Ботинийларнинг номлари ва уларга бу номлар берилишининг сабаблари (1)

0

Мусулмонларни ботил эътиқоддаги бу тоифадан огоҳлантириш мақсадида уларга турли хил номлар берилди. Улар бу исмларнинг баъзиларини қабул қилиб, баъзиларини эса тан олишмаган. Уларга қуйидагича номлар берилган:

1) Ботинийлар

Бу тоифа оят ва ҳадисларнинг зоҳири ва ботини бор, зоҳири данакнинг пўстлоғи бўлса, ботини унинг мағзидир, деб даъво қилишгани учун бу номни олишган.

2) Исмоилийлар

Улар ўзларини Исмоил ибн Жаъфари Содиққа нисбат беришгани учун бу номни олишган. Уларнинг даъволарига кўра, Жаъфари Содиқ вафотидан кейин ўғли Исмоил имом бўлишини васият қилган эмиш. Насаб олимлари Исмоил ҳижрий 145 йил, отаси ҳаётлик чоғидаёқ вафот этганига иттифоқ қилишган бўлсалар-да, ботинийлар буни тан олишмайди. Уларнинг айтишича, Жаъфари Содиқ ўғлини имом бўлишини айтганидан кейин, ўша даврдаги Аббосийлар халифаси тахтидан қўрқиб, Исмоилни ўлгани ҳақида ёлғон хабар тарқатган ва унинг ҳаёт эканини яширган ва уни Саламийя[1] шаҳрига кўчириб юборган. Исмоилийларнинг ботил эътиқодларига кўра, вақтлар ўтиши билан Аббосий халифа Исмоил ҳаёт эканидан хабар топган ва Исмоил Саламийяни тарк қилиб, аввал Дамашққа, сўнг эса Басрага кетишга мажбур бўлган. У бу вақт мобайнида турли минтақаларда бошқа-бошқа исмлар билан яшаган ва ҳижрий 158 йилда вафот этган. Бу муддат ичида у Муҳаммад, Али ҳамда Фотима исмли фарзандлар кўрган.

Исмоилийлар шу масалада шиаларнинг ўн икки имомийлар тоифасидан ажралишади. Чунки шиалар наздидаги имомлар Жаъфари Содиқдан кейин Мусо Козим бўлса, исмоилийлар эътиқодида Жаъфари Содиқдан кейин ўғли Исмоил, кейин эса унинг ўғли Муҳаммаддир. Шу тариқа ислом тарихида янги бир тоифа вужудга келади. Бугунги кунимиздаги исмоилийлар катта уч қисмга бўлинишган:

  1. Дурузлар;

  2. Наззорий исмоилийлар;

  3. Оғахон исмоилийлар.

Исмоилийлар ҳақида Шайх Эҳсон Илоҳийнинг “Исмоилийлар – тарих ва эътиқод” номли алоҳида китоби бор.

 (Давоми бор)

[1] Саламийя Суриядаги Ҳамо шаҳрининг қишлоқларидан бири бўлиб, Ҳамодан 35 км узоқликда, унинг жануби шарқий томонида жойлашган ва у исмоилийларнинг марказларидан бири ҳисобланади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг