Умар розияллоҳу анҳу: даъват йўлидаги жасорати

1

Умар розияллоҳу анҳу исломни чексиз ихлос билан қабул қилди ва бу динни тарқатиш йўлида бор имкониятини ишга солди. Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деди:

– Ё Расулуллоҳ, биз ўлсак ҳам, қолсак ҳам ҳақ динда эмасмизми?

– Ҳа, жоним қўлида бўлган зотга қасамки, сизлар ўлсангиз ҳам, қолсангиз ҳам ҳақ диндасизлар, – жавоб бердилар Расули акрам.

– Унда нега беркиниб юрибмиз?! Сизни ҳақ дин ила Пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, даъватни ошкора қилишингиз лозим.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватни ошкора қилиш вақти етганини, мусулмонлар ўзларини ҳимоя қила оладиган кучга эга бўлишганини ҳис қилдилар ва даъватни ошкора қилишга рухсат бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки саф мусулмонлар билан Каъба томонга юриб, ҳарамга кирдилар. Бир  сафнинг бошида Ҳамза розияллоҳу анҳу, иккинчида эса Умар розияллоҳу анҳу турар эди. Бу ҳолатни кўрган Қурайшнинг “тарвузи қўлтиғидан тушди”. Шу воқеадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳуни Форуқ, яъни ҳақ билан ботил ўртасини ажратувчи деб атадилар[1].

Умар розияллоҳу анҳу Макка мушриклари билан талашиб-тортишиб, бир гуруҳ мусулмонлар билан Каъбада намоз ўқиди. У дин душманларига қўлидан келганича зарар етказишга ҳаракат қилди. Келинг, бу ҳақда унинг ўзидан эшитайлик:

“Бирон бир мусулмоннинг хорланишини истамасдим. Тоғам Абу Жаҳлникига бориб, эшигини тақиллатдим. Ичкаридан овоз келди:

– Ким у?

– Мен Умарман, дедим. Олдимга чиққанида унга шундай дедим:

– Эшитдингизми, мен исломни қабул қилдим?

– Ростданми?!

– Ҳа.

– Унақа қилма.

– Қиламан.

– Қўй, унақа қилма!

Шундай дея, Абу Жаҳл уйига кириб кетди. “Бўлмади”, дедим-да, Қурайшдаги бошқа бир обрўли кишининг уйига бориб, эшигини қоқдим. Ичкаридан овоз келди:

– Ким у?

– Мен Умарман, дедим. Олдимга чиққанида унга шундай дедим:

– Эшитдингизми, мен исломни қабул қилдим?

– Ростданми?!

– Ҳа.

– Унақа қилма, деди-да, у ҳам уйига кириб кетди.

Шунда бир киши менга: “Агар исломга кирганингни эълон қилмоқчи бўлсанг, одамлар йиғилганида Жамил ибн Муаммарнинг олдига бориб, унга исломни қабул қилганингни айт”, деб маслаҳат берди. Мен шундай қилдим; Жамилнинг ёнига ўтириб: “Мен исломни қабул қилганимдан хабаринг борми? – дедим. Шунда у Ҳижрни олдига бориб, бор овози билан: “Одамлар, Умар ибн Хаттоб ҳам айнибди” – дея жар солди. Шунда олдимга одамлар тўпланишди ва мен улар билан муштлашдим”.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо бу воқеа ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Қурайш Умар розияллоҳу анҳу исломни қабул қилганидан бехабар эди. У Жамил ибн Муаммар Қурайш ичида энг кўп гап ташувчи эканини ўргангач, унинг олдига келди. Мен ҳам отамнинг орқасидан эргашиб, нима қилар экан, деб, кузатиб келардим. Ўша вақтларда мен кўрган, эшитган нарсаларимни тушунадиган ёшдаги ёш бола эдим. Отам Жамилнинг олдига келиб: “Жамил, мен исломни қабул қилдим” – дедилар. Аллоҳга қасам, бу гапни эшитган Жамил отамга бир оғиз сўз гапирмай, кийимини судраганча тўғри масжиднинг эшиги олдига бориб, бор овози билан: “Ҳой Қурайшликлар, эшитмадим деманглар, Умар ибн Хаттоб айнибди” – дея жар сола бошлади. Отам эса унинг орқасидан: “Ёлғон айтяпти, мен айнимадим, исломни қабул қилдим, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва Расули эканига иймон келтирдим” – дер эди. Одамлар Умар розияллоҳу анҳунинг устига ёпирилиб келишди. Отам Утба ибн Рабиани ушлаб, унинг устига ўтириб олиб, дўппослай бошладилар. Утба чидай олмай, қичқира бошлади. Буни кўрган одамлар отамдан узоқлашишди. Отам ўрнидан турдилар. Кофирлигида иштирок этган йиғинларига бирма-бир бориб, исломни қабул қилганини эълон қилиб чиқдилар. Қайси қабила унинг яқинига йўласа, уларнинг энг обрўлисини ушлаб олар, шунда одамлар ундан узоқлаша бошлашарди. Шу тариқа қуёш ботгунича отамнинг дўппослашмаган одами қолмади. Охир-оқибат, ҳолдан тойган отам ўтириб қолдилар. Одамлар эса унинг бошига тўпланиб олишган эди. Шунда отам: “Хоҳлаганингларни қилинглар! Аллоҳга қасам, агар биз уч юзта бўлганимизда ё сизларни бу ердан ҳайдаб чиқарар эдик ёки сизлар бизни ҳайдаб чиқарар эдингиз” – деди. Шу пайт башанг кийинган бир киши келиб: “Нима гап?” – деди. “Умар айнибди”, дея жавоб берди одамлар. “Нима қилибди? Инсон ўзига бир дин сақлаши мумкин эмасми?! Нима деб ўйлаяпсизлар, Бани Удай қабиласи Умарни сизларга бериб қўярмиди?!”, деди ҳалиги киши. Одамлар унинг бу гапини эшитгач тарқалдилар. Мадинага келганимиздан кейин мен: “Ота, ўша куни сизни одамлардан ҳимоя қилган киши ким эди?” – деб сўраганимда, отам: “У Ос ибн Воил Саҳмий эди” – дея жавоб бердилар”[2].

(Давоми бор)

[1] “Ҳилятул авлиё” (1/40), “Сифатус сафва” (1/103-104).

[2] Имом Аҳмаднинг “Фазоилус саҳоба” китоби, 1-жилд, 346-бет, санади ҳасан.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

  1. Муслим

    давомин кутиб коламиз Биродарим Аллах кодир килса Мухаммад Саллоллоху Алайхи вас Саллам шафоатин сураса буладими йукми кенг килиб тушунтириб берсангиз оят хадислар билан телеграм гурухга чикарсангиз инша Аллах уша ердан укиб оламан олдиндан Жазака Аллохумма Хойрон!

Изоҳ қолдиринг