Бенамозга қиз бериш жоизми?

0

Савол:

Фосиқ одамга қиз берса бўладими? Куёвнинг фосиқ эканини, яъни унинг ароқ ичиши, намозни ташлаб қўйиши ва шу каби ишларини била туриб, буни келин тарафдан яшириш мумкинми? Бу нарса бўлажак келинга зулм эмасми?

Жавоб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Унинг Расулига ҳамда саҳобалари ва аҳли байтларига дуруду саловотлар бўлсин!

Аввало, бенамоз ҳақида; инсон агар намозни фарзлигини инкор қилиб, қасддан тарк қилса кофир бўлади. Фарзлигини инкор этмаса-да, ялқовлик қилиб тарк этган киши эса қаттиқ гуноҳкор бўлади. Унга бериладиган ҳукм шуки, тавба қилиб, намозга қайтишга буюрилади. Агар қайтмаса, то тавба қилиб, намозга қайтгунига қадар қамаб қўйилади. Аллоҳ таоло дўзах аҳли ҳақида айтади:(Фаришталар дўзах аҳлига): “Сизларни нима Сақарга киритди?”, (деганларида), улар айтурлар: “Биз намоз ўқигувчилардан бўлмаган эдик”  (Муддассир: 42-43).

Бенамоз фосиққа қиз бериш жоиз эмас. Чунки никоҳда эр-хотин ўртасида дину диёнатда тенглик талаб қилинади. Бенамоз фосиқ эркак намозхон солиҳа аёлга асло тенг бўла олмайди. Динини, ибодатини эҳтиром қилмайдиган бундай кимса ибодатли солиҳа аёлни қадрлай олмайди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар сизларга дину диёнати ва ахлоқи манзур бўлган киши қизларингиз (ёки қариндошларингизнинг қизлари)дан бирининг қўлини сўраб келса, албатта қизингизни унга турмушга беринг. Аксинча, қизингизни унга турмушга бермасангиз, (балки фақат бой-бадавлат ёки мансабдор кишиларгагина турмушга берсангиз, у ҳолда, эҳтимол кўпчилик йигитлар хотинсиз, қизлар эса эрсиз қолади ва фаҳш ва бузуқликларга йўл очилади. Охир-оқибат,) ер юзида фитна ва катта фасод юзага келади[1].

Ушбу ҳадис турмуш қуришдаги муҳим бир асосни, яъни эр-хотин ўртасидаги дину диёнатда тенглик-уйғунлик тамойилини баён қилиб беради. Бенамоз фосиқ кимса солиҳа намозхон аёлнинг тенги эмас.

Хуллас, ота қизини бенамозга турмушга берса ҳаром амалга қўл уриб, гуноҳга ботади. Шаъбий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Қайси бир ота ўз қизини фосиққа турмушга берса, у билан силаи раҳмни узибди” (“Шуабул иймон”, 8334-асар). Куёвни фосиқ, бенамоз эканини била туриб, буни келин томондан яшириш катта гуноҳ ҳамда бўлажак келинга зулм ва хиёнатдир. Бу борада адолатли бўлиш, маслаҳат сўралган кишидан ҳар икки томоннинг хато ва камчиликларини тўғри баён қилиш талаб қилинади. Аллоҳ таоло айтади: Албатта Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва тажовузкорликдан қайтарур. У Зот шояд ибрат-эслатма оласизлар, дея сизларга панд-насиҳат қилур (Наҳл: 90).

Келин ёки куёв танлашда эътибор бериш зарур бўлган ишлар билан яқиндан танишиш учун саҳифамиздаги “Куёв танлаш” ҳамда “Қаллиқ танлаш” мақолаларига мурожаат қилишингиз мумкин. Аллоҳ ҳаммамизни Ўзининг тўғри йўлида собит қадам қилсин!

[1] Шавоҳидлари билан ҳасан ҳадис. Термизий (1084), Ибн Можа (1967) ва Табароний “Авсат”да (1/141) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний “Ат-тарғиб”да (3090) ҳасан деган.

Изоҳ қолдиринг