Музораба ҳақида

0

Савол:

Икки киши 2500 доллардан ташлаб, бир биродаримизга айлантириши учун 5000 доллар қилиб берган эдик. Ўртадаги шартнома тўрт ой муддатга тузилган эди. Тўрт ойдан кейин у биродар яна қўшимча муҳлат сўради. Орадан яна уч ой ўтиб, кўришганимизда биз берган 5000 доллардан фақат 2800 га товар олганини, шароити бўлмагани учун у товар сотилмай турганини айтди. Энди бизга ўртадаги шартномани бекор қилиб, 5000 долларни тўлиқ қайтариб беришини, фойда-зарарга бизни аралаштирмаслигини таклиф қиляпти. Шунинг ҳукми нима бўлади? Биз пулимизни қайтариб олишимиз жоизми?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Бу турдаги олди-берди шариатимизда “музораба” дейилади. Музорабада бир томон пул берса, иккинчи томон шу берилган пулга иш қилади ва бу пул унинг қўлида омонат ҳисобланади. Иш ўнгидан келиб, фойда бера бошласа, унда шартнома муддати тугагунича фойда ўртадаги келишувга биноан тақсимланаверади. Шартнома ўз ниҳоясига етганида биринчи навбатда музораба учун тикилган пул – сармоя чиқариб олинади ва ундан ортгани фойда деб эътиборга олинади. Борди-ю, иш кўзланганидек самара бермаса, аксинча, зиёнга кирса, у ҳолда пул берган томон пулга, иш қилган томон эса қилган меҳнатига куяди. Иш қилишни зиммасига олган кишини зарарга ҳам шерик қилиш ҳаром ҳисобланади. Чунки омонатни олган киши омонатга жавобгар бўлмайди. Бироқ иш бажарувчи омонатга хиёнат қилиб, ўз вазифасини тўлиқ адо этмаса ва унинг лоқайдлиги туфайли зарар кўрилса, унда иш бажарувчи томон зарарни тўлиқ тўлайди.

Музораба муомаласи шариатимизда жоиз муомалалардан саналади, яъни ҳар икала томон хоҳлаган вақтида шартномани бузиш ҳуқуқига эга. Бироқ шартнома бузилган вақтда пулнинг эгаси товар учун ишлатилмай турган пулни қайтариб олади. Агар пулнинг маълум бир миқдорига товар сотиб олинган бўлса, унда товарнинг сотилиши кутилади. Чунки бу товар сотилганида фойда бўлиши мумкин бўлганидек, зарар ҳам бўлиши мумкин. Шунга кўра, ҳануз сотилмаган товарнинг пулини иш бажарувчи томондан талаб қилиш мумкин эмас. Иш бажарувчининг рози экани бу пулни ундан талаб қилиш жоиз дегани эмас. Зеро, қанчадан-қанча гуноҳ ва ҳаром ишлар борки, улар томонлар розилиги билан содир этилади.

Шунга биноан, саволда айтилган воқеада иш бажарувчи томон лоқайдлик қилмаган бўлса, бозор юришмагани ва ҳоказо бирон жўяли сабабларга кўра товар сотилмай турган бўлса, у ҳолда сизлар унинг қўлидаги 2200 долларни оласизлар ва товар сотилишини кутасизлар. Чунки товар сотилганида фойда бўлиши мумкин бўлганидек, зарар бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Зарар бўлган тақдирда, бу зарарни иш бажарувчи биродарнинг зиммасига юклаш ҳаром саналади. Борди-ю, ишчи биродар ишига лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан ёндашгани туфайли товар сотилмай қолган бўлса, у ҳолда иш бажарувчи биродар пулни тўлиқ тўлаши лозим, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг