilan shugillanadi. Narsalar attorlikvyuli bilan sotiladi. Oldinroq boshlagan odam keyingi kelgan odamning savdosidan foiz oladi va shuning hisobiga eng oldin klganlar ishlamasdan pul olaveradi. Kup musulmonlar shu shubhali kompaniyada ishlashadi,nedirki kimdir Amwayda ishlash halol deb fatvo bergan ekan Amerikada.
    Iltimos bu borada ikkilangan musulmonlarning shubhalarga barham beruvchi dalillar asaidagi javobingiz uchun Olloh rozi bulsin
    Assalomu alaykum
    Abdulloh

Изоҳ қолдиринг